Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тақиқдан умуминсоний қадриятгача — Наврўз байрамининг тарихи ва бугуни ҳақида

Тақиқдан умуминсоний қадриятгача — Наврўз байрамининг тарихи ва бугуни ҳақида

Фото: Xabar.uz

Наврўз қарийб уч минг йиллик тарихга эга бўлиб, бугунги кунда 500 миллиондан ортиқ аҳоли томонидан нишонланади.

Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Эрон, Афғонистон, Туркиядан ташқари, Россиянинг Бошқирдистон, Доғистон ва Татаристон ҳудудларида, шунингдек, Албания, Македония, Босния ва Герцеговина, Ҳиндистон, Покистон ва ҳатто Хитойнинг айрим қисмларида ҳам Наврўз байрам қилинади.

Тарихи

Бу кун баҳорги тенглик – 21 март санасига тўғри келиб, табиат уйғониши ва янги ҳаёт бошланишини англатади.

Наврўзнинг илк ёзма манбалари милоддан аввалги II асрга бориб тақалади. Авесто, Абулқосим Фирдавсийнинг "Шоҳнома", Табарийнинг "Тарихи Табарий", Абу Райҳон Берунийнинг "Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар" каби манбаларда бу байрам ҳақида маълумотлар келтирилган. Беруний Наврўзни йилнинг биринчи куни сифатида таърифлаб, унинг табиат уйғониши билан боғлиқ эканлигини қайд этган.

Аббосийлар халифалиги даврида Наврўз расмий байрам сифатида белгиланган, Сомонийлар ва Бувайҳийлар даврида эса унинг нуфузи янада ортган.

Собиқ Иттифоқ даврида Наврўзни нишонлаш тақиқланди. Унга «диний байрам» сифатида баҳо берилиб, эскилик сарқити сифатида қораланди. 

«Афсуски, кўп жойларда сумалак қилинаётган дошқозонларни ағдариб юбориш ҳолатлари ҳам кузатилган. Саллани олиб кел деса каллани оладиган кадрлар кўп эди. Эсимда, 1986−1988 йилларда Наврўзга қарши қаттиқ кураш олиб борилган. Наврўзни йўқ қилиб, унинг ўрнига бошқа (“Навбаҳор” номли) байрамни жорий этиш ғояси илгари сурилган», — дея эслайди байрамшунос Усмон Қорабоев.

1989 йилдан Иттифоқ раҳбариятининг Наврўзга нисбатан муносабати бироз юмшаб, ижобий томонга ўзгарди ва Ўзбекистон ҳамда бошқа Марказий Осиё давлатларида у яна тикланди.

Бетакрор анъаналар

Ҳар бир халқ Наврўзни ўзига хос тарзда нишонлайди.

Халқимиз орасида Наврўзга боғлиқ кўплаб анъаналар сақланиб қолган. Байрам арафасида кўчалар, ҳовлилар ободонлаштирилади, уйлар безатилади.

Сумалак тайёрлаш – бу байрамнинг ажралмас қисми бўлиб, у яхшилик ва қут-барака рамзи саналади.

Меҳмондўстлик – байрам куни одамлар қариндош-уруғларини зиёрат қиладилар, дўстлар ва қўшнилар бир-бирларини табриклаб, дастурхон атрофида йиғиладилар.

Халқ ўйинлари – Наврўз байрамида халқ куйлари ва рақслари ижро этилиб, турли ўйинлар ташкил қилинади.

Спорт мусобақалари – кураш, кўпкари, арқон тортиш ва бошқа миллий спорт турлари байрамга ўзгача шукуҳ бағишлайди.

Тожикистон ва Афғонистонда ҳам сумалак тайёрлаш муҳим маросим саналади. Шунингдек, дастурхонда етти хил таом бўлиши анъанага айланган.

Қозоғистонда “наурыз-көже” деган миллий шўрва тайёрланиб, миллий спорт ўйинлари ташкил этилади.

Қирғизистонда эса сувмалак, бўғирсоқ каби таомлар пиширилиб, кўкбўру (кўпкари) каби миллий ўйинлар ўтказилади.

Эронда Наврўз 13 кун давом этади. Бу ерда ҳафт-син анъанасига кўра, дастурхонга олма, саримсоқ, сирка каби 7 хил нарса қўйилади.

Озарбайжонда Наврўздан олдинги тўрт душанба (сув, оташ, шамол ва ер) куни сифатида нишонланади.

Умуминсоний қадрият

Наврўз кўплаб халқларнинг маданий ранг-баранглиги ва анъаналарини ўзида акс эттирган улуғ қадрият сифатида 2009 йил 30 сентябрда ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси деб қайд этилди.

Бундан ташқари, 2010 йилда БМТ томонидан 21 март — "Халқаро Наврўз куни" сифатида эълон қилинди.

Бош Ассамблея манфаатдор аъзо давлатлар, БМТнинг ихтисослашган тузилмалари ва жамғармалари, дастурлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, нодавлат муассасаларига Наврўзни нишонлайдиган давлатлар тадбирида муносиб иштирок этишга тавсия берди.

Бу байрам нафақат миллий, балки умуминсоний қадриятга айланди.

Бугунги муқаддас кунларда яқинларингиз, айниқса кексалар, хаста ётган кишилар ҳолидан хабар олинг, уларнинг кўнглини сўранг. Шундай меҳрга, мурувватга илҳақ кишиларга Наврўз шукуҳини етказинг.

 Лутфулло Турсунов,

журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг