Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Танкка автоматдан отишади!»: Украинада яраланган ҳарбий хизматчи билан суҳбат

«Танкка автоматдан отишади!»: Украинада яраланган ҳарбий хизматчи билан суҳбат

Россияда сафарбарлик бошланганидан икки ҳафта ўтиб, чақирилганлар ҳеч бир ҳарбий тайёргарликдан ўтмаёқ жанг майдонига  киргани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Расмийлар буни рад этади. Аммо сафарбар қилинганлар орасида қурбонлар ва яраланганлар борлиги аллақачон тасдиқланган. Москва атрофидаги ҳудудда яшовчи, сентябр ойи охирларида хизматга чақирилган икки йигитнинг яқинлари «Сирена» нашрига ёзишди: улардан бири ҳалок бўлган, иккинчиси жароҳатланган, у госпиталда. Тирик қолган аскар яқинлари ва дўстлари билан алоқага чиққан: нашр ярадор билан суҳбатда нималар маълум бўлгани ҳақида ҳикоя қилади.

Сафарбар қилинганларнинг шахсий маълумотлари ошкор қилинмайди — ярадорнинг яқинлари унинг хавфсизлигидан хавотирда. Фақат айтиш мумкин бўлгани: «Сирена» таҳририяти иккала йигитнинг ҳамкасблари ва дўстлари орқали уларнинг шахсини тасдиқлай олган.

— Уни тортиб олишди, у кўп қон йўқолганди, ранги оқариб кетганди. Госпиталгача олиб боришга улгуришмади. Аҳволдан ҳамма, ҳатто кўнгиллилар ҳам ҳайратда. Чеченистон урушларидан ўтганлар бу қандайдир босинқирашга ўхшаш ҳолат — танкка автомат билан отишади, дея таажубланадилар.

— Улар нега бундай қилишади?

— Чунки, ҳаммасига барибир, фарқи йўқ.

Бу сафарбар қилинган ярадор йигит ва ҳамкасби орасидаги суҳбатдан парча. 23 сентябрда йигит бўлимга юборилди, 10 октябрда эса госпиталга ётқизилган. Россия ҳудудида бир ойлик ўқув машғулотини ҳеч ким ўтмаган эди. У билан бир вақтда сафарбар қилинган ўртоғи ҳалок бўлди. Никита ва Николай маҳаллий ширкатлардан бирида бирга ишлашар эди. Чақирув қоғозини ҳам кутишмаган, яқинлари уларни сабр қилиб туришга кўндирмоқчи бўлишган, аммо улар «қамоққа ўтиришни ҳеч ким истамайди, эркакчасига Ватан чақириғига жавоб беришди» (эслатиб ўтамиз, Россияда чақирув қоғози олган, аммо ҳарбий комиссариатга бормаган шахсга жарима қўлланилади) Николай қариндошлари ва ҳамкасбларига қўнғироқ қила олди ва Никита 7 октябрда ҳалок бўлгани ҳақида айтди. Марҳум — ёш йигитнинг аёли ва ногирон боласи қолди. Улар ижара уйда яшашади. Николай эса фронт чизиғидан бир неча километр масофада — Луганск вилоятидаги Сватово госпиталига ётқизилган.

Ҳалок бўлган Никита.

«Сирена» тасарруфидаги телефон суҳбати аудоёзувида Николай у билан сафарбар қилинганларнинг ҳаммаси Таман дивизияси бошқараётган 27-бригадага тушганини айтган. 16 сентябрда бу дивизиядагилар Украина чегарасига ташлангани ва урушга жўнатиш талаби ёзилган шартномани имзолашга мажбурланиши хабар қилинганди. Урушнинг бошланишида бу полкдан ҳам чақирилувчилар Украина ҳудудига киришган ва ҳалок бўлишган.

«Сафарбар қилинганлар тўпланган 27-бригадада чалкашликларнинг боши-охири йўқ. Жангдан фақат гўшт қайтади. Баъзиларини ҳатто таниб ҳам бўлмайди, куйиб кетган, бирининг юзи йўқ, бошқасида боши», — деган ҳамкасбларига Николай.

Унинг сўзларига кўра, жанг бошланиши билан қўмондонлик рота тасарруфидаги ҳудудни тарк этади. Ҳарбийлар ва сафарбар қилинганлар қуршовдан тўғри келганича, тасодиф ёки бир иложини қилиб чиқади: «Одамларни ташлайдилар, кейин оловга қалқон бўлганлари, ҳужумни ушлаб турганларини айтадилар ва уларга «юлдузчалар» тақдим этилади».

Жангда лагердан чекиниш пайтида Николай ва яна тўрт кишини шунчаки унутишди: «Агар алоқа воситали киши бўлмаганида биз ўша лагерда қолардик. Биз у ердан бир аҳволда чиқдик, кейин, 5-10 дақиқадан сўнг лагер олов ичида қолди: артиллерия, танклар, миномётлар» — дейди у.

Жароҳат олган ва ҳамкасбини йўқотган йигит госпиталга ётқизилди. Унинг айтишича, ўлганларни «дарров бошқа жойга жўнатишган», ярадорларнинг олдига эса «қандайдир полковник» келган. У фронтга қайтмаганларни дезертирлик айби билан қаматтиришини айтиб, таҳдид қилган. Сафарбар қилинганлар унга госпиталга аввал тушганлар жанг ҳудудига қайтадан мажбурлаб юборилганини айтишган.

Сафарбар қилинганларнинг ота-оналари ва дўстлари уларга ёрдам беришга ҳаракат қилишмоқда: юристлар билан маслаҳатлашишган, шикоятлар ёзишган. Мудофаа вазирлигида Николайнинг яқинларига иккала йигит ҳам «Наро-Фоминскда ўқишда», дейишган. Шаҳар маъмуриятида эса улар Наро-Фоминскка ўқишга жўнатилгандан сўнг қаерда экани ҳақида маълумотга эга эмасликларини маълум қилишган. Хуллас, Николай ҳамон Украинанинг босиб олинган ҳудудида қолмоқда. Унинг сўзларига қараганда, қочиш мушкул, ҳудуд қўриқланади. Ҳозирча у телефон сотиб олиш ва бўлиб ўтаётган воқеаларни видеога олишни уддалади.

Фронтда сафарбар қилинганлар кўпми?

Ваъда қилинган бир ойлик ўқув-машғулоти ўрнига эркаклар дарҳол фронтга жўнатилиши сентябр ойининг охирларида маълум бўлди. Хабарлар видеоёзувлар билан тасдиқлаганда, расмийлар у ерда одамлар «машғулот»да бўлганини маълум қилди. Айни вақтда Украина қуролли кучларининг қарши ҳужуми давом этаётган Донецк, Луганск ва Херсон вилоятларида сафарбар қилинганлар борлиги ҳақида ишончли маълумотлар бор. Куни кеча ҳудудий ҳокимият урушда ҳалок бўлган сафарбарларни — Челябинск вилоятидан бирданига беш нафар йигит ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.

Егор Чеботарёв.

Липецклик Егор Чеботарёв украиналик блогерга Сватово фронтига ҳеч бир тайёргарликни ўтамай келганини айтган. Айни пайтда фронт чизиғида йигирмага яқин сафарбар қилинган одамлар, жумладан, ўлганлар, ярадор бўлганлар ва асирга тушганлар борлиги маълум. Улар бўлиб турган манзиллар ҳақида гап кетганда Сватово кўпроқ тилга олинади. Сватово — Луганск вилоятининг босиб олинган қисмидаги кичик шаҳарча.

«Осторожно Новости» канали эса чақирув қоғози олганидан 11 кун ўтиб, Сватовода бўлган москваликлар видеосини эълон қилган: видеотасвирда аскарлар уларга ҳатто отишни ўргатишмаганини гапиришган. Украина томони ҳам Сватовода сафарбар қилинганлар борлигини тасдиқлайди.

Ҳарбий таҳлилчи Ян Матвеев сафарбар қилинганлар жангга тайёргарликсиз олиб кирилаётгани ва бу ҳолат нега айнан Сватово билан боғлиқлигини тушунтиради: «Барча таҳлилчилар Сватово муҳим ва асосий нуқта эканлиги борасида ҳамфикр. Харитага қарашнинг ўзи кифоя, Луганск вилоятига кириладиган ягона, рисоладагидек йўл айнан шу шаҳар орқали ўтади. Сватово бу — Украина қуролли кучларининг яқин орадаги мақсади, Путинга эса шаҳарни сақлаш муҳим. У ерда қаттиқ жанглар бўлади. Путин армияси мумкин қадар захираларни, жумладан, сафарбар қилинганларни ҳам Сватовога ўтказмоқда. Аммо бу ёрдам бериши даргумон. Украиналиклар шаҳарни ўраб олишга ва рус бўлинмаларини қуршов ичида қолишдан қочиб чекинтиришга ҳаракат қилишади. Сватово аллақачон ўққа тутилмоқда ва бу ҳужумлар янада кучаяди».

12 октябр тонгидаги жанглар харитаси. Сватово — тепа ўнг бурчакда.

Матвеев сафарбар қилинганлар Россия томонига бирор бир фойда келтиришига ишонмайди: «Ёмон ўқитилган аскарларларнинг аксарияти фронтга фойда келтирмайди. Ҳа, бу қоғоздаги «тешиклар»ни ямашга қўл келади, холос, амалда эса бундай бўлинмалар, шунчаки билмагани учун ҳам, ёмон жанг қилади. Шундай экан, биринчи навбатда сафарбар қилинганлардан катта йўқотишлар бўлишини кутиш керак».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг