Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Таниқли исломшунос профессор Франсуа Дерош «114 Қуръон» лойиҳасида иштирок этади

Таниқли исломшунос профессор Франсуа Дерош «114 Қуръон» лойиҳасида иштирок этади

Колледж де Франс профессори, таниқли қуръоншунос ва палеограф олим Франсуа Дерош Ўзбекистон тарихига оид ноёб Қуръон қўлёзмаларини қайтариш бўйича «114 Қуръон» лойиҳасида иштирок этиши маълум бўлди. Бу шарқшунос олим Тошкентда бўлиб ўтаётган Маданий мерос ҳафталигида маълум қилди.

Бунгача у шовшувларга сабаб бўлган Катта Лангар Қуръонининг топилишида ва Санкт Петербургдаги фрагментлар Сурияга эмас айнан Ўзбекистонга тегишли эканини исботлашда катта рол ўйнаган эди. 8-аср охирига тегишли Катта Лангар Қуръони қўлёзмаси Ўзбекистон ҳудудидан топилган энг қадимий ва ноёб Қуръон нусхаси ҳисобланади ва бугунги кунда унинг тарқалиб кетган фрагментлари факсимиле нусхалари Ўзбекистонга қайтарилмоқда.

«Ўзбекистонга тарихий қўлёзмаларни излаш учун келдим. Албатта, қўлёзмалар жуда муҳим. Улар босма китоблардан фарқ қилади, улар бошқача. Бу тарихга, маданий меросга назар ташлашнинг бошқа бир тури ҳисобланади. Давлатингиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган маданий ислоҳотлар бошқа хорижлик меҳмонлар қатори менда ҳам қизиқиш уйғотмоқда. Бу борада ижобий фикрдаман.  Ҳафталикда иштирок этиб, бу илмий учрашувлар ва баҳслар нақадар жамият учун керак эканлигига амин бўлдим! Сизнинг айниқса, дунёнинг турли давлатларидан олимларни бир жойга жамлаганингиз энг яхши ташаббус. Республикангиз Президентининг бу каби маданий ислоҳотлари билан Ўзбекистонни дунё ҳамжамиятида янада кашф этасиз. Мамлакатингизнинг маданий меросини оммалаштириш борасида сиз тўғри йўлдасиз, деб ҳисоблайман. Шунинг Ўзбекистондаги Ислом цвилизация марказининг фаолияти билан танишдим ва «114 Қуръон» лойиҳасида иштироким бўйича келишувга эришдик. Умид қиламанки ушбу ҳамкорлигимиз фойдали бўлади» - дея фикр билдирди профессор Дерош.

Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқовнинг айтишича чет элларга тарқаб кетган Ўзбекистонга оид ноёб Қуръон қўлёзмаларини топиш ва факсимиле нусхаларини ватанига қайтариш бўйича «114 Қуръон» лойиҳаси устида иш бошланган:

«Аввалига биз ноёб Қуръон мусҳафларини топиш ва ўрганишни ният қилган эдик. Кейинчалик Президентимиз дунё кезиб, чет эллик олимлар билан ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги топшириқларидан сўнг бир қатор давлатларда бўлганимизда маълум бўлдики хорижда Ўзбекистонга оид Қуръон қўлёзмалари жуда кўп ва нодир намуналар мавжуд экан. Бунинг исботи эса сўнгги ойнинг ўзида биргина Туркиядан Темурий малика ўз қўли билан битган Қуръон, Ўзбекхон Қуръони  ва Саҳих Бухорий асарининг 825 йиллик қўлёзмаси топилгани. Шунинг учун биз бутун дунёдан Ўзбекистонга оид 114та ноёб Қуръон қўлёзмаларини топиш ва қайтариш бўйича иш бошладик. Топилган Қуръон қўлёзмалари факсимиле нусхаларини Ислом цивилизацияси маркази биносидаги 67 метрлик улкан гумбаз остига йиғиб, ўзбекистонликлар эътиборига ҳавола қилмоқчимиз. Ва бунда бизга таниқли қуръоншунос олим Франсуа Дерош ҳам ёрдам берадиган бўлди. Бу биз учун жуда қадрли чунки Дерош кўплаб музей ва кутубхоналар ҳамда шахсий коллекциялар хақида чуқур маълумотга эга. Бу борада бизга кўп ёрдам бера олади. Ва бунинг барчаси Республикамиз Президенти ташаббуслари ва кўмаклари билан амалга оширилаётганини ҳам алоҳида қайд этиш зарур».

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти билан ҳамкорликда илмий-маданий ҳафталикни ўтказмоқда. Айни кунларда юртимизда 20дан ортиқ давлатдан 100дан ортиқ олимлар Ўзбекистон халқаро маданий мерос ҳафталигида ўз илмий маърузалари ва тақдимотлари билан иштирок этмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг