Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қуръонни ёқиб юборган шахс Норвегияда қўлга олинди ва Швецияга депортация қилинади

Қуръонни ёқиб юборган шахс Норвегияда қўлга олинди ва Швецияга депортация қилинади

Иллюстратив фото

Швецияда Қуръонни ёқиб юборган Салван Момика Норвегияда қўлга олинди ва Швецияга депортация қилинади. Бу ҳақда Осло судига асосланиб Aftonbladet газетаси хабар берди.

Осло суди маълум қилишича, «барча расмий ва амалий чоралар кўрилгач, депортация амалга ошади».

Момика 28 март куни Норвегия полицияси томонидан ҳибсга олинганди.

Швецияда яшаш ҳуқуқига эга аслида ироқлик муҳожир Салван Момика ўтган йил 27 июн, Қурбон ҳайитининг биринчи кунида Стокголм шаҳридаги бош масжид олдида муқаддас Қуръон китобини омма олдида ёқиб юборган эди. Август ойида бу ишини ироқлик бошқа бир муҳожир Салван Нажем билан биргаликда яна такрорлади.

Ушбу қилмишлар мусулмон мамлакатларининг кескин норозилигига сабаб бўлди. Швециянинг ўзида минглаб одамлар норозилик намойишларига чиқди. Туркия Швециянинг НАТОга аъзолик учун аризасини рад этиш билан таҳдид қилди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қуръони карим ёқиб юборилганини ёвуз ҳаракат деб атаб, кескин қоралади.

2023 йилнинг октябрида Швеция муҳожирлик масалалари органи Момикага берилган яшаш ҳуқуқи муддатини узайтирмасликка қарор қилди, чунки у бошпана беришни сўраб ёзган аризасида ёлғон маълумотларни киритган. Аввалроқ унга Қийноқларга қарши конвенция асосида мамлакатда қолишига рухсат этилган эди.

2024 йил февралида Момика Швеция муҳожирлик бошқармаси уни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида чиқарган қарор устидан  Швеция муҳожирлик масалалари судига апелляция берган, аммо рад жавобини олганди. Суд қарори уни Швецияда яшаш ҳуқуқидан мосуво қилади. Бундан ташқари, унинг мамлакатга беш йилгача кириши тақиқланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг