Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Таълимнинг келажаги қандай кўринишга эга?

Таълимнинг келажаги қандай кўринишга эга?

Таълимнинг келажаги қандай бўлади? Бу айни дамда оммабоп савол бўлиб, унинг жавоблари онлайн таълимдан тортиб хусусий мактабларгача боғлиқ. Аммо Лиз Колеман эътиборини бундан ҳам жиддийроқ бўлган муаммога қаратади: мактаблар келажакда нимани ўргатиши керак? Жамиятимиз келажаги учун бу қандай аҳамиятга эга?

Мақола ideas.ted.com сайтидан олинди ва Khan Academy Oʻzbek жамоаси томонидан таржима қилинди.

TED2009 да очиқ баён этилган нутқида Колеман ўзининг Америка либерал санъати келажаги билан боғлиқ умидлари ва ташвишлари билан ўртоқлашди. Шундан сўнг, у Беннингтон коллежи президенти сифатида олий таълимнинг жамиятдаги ўрнини танқид қилди: университет тизими давлат хизматчиларининг янги авлодини тайёрлаш ўрнига хайр-эҳсон йиғиш билан кўпроқ шуғулланади. Унинг сўзларига кўра, университетлар бугунги долзарб глобал муаммоларни ҳал қилишга қодир бўлган талабаларни тайёрлаб бера олмаяпти. У гуманитар таълимни тубдан қайта кўриб чиқишга чақирди ва кучли фуқаролик бурчини ҳис қилувчи фуқароларга таълим бериладиган мактаб тизими тўғрисида фикр билдирди.

2011 йилда Колеман бу фикрларни амалда қўллашга қарор қилди. У Беннингтонда «Жамоатчилик ҳаракати маркази» (CAPA, Center for the Advancement of Public Action) ни ташкил этди ва шу вақтдан бошлаб ташкилотни тўлиқ бошқариш учун коллеж президентлигидан воз кечди. CAPA олиб бориладиган чора-тадбирлар ва фуқароларни жалб этишни ўз дастурининг марказига қўйди. Курслар талабаларни саволларга жавоб топиш эмас, балки танқидий фикрлаш ва мураккаб, ҳақиқий муаммоларга қандай ечим топишни ўргатишга қаратилган.

Фото: freepik.com

Биз Колеман билан унинг янги лойиҳаси ва келажакда нимага эришмоқчи эканлиги ҳақида суҳбатлашиш учун учрашдик. Қуйида ушбу суҳбатнинг таҳрирланган шакли келтирилган.

Сиз TEDдаги иштирокингиздан сўнг CAPAни яратдингиз. Ушбу дастурни бошлашда сизга нима туртки бўлди?

CAPA дунёда содир бўлаётган воқеалар ҳақидаги ўй-ташвишларимдан бошланган. Мамлакат жуда кўп қийинчиликларга дуч келмоқда ва дунёда ўзининг мавқейи туфайли улкан масъулиятни зиммасига олган. Америкада содир бўлаётган воқеалар барчага таъсир қилади. Мен Беннингтон президенти бўлганимда жуда кўп муаммоларга дуч келдим ва бу борада бирор нарса қилишимиз кераклигини тушуниб етдим. Бу эса бизнинг ўқитиш тизимимизга ўзгартириш киритиш эди. Қаршимиздаги муаммоларни ҳал қилишда таълим жуда муҳим роль ўйнайди.

Давлат ва хусусий манфаатлар ўртасидаги тафовут ҳалокатли бўлиши мумкин. Жамиятнинг академияларга бўлган қизиқиши бутунлай йўқолди. Университетлар тор доирадаги шахсий манфаатлардан ташқари жамият олдидаги қарздорликлари ҳақида деярли ҳеч нарса дейишмайди — биз ҳозир билган таълим билан кенг жамоатчилик учун имконият ва мажбуриятларни кенгайтирадиган таълим тизими ўртасида жуда катта фарқ бор. Биз шунчаки мутахассисларни кутяпмиз ва «Мен ҳеч нарса қила олмайман» деган фикр билан ҳеч нарса қилмасликда давом этяпмиз. Мактаблар ўқувчиларга ижтимоий фаол бўлиш ҳамда ҳар бир фуқаронинг имконият ва мажбуриятларини ўргатиши керак. Жамоатчилик майдонида бизга янада ғайратли овозлар керак.

Биз ҳақиқатан ҳам эътибордан четда қолдирган нарса дунёда одоб-ахлоқ ва ақл билан самарали фаолият олиб боришни ўргатадиган таълим тизимидир. Бу туйғу ёки иштиёқ ҳақида эмас, балки муаммоларни қандай қилиб енгиш кераклиги ҳақида. Бу сизнинг шахс сифатида ўз имкониятларингиздан максимал фойдаланган ҳолда ривожланишингизни талаб қилади — ушбу имкониятлар сизга ўйлаш, кўриш, тинглаш имконини берадиган ресурслардир. Университетлар талабаларга ўзлари учун мос бўлмаган ва ҳамма нарса улар учун тайёр бўлмаган дунёда, одамлар билан бирга ишлашни, уларнинг ёрдами ва тушунишларига муҳтож бўлганлиги учун қилаётган ишларида мулоҳазакор бўлишни талаб этувчи дунёда қандай иш кўришни ўргатиши керак. Биз буни эътиборсиз қолдирдик, аммо уни таълим билан тузатишга ҳаракат қиламиз.

Биз буни аллақачон хизмат кўрсатиш ва ижтимоий ҳаракатлар ёрдамида маълум даражада амалга оширяпмиз. Аммо буларнинг барчаси маълум бир хабарни етказишга қаратилган қўшимча ўқув дастурлардир: ёш ва ғайратли бўлсангиз, бирор машғулот билан шуғулланинг, аммо сизнинг қадриятларингиз ва вақтингизни ҳақиқатан ҳам керакли нарсага сарфлаш ҳақида гап кетганда, ижтимоий ҳаракат фақат шундан иборат бўлмаслиги маълум бўлади.

Қандай қилиб CAPA таълим ва халқ фаровонлиги ўртасидаги бўшлиқни йўқ қилади?

Ҳозирда CAPA олдидаги энг катта муаммо бу дунёда содир бўлаётган энг сўнгги воқеалар юзага келтирган талабларга жавоб бера оладиган курслардан иборат ўқув дастурини яратишдир. Биз глобал мавзуларнинг ўқув дастурини шакллантиришига имкон берамиз ва ҳаётда бирон самаралироқ иш қилиш учун нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида фикр юритамиз.

Мен ҳозирда ижтимоий ҳаракатларни рағбатлантириш асослари бўйича дарс беряпман. Биз дарсларни глобал исиш билан бошлаган эдик ва ушбу мавзудаги энг чуқур таҳлилга эга, классик матнларнинг ҳозирда юз бераётган жараёнлар билан комбинациясини ишлаб чиқдик. Биз ушбу имкониятлардан реал вақт режимидаги муаммоларга жавоб бериш учун фойдаланмоқчимиз. Шундан сўнг, биз АҚШдаги универсал мавзулар бўйича мунозараларнинг марказида турувчи соғлиқни сақлаш тизими мавзуси билан дарсларимизни давом эттирдик. Бу бизга соғлиқни сақлашнинг қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигини эслатувчи бир олам эди.

Ҳаракат барча жараёнларда энг муҳим омил ҳисобланади. CAPAдаги ҳамма нарса бир саволга асосланади: бу дунёда самарали ишлаш учун ўз қобилиятингизни қандай ўзгартиришингиз керак? Агар сиз ушбу саволга жавоб топа олмасангиз, бу CAPA курси эмас.

CAPA Беннингтон кампусида маданий силжишга сабаб бўлди. Ҳаракатларни ўргатадиган курслар мавжуд — бу ерда нима содир бўлаётганини кўришингиз мумкин. Шаҳар ҳаёти каби мавзулар бўйича маҳорат дарслари ҳам бор. Биз сизга аслида нима муҳим эканлигини тушуниш имконини берадиган фундаментал масалаларни — ишлашингиз мумкин бўлган жойларни қидиришда давом этамиз,

CAPA иш тажрибасининг ўзига хос жиҳатлари нималардан иборат?

Анъанавий синфхоналарда профессорлар дарс беришдан олдин қилиниши керак бўлган ишлар режасини тузиб оладилар. Аммо ҳақиқат шундаки, дунёни тартибга солиб бўлмайди. Дунёни тушуниш учун унинг ҳеч ким жавоб топа олмайдиган дунё эканлигини англаш зарур. CAPA шунчаки қабул қилиш педагогикаси эмас, балки кашф қилиш педагогикаси доирасида ишлайди. Билмаган нарсаларингизни ўзингиз ўрганишга ҳаракат қилишингиз керак. Ўқитувчилар ва талабалар ўртасидаги ягона фарқ шундаки, ўқитувчилар талаба бўлиш қандай эканлигини яхши тушунадилар. Биз фақатгина жавобларни эмас, балки уларни қандай топишни ҳам биладиган одамлармиз.

Жуда кўп талабалар CAPA нинг ёрдами билан дунёга ўзгача боқишни ўрганмоқда. Улар бунинг маъносини тушуниш билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқдалар ва бунинг таълимнинг ажралмас қисми эканлигига бўлган қизиқиш ортиб бормоқда.

Фото: freepik.com

Муаммонинг бир қисми бир вақтнинг ўзида барча йирик соҳалардаги муаммоларга қарши тура олишдадир. Фуқароликнинг исталган жиддий кўринишида сизнинг мажбуриятларингиз чексиз. Сиз: «Кечирасиз, лекин мен буни тушунмаяпман. Мен курашмоқчи эмасман, мен фақат тинчлик тарафдориман», — деёлмайсиз. Одатда университет дарсларида мавзулар кўлами тобора торайиб боради. Бундан келиб чиқадики, агар сиз ушбу махсус доирадаги мутахассис бўлмасангиз, ҳеч қандай жиддий иш қилолмайсиз. Бу тахмин холос, аммо у илмий кўмакка муҳтож.

Сиз кўпроқ фанлараро таълим тизимига ўтишга даъват қилаётганга ўхшайсиз.

Мен фанлар тушунчаси яхши фикр эмас деб ҳисоблайман. Биз дунёни муаммолар ва ҳаракатлар орқали кўришимиз керак. Фанлараро тизим ҳали ҳам дунёни интизом орқали бошқаришга ҳаракат қилади — у ўз обрўсини сақлаб қолган. Олтита тор доирадаги қарашга эга бўлиш бир турдагисидан яхшироқ дегани эмас. Сиз бундан ҳам радикалроқ бўлишингиз керак. Фанлараро тартибдаги ўрганувчилар ҳақида ўйламанг — уларнинг қобилиятлари ва қандай ўзгарганлиги ҳақида фикр юритинг. Биз интеллектуал салоҳиятнинг жиддий чекланиши ва интизомлардан ташқарига чиқмас эканмиз, муаммоларга дуч келаверамиз.

Дарҳақиқат, фанлар фаолият олиб боришнинг ягона йўли эканлиги ҳақиқий муаммодир ва бу кўп йўналишли фанлараро тизимга қараганда анча радикал ҳисобланади. Агар сиз тарихчи бўлсангизу, физик ёки психологнинг олдида ўтириб бирор саволга жавоб излайдиган бўлсангиз, бу сизга ёрдам бермайди. Шунчаки саволга бир назар солинг.

Бу эса одамлар фақат маълум фан доирасидаги нарсаларга қизиқишмайди ва улар ўзларини бутунлай шу нарсага бағишлашни хоҳлашади дегани эмас. Бу жуда ажойиб. Аммо фанлар ҳамма нарсани бошқарса, бу унчалик яхши эмас.

Нима деб ўйлайсиз, нега ижтимоий фаолият соҳасидаги таълим кейинги ўринларга тушиб қолди?

Мен тобора ўсиб бораётган мураккабликдан бош тортилаётганини кўрмоқдаман, бу дунё мураккаб бўлганлиги туфайли келиб чиқадиган муаммодир. Менимча, технологияда фундаментализм мавжуд. Технологиянинг ўзи бизни қутқара олмайди. Технология жуда ажойиб, аммо у шунчаки восита.

Миллионлаб далиллар энг билимдон ва маърифий ҳаракатларга қодир бўлган одамларнинг ҳозирда ҳеч қандай сезиларли иш билан банд эмаслигини кўрсатмоқда. Айни пайтда жуда кўп фойдали иш билан шуғулланадиган одамлар ҳам бор. Улар иштиёқ билан шу ишга киришган. Улар ўз соҳасининг энг ашаддий вакиллари, ишқибози ва фундаменталистларидир. Чегарада турган одамлар — булар аслида ичкарида бўлиши керак бўлган одамлар. Биз самарадорликка эришишда энг кўп тайёргарликка эга бўлган одамлар учун мавжуд чекловларни йўқ қилдик ва фундаменталистларга қадриятларнинг бутун майдонини топширдик. Оммавий ҳаракат қадриятлар билан боғлиқ — буни рад этиб бўлмайди. Бу сизни қизиқтираётган нарса ва нима учун бошқа одамлар ҳам бундан қайғуриши кераклиги ҳақидадир. Интеллектуал муассасалар соҳани бундай фикрлашдан маҳрум қилди. Шундай қилиб, одамлар фақат ўзлари топа олган жойларга боришади ва афсуски, шаҳарларда ягона ўйин — бу фундаментализм.

Коллеж ёки университетда таҳсил олмаган шахсларни қандай қилиб ижтимоий ҳаракатларда қатнашишга жалб этасиз?

Ажойиб чизиқ бор: «Ҳеч нарса қилма, шу ерда тур». Бу — CAPAнинг моҳияти. Агар сиз ҳақиқатан ҳам самарали бўлишни истасангиз, у ерда туришингиз ва уни эгаллашингиз, ўрганишингиз ва тушунишингиз, бошқа нарсалар учун сарфлайдиган имкониятларингизни ишга солишингиз керак. Буни бошқа одамлар билан биргаликда амалга ошириш керак — ёлғиз бажаришга уринманг.

Челакдаги томчилар билангина кифояланманг. Бу чиқиндини тозалашга етмайди, етарли имконият ҳам бермайди. Бу ёмон эмас, лекин кўп нарсани ўзгартирмайди ҳам. Бу шунчаки оддий ҳол эмас. Бу сиздаги бор имкониятларни ишга солишингизни талаб қилади. Буни яхши тушуниб олинг. Талаблар жуда юқори ва бу жуда ҳаяжонли, тўлқинлантирувчи ҳолатдир.

Шунингдек, биз вояга етган ёшлар таълимини жамоатчилик ҳаракатини шакллантирувчи йўл деб ҳисоблашимиз мумкин. Бутун мамлакат бўйлаб мактаблар мавжуд ва уларда одатда тунда дарслар бўлмайди. Биз қандай қилиб балоғатга етганлар учун бирдек қизиқ бўлган масалалар бўйича ўзаро мулоқот қилиш имкониятини яратишимиз мумкин? Одамлар бир-бири билан муҳим нарсалар тўғрисида фикр алмашса, биз жуда хурсанд бўламиз. Бу янада тизимли ёндашув бўлади — бунда нафақат университет, балки таълим ва синфхоналардан ҳам жамиятнинг барча соҳаларини ривожлантириш учун фойдаланишимиз мумкин бўлади.

Лиз Жасобс, TED.com муҳаррири

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг