Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўйинчоқ шкафда турмаслиги керак – Мактабгача таълим агентлиги ва Жаҳон банки катта лойиҳа амалга оширмоқда

Ўйинчоқ шкафда турмаслиги керак – Мактабгача таълим агентлиги ва Жаҳон банки катта лойиҳа амалга оширмоқда

Фото: Беҳзод Абдужабборов

Мактабгача таълим агентлиги ва Жаҳон банки ҳамкорлигида боғчаларимизда «Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Умумий 69 миллион доллар бюджетга эга лойиҳа сўнгги босқичига яқинлашган бўлиб, 2019-2024 йиллар оралиғида ўтказилиши режалаштирилган.

Мактабгача таълим агентлиги томонидан Самарқанд шаҳрида лойиҳа билан боғлиқ матбуот анжумани ўтказилиб, маҳаллий ва халқаро ОАВ вакилларига атрофлича маълумот берилди.

Мақсад
«Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш» лойиҳаси 3 та босқичдан иборат бўлиб, таълим сифатини ошириш, баҳолаш ва сифатли таълим муҳитидан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш мақсад қилинган.

Лойиҳа доирасида 14 минг нафар тарбиячининг малакаси оширилди ва мактабгача таълим ташкилотлари инфратузилмаларини яхшиланди. Агентлик қошида ўқув-дидактик материаллар тайёрлаш учун босмахона ташкил этилиб, давлатга тегишли МТТлар мебел, ноутбук, принтер ва бошқа тегишли жиҳозлар билан таъминланди.

Таълим сифати
Таълим сифатини ўрганиш мақсадида 100 та боғча тасодифий танлов асосида танлаб олинди ва тарбияланувчилар билими баҳоланди. Жараён давомида тизимдаги камчиликлар аниқланиб, такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Эътиборли томони, лойиҳа асосида болалар билимини баҳолашда илғор тажрибалардан фойдаланиляпти. Бола ҳуқуқини ҳимоя қилиш конвенциясига кўра болалар билан савол-жавоб қилиш, уларни сўроққа тутиш мумкин эмас. Улар билан фақат ўйин орқали савол-жавоб қилиш мумкин. «Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш» лойиҳаси асосида илғор методика усуллари опробация қилинмоқда ва боғчаларда қўлланиляпти.

Аниқланган камчиликлар
Лойиҳа доирасидаги ўрганишларга кўра бир қатор камчиликлар ҳам аниқланган. Хусусан, мактабгача таълим ташкилотларида бадиий адабиётлардан етарлича фойдаланилмаяпти. Шунингдек, бола тарбиясида ота-оналар иштироки камлиги ҳам маълум бўлди. Ушбу аниқланган ҳолатлар Мактабгача таълим агентлиги мутахассислари томонидан кўриб чиқилиб, янги ўқув-дидактик қўлланмаларда инобатга олиняпти.

Муаммолар
Жаҳон банки билан ҳамкорликда ташкил этилган лойиҳа давомида бир қатор муаммоларга ҳам дуч келинди. Хусусан, бир қатор педагоглар ҳамон эскича услубдан воз кеча олмаяпти. Боғчаларда таълим сифати ва педагоглар салоҳияти ўрганилиш асносида тарбиячилар ўйин машғулотларидан кам фойдаланиши аниқланди. Янгича усулдаги ўйин марказлари керакли даражада қўлланилмаган, тарқатма материаллар ва ўйинчоқлардан фойдаланишда эса абсурд даражада лоқайдликка йўл қўйилган.

Масалан, баъзи боғчаларга берилган ўқув-дидактик материаллар ва ўйинчоқлар ҳамон янги ҳолатда тургани аниқланди. Тарбиячилар уни ишлатмасдан, шунчаки текширувчиларга кўрсатиш учун сақлаб қўйган. Аслида бу материаллар ва ўйинчоқлар болалар таълими ва тарбияси учун фойдаланиш асносида бузилиб, йўқ бўлиб кетиши керак эди, аммо бир қатор МТТларда ушбу жиҳозлар янги ҳолатда шкафларда сақланаётгани аниқланди.

Шундай ҳолатга йўл қўйилган муассасаларда ўйинчоқлар ва ривожлантирувчи материаллар ҳар йили бериб борилиши ҳамда улардан фойдаланиш шартлиги борасида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Педагоглар
Республикадаги мактабгача таълим ташкилотларида 162 минг педагог иш олиб бормоқда ва шундан 56 минг нафари нодавлат ташкилотларда фаолият юритади. Педагог кадрларнинг 34 фоизи олий маълумотли бўлиб, қолгани ўрта махсус маълумот олган. Шулардан 14 минг нафари, яъни 10 фоизи малака оширишдан ўтган ва бу жуда кичик рақам. Айни вақтда вазиятни яхшилаш бўйича иш олиб борилмоқда ва асосан олис ҳудудларга эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, «Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш» лойиҳаси доирасида 700 нафар тренер тайёрланди. Соҳада анчадан буён ишлаётган педагоглар тажрибасидан фойдаланилиб, малака ошириш учун кучли мутахассислар базаси тайёрланди.

Малака оширишда асосий модул компетент ёндошувга асосланади. Яъни, педагогдаги билим ва кўникма жамланмасини шакллантириш учун қисқа муддатли курслар ташкил этиляпти. Педагог учун ҳар доим боланинг фикрлаши, қобилияти ва ўша қобилиятидан фойдалана олиши асосий омил бўлиши лозим.

Лойиҳадан нима қолади?
Лойиҳа жорий йил сўнгида якунига етади. Унга кўра ўтган 4 йил давомида давлатга тегишли ҳар бир мактабгача таълим ташкилотларига компьютер ва принтер берилди, гуруҳлар тўлиқ жиҳозланди, ўйингоҳлар қурилди ҳамда ўқув-дидактик материаллар билан таъминлаш йўлга қўйилди. Мактабгача таълим агентлиги қошида босмахона қурилиб, МТТлар учун ўқув-дидактик материаллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Шунингдек, ушбу лойиҳа доирасида 30дан ортиқ «Ақлвой» автобуслар олиниши режалаштирилмоқда. Гарчи ушбу ташаббус манбалари бошқа бўлишига қарамай, «Ақлвой» автобуслари муваффақиятли чиққани учун уни янада кенгайтириш мақсад қилинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг