Талабаларни ижарага қўйишда даромад солиғини олмаслик таклиф этилди
Молия вазирлиги «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Унга мувофиқ, кодекснинг 378-моддасида назарда тутилган солиқ солинмайдиган даромад турларига қўшимча равишда солиқ тўловчининг уй-жойларини талабаларга ижарага беришдан олинган даромадлари ҳам киритилмоқда.
Қолаверса, ҳужжат билан Солиқ кодексининг 421 моддасига 5-банд қўшиш таклиф қилинмоқда. Унда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар мулкидаги мол-мулк солиқ солишдан озод этилиши қайд қилинган. Мазкур имтиёз етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга 18 ёшга тўлган йилда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ажратиладиган уй-жойлар бўйича улар 23 ёшга тўлгунига қадар амал қилади.
483-моддасида қайд этилган вақтинчалик солиқ имтиёзларига эса 2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари учун белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси БҲМнинг 50 фоизи миқдорида қўлланилиши киритилмоқда.
Жамоатчилик муҳокамалари 9 ноябрга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан талабалар ижара пулини бир қисмини тўлаб бериш йўлга қўйилиши белгиланганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter