Тажанг (ҳаётий ҳикоя)
Ҳафтада икки, уч кун бир ресторанга ишга бораман. Оловга яқинлашмайман. Хозирликларга ёрдам бераман. Назоратни бўйнимга олганман.
Ошпазлик шундай касбки, қозон бошига бориб қолганингизни билмай қоласиз.
Охирги пайтларда Туркияда чет элликлар камайди. Ҳужжатсиз яшаётганларни мамлакатдан чиқариб юборилиши, арзон ишчи кучларни йўқотишга сабаб бўлди. Ойликлар кескин даражада ошиб кетди. Бир замонлар, чет элликлар нонимизни яримта қиляпти деб жар солаётганлар, бугун пулларига ҳам ишчи топа олмай сарсон.
Менга ҳам таклифлар кўпайди. Улар таклиф қилаётган маош Европаникидан унча фарқ қилмаяпти. Шифокорим рухсат берса, мазза қилиб ишлардим.
Арафа куни эди. Байрам дастурхони учун тайёргарлик бошламоқчи эдим.
Телефоним жиринглади «Тажанг», деб қайд қилган эканман. Уни бир мен эмас, ҳамма шундай деб атайди.
– Сабо, бир кунга ёрдамга кела оласанми? Биламан, сенга мумкин эмас. Ҳеч бўлмаса ёрдамчиларга ўргатиб турардинг.
– Майли, устам. Сизга йўқ дея олмайман.
Устанинг менга жуда кўп ҳақи ўтган. Қўлимдан тутиб това айлантиришни ўргатган. Байрам баҳона уни хурсанд қилгим келди. Йўл-йўлакай махсус дўконга кирдим. Чиройли ошпазлик кийимини сотиб олдим. Ресторанга етиб борганимда иш қизғин эди. Уста боши билан ишга шўнғиб кетган экан. Ёнида ёрдамчилари. Дарров ишга киришиб кетдим. Устанинг ҳар доимгидек қовоғи солиқ.
– Сабо, мана буларга шўрваларни таърифини ўргат. Қулоқларига қўрғошиндек қуйиб олишсин.
Кулиб қўяман. Уста ҳалиям ўша-ўша. Тажанг. Жаҳлдор. Фақат анча кексайиб қолибди. Сочлари оқарибди. Забардаст елкалари чўкиб қолгандек, назаримда. Аммо, ҳаракатлари чаққон.
Буюртма келди. Уста ёрдамчи қизга буюрди.
– Пенне келди. Сен тайёрла.
Қиз шошилиб товани газнинг устига қўйди. Ҳамма жойда деярли бир хил. Массалиқлар ярим тайёр ҳолатга тайёрлаб қўйилади. Ёрдамчи қиз қовурилаётган қийма устига пакетдаги, тайёр пенне макаронини солди. Бўшаган пакетни стол устига қўйди. Таомни табоққа сузиб устага қаради. Уста кўнгли тўлди, шекилли жўнат деб қўйди. Кейин стол устидаги пакетга кўзи тушди. Бўшаган пакет ичида икки дона макарон бўлаги қолиб кетган эди. Уста важоҳат билан қизга қаради.
– Бу нима?
– Макарон.
– Пенне учун нималар керак?
– Юз грамм қиймалик масаллиқ, икки юз грамм макарон, беш грам зираворлар.
– Сен тайёрлаган таомда икки юз грамм макарон йўқ. Икки донасини чиқиндига отяпсан. Мижозни ҳақига хиёнат қиляпсан. Сенинг бу ерда ишлашингни хоҳламайман. Бугун охирги иш кунинг.
Қиз ёш тўла кўзлари билан аввал устага, кейин бизга қаради. Индамай бошқа иш бошини тутди.
Ҳаммасини кулиб кузатардим. Чунки, бундай кунларни мен ҳам яшаганман. Устани жағи тинмасди.
– Аёл кишига ошпазликни ким қўйибди? Йигирма килолик қозонларни кўтариш сизга қолибдими? Това айлантириш учун куч керак. Сиз уйда ошпазлик қилинг. Бола катта қилинг... Аллоҳ, Аллоҳ.
Ошхона ичи исиб кетди. Бироз дам олиш учун беш дақиқалик танаффусга чиқдим. Устага эшиттириб ёрдамчи қизга гапирдим.
– Исминг нима?
– Неҳир.
– Неҳир, менга бир финжон чой олиб кел. Боғчада бўламан.
Неҳир чой олиб келди.
– Ўзинг ҳам ўтир.
– Йўғе. Уста уришиб беради.
– Мен билан эканлигингни билади. Ўтир. Сенга бир нарса айтиб бераман. – Мен ишимни идиш ювишдан бошлаганман. Ёрдамчи бўлганимда шу устани қўлига тушганман. Мен уни ёмон кўрардим. Биласанми, ҳозир сиз пиширган товуқ суви шўрвасига мен ўзгариш киритганман. Товуқ ҳидини йўқотиш учун сабзига занжабил, саримсоқ қўшиб сариёғда қовуришни ўзим ўйлаб топганман. Ўшанда ҳамма мени мақтаган. Устадан бошқа ҳамма. Буюртма тайёрлаётган эдим. Уста ёнимга келди. Қўрқиб унга қарадим.
– Қўлингни оғзингга солиб кўр.
– Нега?
– Айтганимни қил.
Ҳуркибгина қўлимни оғзимга солдим.
– Энди мени қўлимни сол.
Бир қадам орқага чекиндим. Уста важоҳат билан бақирди.
– Ҳамманинг қўли ўзи учун ҳалол. Қўлқопсиз ишлаш,мижозга қўлинг билан таом едиришдек гап. Сен одам бўлмайсан. Бугун охирги иш кунинг... Аллоҳ, Аллоҳ. Ошпазлик аёл кишининг ишими?
Ўша куни ўзимни мажбурлаб ундан кечирим сўрадим. Чунки, ишимни йўқотишни хоҳламадим. Бунақа воқеалар жуда кўп бўлди. Капгир билан қўлимга урганини эслайман. Унинг ҳар бир дўқ-пўписасида касбга муҳаббат бор. Мен унингдек ҳалол уста ошпаз кўрмадим. Унинг этагидан маҳкам тут. У сендан катта ошпаз чиқара олади. Энди, юр. Бақириб қолмасидан ишимизни бошлайлик.
Неҳир билан ошхонага кирганимизда, уста бошқа ёрдамчини койиётган экан. Неҳир аста унга яқинлашди.
– Уста, мени кечиринг. Бошқа такрорламайман.
Уста қошларини чимириб унга қаради. Кейин қовоғини солиб буюрди.
– Бор, кўкатларни олиб чиқиб юв.
Бу сени кечирдим дегани эди.
Қайтиш вақтим келган эди. Хадяни устанинг қўлига тутқаздим. Қўрққан олдин мушт кўтарар шаклида шошилиб гапирдим.
– Олмасангиз сиз билан бошқа гаплашмайман. Ҳозироқ кийиб оласиз.
– Аллоҳ, Аллоҳ. Кийимсиз қолмаганман. Нега олиб келдинг?
Кейин ичкарига кириб кетди. Бироздан кейин янги кўйлакни кийиб чиқди. Ярашибди дедим кулиб.
– Отанг тенги одамга гапингни ўтказиб, яна тиржайишингга ўлайми?
Чиқманг десам ҳам, мени кузатиш учун орқамдан чиқди. Кассада ўтирган чиройли йигит салом берди.
– Оо, уста муборак бўлсин. Янги кийим кийибсиз.
– Ҳа, шогирдим байрамга олиб келибди.
Унинг шу биргина калимасида гўдакнинг мақтаниши каби, хурсандчилик бор эди.
Қўллари билан янги кўйлагини енгларини силаб-силаб қўяётган устага қараб жилмайдим.
– Аллоҳ, Аллоҳ. Ҳалиям шу ердамисан? Сенинг уйинг, бола чақанг йўқми? Ишимдан ҳам қолдирдинг.
– Устам, яна бир бор байрамингиз муборак бўлсин. Ҳаммаси учун раҳмат.
– Йўқ бўлиб кетма. Орада келиб тур. Йўлларини топиб олган шогирдларимни кўрсам қувонаман.
Анча масофадан кейин орқамга қарадим. Ишим кўп деган уста ҳалиям орқамдан тикилиб турган эди. Қўлларимни кўтариб силкидим. Кейин шошилиб телефонимни қўлимга олдим. Устани рақамини топдим.
«Тажанг» ёзувини ўчириб, катта ҳарфлар билан «УСТАМ» деб қайд қилиб қўйдим.
Сабо Маъруфжонова, Туркия – Истанбул
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter