«Тадбиркорлар мактаби»да биринчи мавсум ўқув курслари бошланди
Жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб Ўзсаноатқурилишбанк ҳамда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ҳамкорлигида «ЎзқурилишматериалЛИТИ» МЧЖ илмий-тадқиқот ва инжиниринг маркази ҳузурида ташкил этилган «Тадбиркорлар мактаби» ўқув марказида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида ўз бизнесини бошлаш ниятидаги тадбиркорлар, тармоқ корхона ва ташкилотлар ходимлари, шунингдек, кенг жамоатчилик вакиллари учун ўқувлар бошланди.
Президентимиз томонидан 2021 йил 9 июнда қабул қилинган «Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонда мамлакатимиз қурилиш индустриясини ривожлантиришда барча имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш борасида қатор вазифалар белгилаб берилган.
Унга кўра, шу кунга қадар Ўзсаноатқурилишбанк томонидан қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Банк ва «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ҳамкорлигида «Тадбиркорлар мактаби» ўқув маркази ташкил этилиб, у илғор таълим воситалари ҳамда тегишли адабиётлар фонди билан таъминланди.
Тадбиркорлик субъектлари ва манфаатдор аҳоли вакилларини қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида бизнесни замонавий асосда ташкил қилишга ўқитиш ҳамда уларга янада кенг имкониятлар яратиш мақсадида иш бошлаган мазкур марказда илк мавсум иштирокчилари махсус саволнома асосида саралаб олинди.
Ҳозирда ушбу 20 нафар тингловчи учун машғулотлар замонавий ўқув дастурлари ва янги таълим методлари асосида 4 та модулга ажратилган ҳолда олиб борилмоқда.
Бу борада ўндан зиёд олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот институтлари билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, жами 72 соатга мўлжалланган курслар чуқур малака ва кўникмага эга фан номзодлари, фан докторлари ҳамда профессорлар томонидан олиб борилмоқда.
Шунингдек, Туркия (Maltepe university) ва Германия (Passive House Institute) давлатларида яратилган инновацион технологияларнинг Ўзбекистонга трансферини доимий равишда ташкил этиш орқали тингловчилар билим ва кўникмаси халқаро мезонлар асосида ҳам бойитилмоқда.
– Ўқув маркази фаолиятининг йўлга қўйилиши натижасида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда ташаббускор тадбиркорларнинг соҳадаги малака даражаси мунтазам ошириб борилади, – дейди «ЎзқурилишматериалЛИТИ» МЧЖ илмий-тадқиқот ва инжиниринг маркази директори ўринбосари Адҳам Қувондиқов. – Илғор архитектура ва дизайнерлик тамойилларига асосланган «келажак материаллари» номенклатураси кенгайтирилиб, ишлаб чиқаришда халқаро стандартлар кенг жорий этилади.
Шунингдек, марказ бўлажак тадбиркорларнинг молия, солиқ, маркетинг ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, илғор ва замонавий технологиялар, ишланмалар, билимлар ва илм-фан ютуқларидан фойдаланган ҳолда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи янги тадбиркорларни кашф этишга хизмат қилади. Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналарида яшил иқтисодиётни жорий этишга кўмаклашади.
Марказда ўқишни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга сертификат тақдим этилади.
Қайд этиб ўтамиз, айни пайтда 2-мавсум учун талабгор тингловчилар рўйхати шакллантирилмоқда. Ўқув курслари мутлақо бепул.
Манзил: Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Тафаккур 68-а. «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси биноси.
Мурожаат учун телефон:
Телефон: +998 94 5766900, +998 33 5769595, +998 97 7278784
Электрон почта: [email protected], [email protected]
Банк Ахборот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter