Тадбиркор бизнесини ёпиб ҳам солиқчилардан қутула олмади
Навоий вилоятида фаолият кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркор солиқ бошқармаси томонидан асоссиз ҳисобланган солиқлардан норози бўлди.
Тадбиркор фаолиятини ўз ташаббуси билан ихтиёрий равишда тугатиш тўғрисидаги аризасига биноан Навоий вилоят солиқ бошқармаси томонидан фаолиятида 2021 йил 13 сентябрда якуний солиқ аудити ўтказилган.
Солиқ аудити якунига кўра, жами 158 млн сўм қўшимча солиқ ҳисобланган. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Навоий вилоят бошқармаси томонидан ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув якунига кўра, фақатгина 10 млн сўм солиқ қарздорлиги ўз тасдиғини топган. Шу сабабли 2021 йил 4 ноябрда жиноят иши қўзғатишни рад этиш ва маъмурий ҳуқуқбузарликка доир иш юритиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Тўпланган иш ҳужжатлари маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 174-моддаси 1-қисми билан кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судига юборилган. Суднинг 2021 йил 11 ноябрдаги қарорига асосан, 10 млн сўм солиқ қарздорлиги якка тартибдаги тадбиркордан вилоят солиқ бошқармаси фойдасига ундирилган. Шунга қарамасдан Солиқ аудити якунига кўра қўшимча ҳисобланган 158 млн сўм солиқ қарздорлик тадбиркорнинг шахсий ҳисобрақамидан олиб ташланмаган.
Бундан ташқари, якка тартибдаги тадбиркор фаолият олиб бормаган бўлса-да, асоссиз равишда фойда солиғи, айланмадан олинадиган ва бошқа солиқлар учун 2021 йилдан 2023 йилгача 17 млн сўм солиқ қарзи ҳисобланган.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил аралашуви билан якка тартибдаги тадбиркорга асоссиз ҳисобланган солиқлар бўйича қарздорлик олиб ташланиши таъминланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter