Тадбирбозлик: зиёфат культи (маданияти) кучаймоқда...

Кейинги пайтларда қаерга қарасам тадбир, маърака, гап-гаштак. Куни кеча қишлоққа борсам у ерда ҳам шу гап. Ифторликка «бирровга кирдим, бу ердан чиқиб овсинларнинг «гап»ига боришимиз керак», дейди бири, яна бири икки кундан кейин акаси ифторлик қилмоқчи эканини айтади. Турли «...дош»лар гуруҳида ҳам шу мавзу – фалон жойга меҳмонга бордим, ифторлик қилаяпман, бир йиғилмаймизми ёки гапимиз бор. Ҳозирча тўйлар тўхтаб турибди, ҳали тўй тўйга уланадиган ойлар олдинда. Тадбир, гап-гаштак, чойхонама-чойхона юришдан бошқа иши қолмагандек ҳамманинг. Гўёки яшаш дегани – ҳаётинг тадбирлар, маъракалар, меҳмондорчилик атрофида айланиши демак. «Топганимиз тўйларга буюрсин», деган ният аслида яхши маънодаги «қарғишдек» нафақат «нақд»имизни балки вақтимизни тадбирма тадбир, тўйма тўй юришга сарфлаб юбораётгандекмиз. Биринчи эшитганимда, кўпчиликнинг бир вақтнинг ўзида байрам, тадбир, гап-гаштак қилишидан хурсанд бўлдим. Аммо кейин ўйлаб қолдим: бу анъана ҳақиқатдан ҳам самимий меҳмондўстликми ёки «дастурхон дабдабаси культи» деган янги маданиятнинг бир қисмига айланиб улгурдими? («Культ» – маълум бир одат, анъана ёки урф-одатнинг ҳаддан ташқари идеаллаштирилиши, ҳатто мақсадга айланиши.)
Бизнинг меҳмондўстлигимиз тарихий қадрият, лекин бу қадрият ҳозир қандай шакл олди? Илгари гаштаклар ва ифторлар тор доирада ўтар эди, ҳозир эса улар оммавийлашди. Кўпчилик учун бундай тадбирлар ижтимоий мақом кўрсатиш воситасига айланяпти. «Қайси ресторанда ифтор ўтказдинг?», «Фалон одам учун ифторлик қилдим», «Бугун чойхонам бор»,
«шу ой учта «гап»им бор», ижтимоий тармоқларга кирсанг ҳам: «фалон жойда «пати», яъни базмда мазза қилдим», деган фикрлар...
Ҳақиқий меҳмондўстликми ёки кўз-кўзлаш
Бу меҳмонновозликларнинг бир учи ижтимоий босимга бориб тақалади. Яъни бундай зиёфатлар «ҳашамга қараб одам қадрланади» деган тушунчани кучайтириб юбормаяптими? Кимнинг дастурхони тўкин, кимнинг таомлари хил-хил – шу нарсалар инсон қадрини белгилайдими? Очиғи, бу қадимдан меҳмондўстликка катта эътибор берган жамиятимиз учун жиддий савол. Назаримда оддийлик, самимийлик ўрнига ҳашамат ва исроф маданияти кучаяётгандек.
Масалан, ифтор – ибодат учун ажратилган вақт, руҳий покланиш даври. Аммо у шунчаки катта йиғилиш ва ҳашаматли овқатланиш тадбирига айланса, маънавият нуқтаи назаридан қанчалик аҳамиятли?
Бир қараганда, бу йиғинлар яхши – одамлар бир-бири билан кўришади, мулоқот қилади, уйда ўтириб қолмайди. Аммо бу анъана айрим ҳолларда формал мажбуриятга айланиб бораётгани кўзга ташланади. Тўйга борсангиз, камида уч соат ўтиришингиз шарт. Қолмасангиз, «ҳурмат қилмади» деган гап чиқади.
Тадбирларда овқат масаласи
Илгари йиғинларда таомларнинг хили саноқли эди. Ҳозир эса овқатнинг тури кўпаймоқда. Саховат ва исроф ўртасидаги фарқни йўқотиб қўйдик. Катта дастурхон ёзиш ва кўп одамни чақиришни саховат деб ўйлаймиз, аммо ҳақиқий саховат муҳтожларга ёрдам бериш эмасми?
Қолаверса оила бюджетига оғирликни айтмайсизми. Ҳар бир гаштак, туғилган кун, чойхона – бу катта харажат. Агар бундай тадбирлар ҳаддан ташқари кўпайса, инсон ўз молиявий барқарорлигига зарар етказиши мумкин.
Бунинг ортидан балки кимлардир дам олар, аммо кимларгадир стресс ва чарчоқ келтириб чиқаришимизни ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Айниқса катта тадбирлар кўпинча уй бекалари учун оғир юкка айланади. Ҳар доим меҳмон кутиш, катта дастурхон ёзиш ва идеал кўринишга интилиш орқали чарчоқ ва асабийлик кучаяди.
Табиийлик ўрнига сунъийлик
Аввалари камтар дастурхон ва самимийлик энг муҳими эди. Ҳозир эса ҳашамкорлик, ресторанларда қилинадиган тантаналар ва сунъий безаклар муҳим бўлиб қолди.
Одатий ва бир хил сценарийлар-чи?
Барча тадбирлар бир-бирини такрорлаяпти: безаклар ҳам, овқатлар ҳам, ҳатто сўзлашиладиган гаплар ҳам.
Умуман бу тадбирларда қанақа самимий суҳбат бўлиши мумкин. Ҳамма бошини дастурхондан кўтармаса, одамлар бир-бирини эшитиш учун шароит бўлмаса, шовқин-сурон ва қошиқ, косаларнинг тарақлаши, қолаверса вақт масаласи.
Парҳезнинг фойдаси йўқ
Зиёфатлар одамларни бирлаштириши билан бирга, уларга ортиқча вазн ҳам қўшиши мумкин. Кўпчилик тўй ёки гап-гаштакка борганда «Ёқмаса, ейиш шарт эмас» деб ўйламайди, чунки бу меҳмондорчилик маданиятига тўғри келмайди. Ҳеч ким «мазам йўқ» ёки «парҳездаман» дейишга журъат қилмайди. Қолаверса, айрим тадбирларда ёғли ва ширин таомлар шу қадар кўп бўладики, ҳатто парҳез қилмоқчи бўлган одам ҳам ўзини тия олмайди.
Бундан ташқари, тадбирларда кўп ўтириш, кам ҳаракат қилиш ҳам семизликка олиб келади. Меҳмон бўлиб борган жойда айланиб юриш, сал югуриш ёки машқ қилиш мумкин эмас-да.
Ижтимоий тармоқларга кўчган маъракалар
Авваллари одамлар бировнинг уйига меҳмонга бораётганини айтиб қўйишнинг имкони бўлмаган. Шу боис меҳмондорчилик кам бўлган. Илгари тўйлар, юбилейлар, турли йиғилишлар фақат оила ва маҳалланинг ичида муҳокама қилинарди ҳозир ижтимоий тармоқлар орқали улар кенг ёйилмоқда. Бугунги кунда кимдир бирор тадбир ўтказмаса, у «камчилик»дек қабул қилинади. Аксинча, ўз тадбири ёки байрами ҳақида ижтимоий тармоқларда гапирмаган одам «унчалик ҳам муҳим эмас»дек кўрилиши мумкин. Шу сабабли кўплаб одамлар нафақат ўзлари хоҳлагани учун, балки ижтимоий тармоқларда кўриниш бериш учун ҳам тадбирлар уюштиришга ҳаракат қилади. Қовун-қовундан ранг олибди дегандек, гуруҳ-гуруҳ бўлиб йиғилишлар шу ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширилмоқда. Қариндош уруғлардан ортиб ижтимоий тармоқ яъни виртуал дўстларга ҳам вақт топаяпмиз. Топмаса, бормаса бўлмаса...
Гап-гаштак, чойхона, тўй, базмлар, туғилган кун, байрамлар ва уларни ўтказишга сабаблар ҳаддан ортиқ кўпайиб кетмаяптими? Қачон мундоқ яшаш учун вақт топамиз ёки яшамоқ дегани шуми?
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter