Сурхондарёда фуқаро 82 килодан ортиқ гиёҳванд модда билан қўлга олинди

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида яшовчи 1977 йилда туғилган, муқаддам судланган фуқаро ДХХ ва ички ишлар органлари ўтказган тезкор тадбирда 82 кг. 478 гр. «опий» гиёҳвандлик моддаси билан қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Манбага кўра, қўлга олинган шахс тожикистонлик наркокурьерлар томонидан Узун туманидаги хуфия жойда қолдириб кетилган моддани 2000 доллар эвазига маҳаллий фермер хўжаликларидан бирининг нотурар биносига яшираётган жойида қўлга олинган. Аниқланишича, у олган хизмат хақи эвазига, тожикистонлик наркосавдогарнинг кўрсатмасига асосан, гиёҳвандлик моддасини келгусида белгиланган жойга элитишни мақсад қилган.
Шунингдек, ДХХ ва ИИВ ходимлари ҳамкорлигида Наманган вилоятининг Косонсой туманида ўтказилган тезкор тадбирда 2001 йилда туғилган фуқаро синтетик гиёҳвандлик воситаларини «закладка» тарзида жойлаштираётган вақтида қўлга олинди.
Бошқа бир ҳолатда эса Тошкент шаҳрида вақтинча яшовчи, 2001 ва 2002 йилларда Қашқадарё вилоятида туғилган 2 нафар шахс Россиядан халқаро почта жўнатмалари орқали 7 кг. 313 гр. синтетик каннабиноид аналоги бўлган «5-Fluro-ADB» гиёҳванд моддасини қабул қилиб олганларида қўлга олинди.
Маълум қилинишича, мазкур гиёҳванд модда Ўзбекистонга бошқа товар номи остида пластик идишларда юборилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter