Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сурхондарё ҳокимининг собиқ ўринбосари вафот этди

Сурхондарё ҳокимининг собиқ ўринбосари вафот этди

Меҳнат фахрийси, халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгаши депутати Мавлуда Қобулова бугун, 14 апрел куни 63 ёшида оламдан ўтган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги маълум қилди.

«Меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон, яқин дўст Мавлуда Қобулованинг ёрқин хотираси қалбларимизда абадий сақланиб қолади», дейилади вилоят ҳокими бошчилигидаги бир гуруҳ масъуллар таъзиясида.

М.Қобулова меҳнат фаолиятини 1977 йил Денов тумани марказий касалхонаси болалар бўлимида оддий ҳамшираликдан бошлаб, Денов тумани марказий касалхонаси туғруқ бўлими шифокор-интернаси, шифокор неонотологи, бош неонотологи, шифокор-статисти, Тошкент педиатрия тиббиёт институти оператив хирургия ва топографик анатомия кафедраси ассистенти, доценти, ўқув-услубий бўлими бошлиғи, Денов тумани “Ҳазарбоғ” қишлоқ шифохонаси бош шифокори, Денов тумани марказий касалхонаси бош шифокорининг ташкилий-услубий ишлар бўйича ўринбосари вазифаларида ишлаган.

Узоқ йиллар Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари - хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритиб, вилоятда хотин-қизларнинг жамиятдаги роли ва мавқеини ошириш йўлида самарали меҳнат қилган. У хотин-қизлар қўмитаси тизимидаги кўп йиллик фидокорона меҳнати билан нафақат вилоятимиз балки, мамлакат миқёсида салоҳиятли раҳбар аёл сифатида танилган.

Етакчи раҳбар аёл ва етук ташкилотчи Мавлуда Қобулова сўнгги йилларда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг Сурхондарё вилоятидаги ҳудудий бўлинмаси раҳбари лавозимида фидокорона хизмат қилиб келаётган эди.

Мавлуда Қобулова 2018 йилда «Меҳнат шуҳрати» орденига сазовар бўлган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг