Сирдарёда ўнлаб хонадонларни сув босди (фото)
Юзага келаётган сурункали ёғингарчиликлар туфайли Сирдарё вилояти Сирдарё туманидаги хўжаликлараро коллекторининг Бахт шаҳарчаси ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида сув сатҳининг меъёридан ошиб кетган.
Натижада қишлоқ хўжалигининг шудгор ерларига, маҳаллалар ва аҳоли яшаш хонадонларига, хусусан, Бахт шаҳридаги хонадонларга сув кирган, дея хабар бермоқда ФВВ.
Зудлик билан вазият оқибатларини бартараф этиш мақсадида Бахт шаҳри ИИБда тезкор штаб ташкил этилиб, туман ҳокимлиги, ФВБ, ИИБ, МГ ходимлари ва маҳалла вакилларидан иборат 3 та ишчи гуруҳ тузилди.
Ишчи гуруҳ томонидан сув тошган хонадонлар аҳолисини хавфсиз ҳудудларга кўчириш ҳақида огоҳлантириш хатлари берилиб, «Хазина» МФЙдан 20 та хонадонда яшовчи 68 нафар фуқаро вақтинчалик яқин қариндошлари хонадонларига кўчирилди. Кўчирилган аҳоли учун тиббий ва бошқа таъминот тадбирлари ташкил этилди.
Юзага келган сув тошиш оқибатларини бартараф этиш учун вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Автойўл хизмати, Сув хўжалиги вазирлиги вилоят тузилмалари куч ва воситалари жалб қилинган.
Шунингдек, воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар вазири бошчилигида Махсус вазифалар бўйича республика қутқарув марказидан қутқарувчилар етиб борган. Бундан ташқари, Жиззах ва Тошкент вилоятлари ФВБларидан қўшимча куч ва воситалар сафарбар этилиб, ҳозирда сувни чиқариш ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча ҳам сел оқибатида республикадаги бир қанча кўприкларга зарар етган, Самарқанд шаҳрида эса уйларни сув босганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter