Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Бизнес омбдусман тадбиркорни ҳимоя қилади – тадбиркор миллий бренд яратади ёхуд Сирдарёда нималарни кўрдик?

Бизнес омбдусман тадбиркорни ҳимоя қилади – тадбиркор миллий бренд яратади ёхуд Сирдарёда нималарни кўрдик?

фото: Xabar.uz

Пресс-турда ҳар доим янги қаҳрамонларни кашф қиламан. Қолаверса, бундай тадбирлар юртимизда бўлаётган ўзгаришларни кузатиш ва муаммолар билан юзлашиш имкони ҳам беради. Кейин кўрган, эшитганларимни тарозига қўяман. Замондошим босиб ўтган йўллари: муаммолар ва  узатилган қўллар орқали эришган ютуқларини сарҳисоб қиламан.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсман девони ОАВ вакиллари учун Сирдарёга уюштирган пресс-тур кутганимдан кўра кўпроқ таассуротларга бой бўлди. Мавзу «Миллий брендлар орқали глобал бозорга: Сирдарёда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва бизнес имкониятлари».

Ҳис қилганим тадбиркорлик – шунчаки тадбирли ва уддабурон бўлиш дегани эмас экан. Тадбиркор қонунни билиши, ҳуқуқини ҳимоя қилиши ва давлат идоралари билан тенг муносабатда гаплаша олиши керак бўлган шахс. Аммо, амалиётда бу доим ҳам шундай бўлавермайди. Жойларда тадбиркор ҳуқуқлари бузилаётгани, баъзида эса унинг қонундан бехабарлиги оқибатида тўсиққа учраётганини семинарда иштирок этаётган жонли гувоҳлар–тадбиркорлардан билиб олдик. Улар бизга Бизнес омбудсманнинг бу масалада қандай ёрдами тегаётганини айтиб беришди.  

Умуман олганда Бизнес-омбудсман институтининг бутун фаолияти давомида (8 йилда) тадбиркорларнинг қарийб 50 мингта мурожаатлари кўриб чиқилган. Аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича давлат органларига нисбатан 14 мингдан ортиқ ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилган.  

Давлат органларининг 1 300 дан ортиқ қарор ва ҳужжатлари бекор қилинган, 10 мингдан ортиқ мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган, тадбиркорларга ноқонуний олиб қўйилган 12,6 минг гектардан ортиқ ер майдонлари қайтарилган. Тўғри танқидни яхши кўрадиган журналистлар учун бу фактлар оддий сонлардан иборат ҳисобот бўлиб кўриниши мумкин. Аммо ҳар бир рақам ортида бир инсон тақдири турибди. Ва ўша рақамлар ортидаги ҳар бир тадбиркор бугун юрт равнақига ҳисса қўшмоқда.

Тадбиркорлардан талаб қилинадигани эса юқорида айтганимиздек, ўз ҳуқуқини билиш ва ҳуқуқи бузилганда Бизнес-омбудсман каби ваколатли ташкилотларга ўз вақтида мурожаат қилиш. Бугунги технология ривожланган замонда Бизнес-омбудсман девони тадбиркорларни максимал даражада қамраб олиш учун рақамлаштиришга алоҳида урғу берган –  «Ягона давлат назорати» ҳамда «Тадбиркор виртуал офиси» ахборот тизимлари мавжуд. Ушбу тизимлар орқали тадбиркорлар фаолиятида текширувларнинг қонунийлиги масофадан туриб мониторинг қилинади ҳамда уларнинг мурожаатлари бўйича тезкор ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади.

Доим аҳоли орасида ёки ижтимоий тармоқларда илгариги ёпилиб кетган завод-фабрикаларни қўмсайдиганларни учратаман. Мана бундай пресс- турлар орқали эса ўша даврда бўлмаган цех ва заводларни, корхоналарни кашф қиламан. Ва беихтиёр биз кўниккан бир пайтлардаги завод-фабрикалар йўқдир, лекин бошқача, замон талаби билан бунёд бўлаётган тадбиркорлик корхоналари бор. Фақат фарқи ҳозир ишчиларнинг меҳнати енгиллашган, станоклар автоматлаштирилган, компютерлар билан бошқарилади... 

Биз борган илк манзил – «WANG DA GROUP» Президентимизнинг тадбиркорлар билан илк очиқ мулоқотида муаммоси ҳал бўлган корхона 2017 йилдан буён Сирдарёда турли ишлаб чиқариш йўналишларида фаолият олиб боради. 2020 йилда металлопрокат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳасини ишга тушириши арафасида индукцион печлардан фойдаланишга қўйилган тақиқ натижасида корхона иқтисодий қийин вазиятга тушиб қолади. 2021 йилда Президентнинг тадбиркорлар билан илк очиқ мулоқоти давомида корхона томонидан кўтарилган ушбу масала ижобий ҳал этилди. Тегишли қарорга қўшимча киритилиб, саноат хавфсизлиги талабларини бажарган ҳолда қурилиш учун металл маҳсулотлари ишлаб чиқарган корхоналарга индукцион печлардан фойдаланишга рухсат берилган.

Яна бир «EURASIA GAZ BETON» корхонаси 2019 йилда ташкил этилган. Нидерландиядан олиб келинган ускуналар газаблок ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, йилига 450 минг куб газабетон ишлаб чиқариш ва 6 млн. долларлик маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятига эга.

Аввалгидай ҳамма иш қўлда бажарилмайди. Шу ерда ишлаётган Дурбек исмли ёшгина йигит маҳсулотнинг қанча босимга чидамли эканлигини ўлчаб кўрмоқда, куч ишлатиб эмас, балки компютер ёрдамида...

Хўш бизнес омбудсман бу завод билан қандай танишган?

Шу корхона мутахассиси А. Ҳамзаевнинг бизга маълумот беришича, заводни қуриш жараёни карантин пайтига тўғри келгани сабабли ўз муддатида якунланмаган ва солиқ органлари томонидан 3,3 млрд сўм мол-мулк солиғи ҳисобланган. Бизнес-омбудсман томонидан тегишли масъул ташкилотлар масалага жалб қилиниб, қайта ҳисоб-китоб натижасида мурожаатда қайд этилган ортиқча солиқлар бекор қилинишига эришилган!  

Пресс-турнинг навбатдаги манзилларидан бири «POLY TEX SIRDARYO» МЧЖ корхонаси бўлди. Ўтмишнинг суратларига қарасангиз завод-фабрика ишчилари қанчалик оғир шароитларда ишлаганини кўрасиз. Ҳар бир калава олдида бир ишчи ишлаётганига кўзингиз тушади. Бугун ундай эмас. Компютерни бошқарадиган ишчилардан ташқари цехда  фақат узилган ипларни улаётган ва тугаган калаваларни алмаштираётган аёлларни учратасиз.

2011 йилда ташкил этилган ушбу корхона Германия давлатидан олиб келинган ускуналар ёрдамида ип калава маҳсулоти ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Йиллик қуввати 6 минг тонна бўлиб, 8 млн. долларлик маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятига эга. Корхона 1200 дан зиёд кишини иш билан таъминлаган.

Корхона раҳбари газ таъминоти корхонаси томонидан ҳисобланган қарздорликни қайта ҳисоб-китоб қилишда амалий ёрдам сўраб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилган.

Бизнес-омбудсман томонидан масалага тегишли масъул ташкилотлар жалб қилинди. «Ҳудудгаз Сирдарё» газ таъминоти филиали томонидан МЧЖга қарашли пахтани қабул қилиш ва ип калава ишлаб чиқариш муассасасида сарфланган табиий газ бўйича ҳисобланган қарздорликни қайта ҳисоб-китоб қилиб берилиши таъминланди.

Тайёр туринг, пресс турнинг энг қизиқарли ва қизиқарли саёҳатига гувоҳ бўласиз.

Пресс-тур якунида Сайхунобод туманининг аҳолини камбағалликдан чиқариш борасидаги муҳим тажрибаси билан танишилди. Ўтган йили март ойида давлат раҳбарининг Сайхунободга ташрифида берилган топшириқлар асосида, бу ерда янгича ёндашув жорий этилди, яъни Сайхун тажрибаси: «1 сотих томорқадан камида 1-2 миллион сўм даромад» мезони асосида аҳоли учун бизнес режалар ишлаб чиқилди.

Бунда иссиқхоналар ташкил этилиб, талаб юқори бўлган маҳсулотлар етиштириш йўлга қўйилиши, паррандачилик  ва бошқа кичик бизнес лойиҳалари кўзда тутилган эди. Кўзда тутилгани бошқа амалий иш бошқа-да. Фақатгина тинимсиз тарғибот, аҳоли орасида бўлиш ижобий самара бериши мумкин.

– Баъзи одамларни «уйғотиш» кераклиги маълуми бўлиб қолди, – дейди биз билан суҳбатда, юртимиз раҳбари ўзи ишонч билдирган Сайхунобод тумани Савдо-саноат палатаси бошлиғи Шоира Шаматова. – Масалан икки қўшнининг рўзғорини олайлик, суви бир, ери бир, ишчи кучи бир. Бирининг ҳовлиси обод, ҳаёти фаровон, иккинчиси эса қайсидир дафтарда рўйхатда туради. Шунда билдимки, қийналган одамларга балиқ эмас қармоқ бериш керак экан. 70 га яқин тарғиботчиларни, яъни «уйғотувчи»ларни тайёрладик, семинарлар ўтказдик. Уларнинг иши томорқаси бор хонадонларга бориб одамларни ишлашга ундаш. Уларнинг бедасини ўрдириб даромад келтирадиган экин экдиришнинг ўзи бўлгани йўқ...

 

– Доим одамларга айтаман уйингга меҳмон келса бир боғ бедани олдига қўёлмайсан, дарахт  ёки узум эксанг келган меҳмонингни мева билан сийлайсан, ортганини сотасан. Бўш ётган ерингни боғ қил, мана мен 13 сотих жойда узумзорим бор, ҳамма қатори ҳовлимда, йилиги 50 миллион сўмгача даромад оламан, ундан ташқари деярли ҳамма масжидларга тарқатаман, қўшниларимга бераман, – дейди Турон маҳалласида яшовчи  75 ёшли отахон Турсунбой Арипов. – Дам олмайсизми, қариганда ишлаб нима қиласиз, дейишади. Мен дам олиш учун дунёга келмаганман. Меҳнатларим, одамларни ишлашга даъватим туфайли юртимиз раҳбари эътиборига тушдим – ер юмшатадиган трактор беришди. Қаерда бўш ётган ерни кўрсам ғашиб келади, ерга ичим ачийди, ота-боболарим водийлик, турмуш ўртоғим, келиним водийлик. Биласиз у томонларда бир қарич ер ҳам бўш турмайди.

Ҳа гап буёқда эканда. Мен узумларнинг бундай кўтарилган ҳолатини фақат Фарғонанинг Олтиариғида кўрган эдим. Ростдан ҳам водийликлар меҳнаткаш ва бир парча ерни ҳам қуруқ қўймайди деган гапнинг ҳақиқий исботини кўрдим. Шу ўринда айтиб ўтиш керак четга энг кам ишлагани кетадиганлар бу водийлик ҳамюртларимиздир.

Отахоннинг ўғли Сайҳунобод тажрибасидан кейин тадбиркорларга янаям кенг имктиёзлар берилганини эшитиб Россиядан қайтиб келади...

– Опа мен Россиядан қайтсам нима иш қила оламан, қандай бизнес бошласам бўлади, деб сўради Азамат бир телефонда гаплашганимизда, – дейди Шоира. – Қандай иш бошлайман десанг ёнингда турамиз, қайт уйингга дедим. Ҳеч қанча ўтмай Азамат оиласи бағрига қайтди.

–Мен ўн йил олдин имконсизликдан Россияга кетганман, ўшанда ҳам шу паррандачиликни йўлга қўймоқчи бўлиб жуда кўп тўсиқларга учраганман, – дейди, Азаматнинг ўзи биз билан суҳбатда. – Ҳозир Ўзбекистонда имкониятлар кенгайибди, ўтган йили 500 та товуқдан тасаввур қилинг ҳар куни 495 та тухум олардим. Ҳеч қачон тухумга талаб пасаймаган.  Германиядан келтирилган тухумдан очирилган 2000 та жўжа боқаяпман. Ҳар бирини 10 минг сўмдан олган жўжаларим ҳар икки кунда устига икки минг сўмдан қўшилмоқда, ўтган куни донасини 24 мингдан сўрашганди, мана бугун 26 минг сўмга чиқди. Кейинчалик уларнинг сонини 100-200 мингга етказиш ниятим бор.

Ҳовлидан чиқиб кеататётганимда 10-12 ёшлардаги қизалоққа кўзим тушди. У билан бироз суҳбатлашдим, даданг уйда эканлиги яхшими деб сўрадим, тортинчоқ қизалоқ кўзи ёшга тўлиб биргина гап айтди: энди дадамни соғинмайман (ҳар куни олдимда демоқчи бўлди).

Кетаётганимизда Шоира фахр билан машинани кўрсатиб деди: «бу ўтган йили Президентимизнинг отахонга қилган ҳадяси».

Азамат ҳамюртларимизга қарата бежиз хорижга кетмангсизлар, ўзимизда ҳам имкониятлар кенгаймоқда, қайтингсизлар, ҳатто уёқлардан яхшироқ пул топишингиз мумкин ўз меҳнатингиз билан демади. Чунки отасига ўз юртида кўрсатилган мурувват, кўрсатилган эътибор учун миннатдорчилик билдириш унинг ҳам инсоний, ҳам виждоний бурчи эди-да.

Яна бир хонадонга йўл олдик. Бу файзли уйда «Ибратли оила» кўкрак нишони соҳиблари яшашар экан. Бу ибратли оилада 6 ўғил вояга етган... 86 ёшли кўп йиллар ўқитувчи бўлиб ишлаган Йўлчи ота Раҳмонов фахрланади: «Йўлчиевлар оиласида 17 нафар олий маълумотлилар бор». Фарзандларингиз орасида Россияга кетганлари йўқми, деб сўрайман, йўқ дейди бошини сарак- сарак қилиб отахон, Америкада яшаётгани бор...

Бу оилада булғор қалампири учун иссиқхона қурилган.

– 7 сотих ерга ўтган йили 48 миллион кредит олиб иссиқхона қурдим, ҳар йили икки марта экин экиб 40 млн. сўмга яқин даромад олардик, бу йил март ойининг бошида булғор қалампирини эккан бўлсам ёзнинг бошидаёқ 22 миллион даромад олдим, яна 4-5 ой узлуксиз бозорга етказиб берамиз, – дейди Йўлчи отанинг ўғилларидан бири Акром Раҳмонов...

Ҳар икки хонадондаги яшилликни кўриб Сирдарёда сув йўқ, қуриб қақшаб кетади экин экилса деган фикрлар дангасалар ўйлаб топган гапмикан, деб ўйлаб қолдим.

Кичкинагина ҳовлида ўрикнинг икки уч хил нави, олмалар, помидор бодринглар пишиб ётибди... ҳатто машина баллони ичига ҳам гул экилган...

Пресс-тур ниҳоясига етди. Йўлда ҳам унинг таасуротлари мени тарк этмади: ростдан нима учун ҳовлиси бир, томорқаси бир, суви бир, ишчи кучи бор бир хил оилалар фаровон, бир хил оилалар эса камбағал...

Шунда... Турсунбой отанинг гаплари эсимга тушди: «Менинг ғашим келади томорқаси бўлиб ишламай ётган одамни кўрсам, уришиб келаман уйига бориб туриб ишланглар, мен ўргатай, тўкин яшанглар дейман, ёки бўлмаса боғча болларини, мактаб болаларини олиб келинглар, боғимни кўрсатай ёшлигидан ерга меҳр қўйсин дейман...»

Кейин Шоиранинг гапини эслайман: «Баъзиларни ишлатиш осон эмас, уларни уйғотиш учун мана шунақа гуллаб-яшаган хондонларга олиб бораверишимиз, шунда ҳам ҳаракат қилмаса эшигининг тагида ётволишимиз керак ва оз-оздан бўлсаям натижага эришаяпмиз, шундай қилса бўларканда, менам энди иш бошлайман дейдиганлар кўпаяяпти. Кейин телефонда гаплашади: ҳа, ёрдам бераман, бораман, қачон борай опа... Савол назари билан қарайман, у: «Феруза опа телефон қилаяпти, келиним билан ўғлимни Россиядан қайтармоқчиман, менгаям иш ўргатинглар, ёрдам беринглар деяпти...»

Сафар таассуротларига сўнги нуқтани қўярканман, дилимда бир умид пайдо бўлди: албатта ёзганларимиз, айтаётганларимиз биргина одамни бўлса ҳам ўзгартиради. Яна бир оиланинг оила боши ёки фарзанди муҳожирликдан қайтса, шунда тажриба ўзини оқлаган бўлади...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг