Сирдарёда уйга ўғриликка тушган шахс 14 ёшли қизни пичоқлаб ўлдирди
Жорий йил 20 август куни соат 04:00ларда номаълум шахс Сирдарё вилояти Ховос тумани, Минор кўчасидаги уйларнинг бирига яширин кириб, уйнинг барча хоналаридан пул ва қимматбаҳо буюмларни излаш жараёнида ётоқхонада ётган 14 ёшли қизни, унинг юзини кўриб қолганлиги сабабли, пичоқ билан қасддан ўлдирган.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Xabar.uz нашрига маълум қилишича, шундан сўнг, ўғри пулларни қидиришни давом эттириб, уйнинг бошқа хонасида номоз ўқиш учун тайёргарлик кўраётган 78 ёшли аёлга пичоқ билан таҳдид қилган ҳолда пуллар қаерда эканлигини талаб қилган. Бироқ, аёлдан «пуллар йўқ» деган жавобни олгач, ҳодиса жойидан яширинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ховос тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноятни фош этиш борасида тергов-тезкор гуруҳи томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, ушбу жиноятни 1997 йилда Наманган вилоятида туғилган, муқаддам бир неча маротаба судланган, охирги маротаба 2018 йилда босқинчилик билан судланиб, ҳозирда манзил колонияда жазо ўтаётган шахс содир этганлиги аниқланди.
Жиноят иши доирасида гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter