Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шундай омборхоналар бор экан-у, биз билмаган эканмиз...

Шундай омборхоналар бор экан-у, биз билмаган эканмиз...

Фото: «Xabar.uz»

«Дори-дармон» АКга пресс-тур

25 декабрь куни бир гуруҳ журналистлар салкам 100 йиллик йўлни босиб ўтган «Дори-дармон» акциядорлик компанияси томонидан ташкил этилган «Марказий дорихона рецептура-ишлаб чиқариш бўлимида дори тайёрлаш жараёни» мавзусидаги пресс-турда қатнашишди.

Мазкур йирик компания таркибида 7та акциядорлик, 13та масъулияти чекланган жамият, 16та назорат-таҳлил лабораториялари, 17та улгуржи омборхона, 2195та ижтимоий дорихона ва дорихона шохобчалари фаолият юритиб, шундан 1436таси қишлоқ ҳудудларида жойлашган.

Махсус кондиционерли автотранспортлар

Пресс-тур иштирокчилари дастлаб компанияга қарашли омборхона фаолияти билан танишишга таклиф этилди. Тасаввуримиздан кўра анча кенг жойни эгаллаган омборхона бир неча бўлимлардан иборат экан.

«Омборхонамиз аввалдан шу ҳудудда жойлашган. Бошида кичик-кичик биночалардан иборат эди. Кейинчалик компания бўлганимиздан сўнг асосий келиб тушган даромаддан сиз кўриб турган иншоотлар қурилган – дейди бошқарма раиси ўринбосари Абдуғани Камилов. –  2013 йилда ушбу омборхонамиз тўлақонли ишини бошлаган. Юқори томонда гаражимиз, бурчакдаги бинода спирт сақлаш жойи, ўралган қисмда божхона ҳудуди, унинг ёнидан эса бутун жараёнлар олиб борилувчи асосий омборимиз ўрин олган».

Гараж ҳудудига ўтар эканмиз қатор терилган юк машиналарига кўзимиз тушади. Уларнинг аксарияти махсус музлаткичли юкхона билан таъминланган.

«Биз дори ташишга мўлжалланган ушбу транспортларни олиш учун вақтида «Ўзавтосаноат»га хат билан чиққанмиз. Фақат буюртма бериш орқалигина бундай транспортларни олиш мумкин экан – дейди молия бўйича директор Илёс Раззоқов. – Уларга ўрнатилган махсус кондиционерлар ичкаридаги ҳароратни 15 – 2 даража ўрталикда совутиб, қишда эса аксинча иситиш орқали бир хилликни сақлаб беради. Шу тариқа юкни, масалан, энг узоқ ҳудудларимиздан бири Қорақалпоғистон бўлса, 1200 км. масофага тегишли ҳароратда етказа оламиз. Хуллас, юкхонадаги ҳарорат бутун йўл давомида ҳайдовчи томонидан назорат қилиб борилади».

Уларнинг таъкидлашича, шундай дорилар борки, етказиб берилгунга қадар тегишли ҳароратда ушланмаса, озми-кўпми ўз хусусиятини йўқотиши мумкин.

Оловга қарши ҳимояланган бўлим

Омборхонанинг спирт сақлаш бўлими ҳам махсус жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, мутахассиснинг доимий назорати остида экан. Унинг асосий вазифаси – 96,6%ли спиртни тегишли қонун-қоидаларга кўра сақлаб, фақат даволаш муассасаларига етказиб бериш (дорихоналарда сотилмайди).  

«Спирт сақлаш бўлимимизга бир мартада 500 дал. (1 дал. 10 литр)гача спирт олиб келинади ва у 10 – 15 кунда керакли даволаш муассасаларига етказилади. Спиртни сақлашда хавфсизлик қоидаларига риоя этиш шарт. Масалан, биномиз ичи, кўриб турган жиҳозларингиз оловга қарши ҳимояланган, яна махсус сигнализациялар ҳам ўрнатилган» – дейди «Ўзбекистон дори таъминоти» МЧЖ раҳбари Абдувоҳид Иноғомов.

Бу ҳам даволаш муассасалари учун қайсидир маънода қулайлик, назаримизда. Чунки улар оз миқдордаги спирт учун Янгийўл ёки бошқа ҳудудларда жойлашган спирт ишлаб чиқарувчи заводларга бориб юришмайди.

Барча жараёнлар қатъий назорат остида

Асосий омборхонага кираётганда ҳамманинг ҳарорати ўлчаниб, қўлларга спирт билан ишлов берилди. Оёқларга бахилла кийиб олишимиз сўралиб, сўнг ичкарига таклиф этишди. Биз борган вақтда омборхонага айни юк қабул қилинаётган экан. Ҳар бир жараён қатъий назорат остида экани дарров сезилди.

Бошқарма раиси ўринбосари Абдуғани Камиловнинг айтишича, бу омборга маҳаллий компаниялардан келувчи дори-дармонлар қабул қилинади. Ён томонидаги божхона омборига эса хориждан импорт қилинган дорилар олиб кирилади.

Ушбу жараён билан бизни «Дори-дармон» МЧЖ директори Асқар Аюбжонов таништирди: «Бу бизнинг очиқ турдаги, умумий майдони 2400 кв. метрли божхона омборимиз. Унда дорилар қишин-ёзин 25 даражадан юқори бўлмаган ҳолатда сақланади. Келтирилган юклар ҳужжатлар асосида қабул қилиниб, муддати, яроқлилиги текширилади. Сўнгра божхона омборининг вақтинча сақлаш – 70-тартибига қўйилади. Лаборатория ходимлари билан бирга ҳар томонлама ўрганилиб, намуналар олинади, дори хусусиятидан келиб чиқиб, ҳаб дори шаклидагилар 7 кун, суюқлик кўринишидагилар 14 кун давомида сертификациядан ўтказилади. Мувофиқлик сертификати олингач эркин муомала тартиби, яъни импорт – 40-тартибга расмийлаштирилади. Шундан кейингина божхона омборидан махсус омборхонага берилади».  

6000 та контейнерни сиғдирувчи қурилма

Омборхонадаги асосий жараёнларнинг автоматлаштирилганини ҳисобга олсак, ходимлар иши анча тартибга солинган ҳамда енгиллашган. Фармацевт ходимлардан Дилафруз Халимованинг айтишича, улар учун яратилган шарт-шароит жуда яхши. Ҳаммаёқ озода, келиб-кетишлари учун махсус автобус ташкиллаштирилган. Иш жойлари қишда иссиқ, ёзда салқингина.

«Дори-дармон» акциядорлик компаниясининг жами ишчилари сони республика бўйича 500 га яқин экан. 

«Марказий омборхонамиз 4400 кв. метрдан иборат ва бу ерда 2та термолабиль дорилар сақланадиган 2 – 8 ҳамда 8 – 15 даражали холодилник ускуналар мавжуд, – дейди омборхона мудири Ихтиёр Тенглашов. – Ҳозирги кунда омборхонамизда 1700 хилдан ортиқ дори препаратлари сақланади ва улар қишин-ёзин бир хил шароитда ушланади. Бу ерда 30га яқин ходим ишлайди ва ҳар бирининг ўз вазифаси бор. Бундан ташқари, омборхонада Австриянинг «Schafer» айланали инновацион тизимида иш олиб борилади. У тўрт қурилмадан иборат бўлиб, ҳар бири юкларни ортиш ва тушириш қувватига эга алоҳида автоматик мосламалар билан жиҳозланган. Қурилма 4 айланали тизимда 6000тагача контейнерларни сиғдириш имконини беради».

Covid-box нима?

Шу пайт ҳаммамизнинг эътиборимиз оқ халат кийган ва чаққон ҳаракатлари билан қутичаларни қадоқларга жойлаётган ходимларга тушди. Кейин беихтиёр улар томон юрдик. Бизга ушбу жараён ҳақида «Дори-дармон» акциядорлик компаниясининг аналитика ва таҳлил бўлими бошлиғи ўринбосари Дилшод Ризаев маълумот берди:

«Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида бир қанча ижобий натижаларга эришилди. Республикамиздаги эпидемиологик вазият ҳам барқарорлашди. Ушбу жараёнда компаниямиз Covid-boxларни жамлашда ва тарқатишда фаол иштирок этмоқда. Бунинг учун дастлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияси асосида дорилар рўйхати шакллантирилди, кейин шифокорлар томонидан йўриқномалар тузилди. Мазкур қутида 5та номдаги дори воситалари мавжуд бўлиб, улар коронавирус беморлари билан мулоқот қилган ёки шу хасталикнинг олдини олиш учун тарқатилмоқда. Яъни у Covid-19ни даволашга мўлжалланмаган, фақат профилактика мақсадида етказиб бермоқда. Жамланма нархи 32,500 сўм атрофида бўлади. Уни шакллантиришда бизга маҳаллий ишлаб чиқарувчилар яқиндан кўмаклашмоқда. Пандемия бошланган вақтдан бери, ёзда авж олганини ҳисобга олсак, июл-август ойларида 200 мингта, сентябр-октябрда 300 мингта жамлаб, республика бўйлаб тарқатдик. Ҳозирги кунда яна 500 мингта ҳозирлашга бел боғлаб, шундан 184 мингтасини жойларга етказиб беришга эришдик. Covid-box тақсимоти Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аҳоли сони ёки касалликлар аниқланган ҳудудлардан келиб чиқиб белгиланади».

Шундан сўнг журналистлар Гиёҳвандлик дори воситалари ва психотроп дори моддаларини сақлаш омборхонасига ҳам бирров кириб чиқишди. Бу ерда 40-50 турдаги воситалар қатъий тартибда сақланиб, фақат тегишли ҳужжатлар асосидагина даволаш муассасаларига етказиб бериларкан.

Бизда ҳам шундай омборхоналар бор экан…

Бизда ҳам шундай омборхоналар бор экан-да, деган тасаввурга эга бўлган журналистлар буни албатта кенг оммага етказишини билдириб, яна Марказий дорихонага қайтишди.

Кўпчиликка яхши таниш «Дори-дармон» акциядорлик компаниясининг марказий дорихонаси шундоққина «Чорсу» бозори яқинида жойлашган. Баланд ва ёруғ, чиройли таъмирланган бинода аллақачон Янги йил байрами шукуҳи сезилиб турарди. Хушмуомала ходимлар, тартибли жойлаштирилган бўлимлар, бироз ҳордиқ чиқаришингиз учун қўйилган юмшоқ ўриндиқлар, унинг ўртасидаги ҳамма чарчоғингизни аритувчи яшил табиат ҳамда аквариумда сузиб юрган балиқлар, худдики дорихонага эмас, сиҳатгоҳга келиб қолгандек тасаввур уйғотади одамда.

Муаммолар ҳам йўқ эмас…

Бироқ биз компаниянинг ишлаб чиқариш бўйича директори Шуҳрат Икромовга соҳадаги муаммолар ҳақида савол берганимизда, у бироз ўйланиб қолди ва жавобни сал узоқроқдан бошлади.

«Дорихонада тайёрланадиган экстемпорал дори воситалари бутун дунёда ҳалигача сақланиб келмоқда. Масалан, Австралия, Англия, Австрия, Германия, Япония ва бошқа ривожланган давлатларда лицензия олиш учун дорихонанинг ўзида дори тайёрлаш бўлими ва малакали мутахассиси бўлиши шарт, акс ҳолда уларга лицензия берилмайди. Хусусан, Америкада йилига ўрта ҳисобда 30-40 млн., Германияда 14-15 млн. ўрам рецепт асосидаги дори воситалари тайёрланади.

Индивидуал дори-дармон тайёрлашнинг афзалликларига келсак, аввало, муддатининг янгилиги, иккинчидан шифокор рецепти асосида таркиби белгилаб берилса, бемор, шифокор ва фармацевт ўртасида боғлиқлик бўлади. Яна бир муҳим жиҳати – қалбаки дори сотиб олиш хавфи йўқолади. Шунингдек, бемор фақат дори учун пул тўлайди. Реклама, оммалашгани учун пул тўлаш дегани бўлмайди бу ерда.

Ҳозир бизнинг олдимизда иккита катта муаммо турибди. Очиғи, бунинг ечимида сизлардан ҳам ёрдам сўраймиз. Юқорида кимдир ишлаб чиқариш қувватимиз ҳақида савол берганди. Тўғри, аввал қувватимиз кўп бўлган. 2016 йилда республика бўйлаб 85та дори тайёрлайдиган дорихона бўлган. Лекин ҳозирга келиб 21 тадан ошиқроқ қолди. Камайиб кетишининг иккита сабаби бор. Биринчиси, дори тайёрлашда фойдаланадиган хомашё – субстанцияларни давлат рўйхатидан ўтказиш деган қонун билан боғлиқ. Илгари сертификация қилиб, бир марталик рухсатномалар бериларди. Энди чет элдан олиб келаётганда рўйхатдан ўтказиш шарт бўлиб, бу маълум бир молиявий харажатларни талаб қилади. Бироқ бизда дорихоналарда тайёрланадиган дориларга субстанциялар миқдори кўп эмас. Чет эллик ишлаб чиқарувчилар учун кам ҳажмга пул тўлаш қулай эмас.

Ривожланган давлатларда эса дорихоналарда тайёрланадиган экстемпорал дорилар фақат сертификация қилинади, лекин ишлаб чиқарувчининг янги стандартларга мослиги тўғрисида ҳамма ҳужжатлари бўлиши керак. Бизда ҳам айнан шу жараённи йўлга қўйиш лозим.

Иккинчи масала 2017 йил экстемпорал дориларнинг улгуржи савдоси тўхтатиб қўйилгани билан боғлиқ.

Бироқ бошимизга келган пандемия сабаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига асосан 2020 йил 1 октябргача дорихоналарда тайёрланадиган дори воситалари, тиббий буюмлар ва бошқа маҳсулотларни улгуржи сотишга рухсат берилди. Бу жараённинг амал қилиш муддати 2021 йил 1 январгача узайтирилди.

Компаниямиз пандемия даврида аҳоли ўртасида талаб юқори бўлган, коронавирус касаллигини енгишда самарали ҳисобланган Аскорбин кислотаси кукунини дорихонада туну кун тайёрлаб, Covid-19га қарши профилактика мақсадида жамланаётган дори воситалари тўпламига жойлаштирди. Бундан ташқари, ЖССТ томонидан тавсия этилган таркиб бўйича дезинфекция воситаси ҳам тайёрлаб, барча ҳудудларга тарқатди.

2020 йилнинг 11 ойида «Дори-дармон» акциядорлик компанияси марказий дорихонасида 1,5 млрд. сўмлик, тизим бўйича 2,7 млрд. сўмдан зиёд дори воситалари ва дезинфекция воситалари тайёрланди. Бу кўрсаткич компания бўйича 2019 йилга нисбатан 495%, тизим бўйича 63%га ўсишни кўрсатди».

Шоҳида Исроилова,
журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг