Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шотландияни тарихда илк бор мусулмон сиёсатчи бошқаради

Шотландияни тарихда илк бор мусулмон сиёсатчи бошқаради

Фото: AP

27 март куни покистонлик муҳожир фарзанди бўлган Ҳумза Юсуф Шотландия миллий партияси (SNP) раиси этиб сайланди. 37 ёшли сиёсатчига партиядошларининг 52 фоизи ишонч билдирган.

Шу тариқа Ҳумза Юсуф Шотландия тарихидаги илк мусулмон етакчи сифатида тарихга кирмоқда. Бугун, 28 март куни парламент уни Шотландиянинг биринчи вазири сифатида тасдиқлаши кутилмоқда. 

Аввал хабар берганимиздек, Шотландиянинг биринчи вазири ва миллий партия етакчиси Никола Стержен жорий йил февраль ойида 8 йиллик раҳбарликдан сўнг истеъфога чиқишини эълон қилган эди.

Иқтидордаги партия етакчилиги учун сайлов 13 март куни бошланди. Овоз бериш жараёнида Ҳумза Юсуф собиқ молия вазири Кейт Форбс ва собиқ жамоат хавфсизлиги вазири Эш Риганни ортда қолдирган ҳолда раисликка сайланди.

Ҳумза Юсуф 1985 йили Глазго шаҳрида покистонлик муҳожир оиласида туғилган. Глазго университетида сиёсатшунослик йўналишида  таҳсил олгач, давлат бошқаруви тизимида карьера қуришга киришган. Никола Стержен ҳукуматида адлия, соғлиқни сақлаш вазири каби масъул лавозимларда фаолият юритган. У 2011 йилда Шотландия парламенти депутатлигига сайланганида инглиз ва урду тилида қасамёд қилган.

Шотландия миллий партиясининг янги раиси Буюк Британия таркибидан ажралиб чиқиш ва мустақиллик учун курашни асосий мақсад ўлароқ эълон қилган.

2014 йили Шотландияда мустақиллик учун референдум ўтказилган. Ўшанда кўпчилик электорат суверенитет ғоясини рад этган. Шотландия Англия билан иттифоқ тузганига кўп замонлар бўлди, 1707 йилда икки ўлка ягона қиролликка бирлашган эди. Аммо асрлар ўтса-да, умуминглиз руҳи шотланд миллатпарварлигини ютиб юбора олмади.

Ҳумза Юсуф бошчилигидаги янги маъмурият яна бир бор референдум ўтказишга уриниб кўради.

Сиёсатчи ОАВга берган интервьюсида Глазгода кечган болалик даврида ирқий камситишларга дучор бўлганини хотирлаган. Шунга кўра у янги лавозимда этник озчилик вакиллари ҳуқуқини ҳимоя қилиш йўлида ҳам жонбозлик кўрсатишини таъкидлаган.  

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг