Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дунё мусулмонлари мўътабар санани байрам қилмоқда

Дунё мусулмонлари мўътабар санани байрам қилмоқда

Фото: Muslim.uz

Айни кунларда бутун дунё мусулмонлари, жумладан, юртдошларимиз Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд санаси – Мавлиди шарифни ўзгача шукуҳда байрам қилмоқда.

Мамлакатимиздаги жоме масжид ва диний таълим муассасаларида Мавлид руҳини сезиш мумкин. Пештоқ ва йўлаклар муборак ой фазилатини акс эттирувчи лавҳа ва сийратга оид ояти карима, ҳадиси шариф ва саловатлар билан безатилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабарига кўра, масжидларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал одоб-ахлоқларига оид мавъизалар қилиниб, қорилар Имом Барзанжийнинг «Мавлиди шарифи»ни ўқимоқда.

«Вақф» фонди ҳомийлар билан бирга эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз қариялар ва меҳрибонлик уйларига «Мавлид ҳадялари» улашмоқда.

Мусулмонлар идораси мукофоти Ҳаж йўлланмаси бўлган «Оламларга раҳмат пайғамбар» номли сийрат танловини эълон қилган.

Жаҳон мусулмонлари ҳам 27 сентябрь тунида Мавлид кечасини ибодату дуолар билан қарши олди.

Аё София жомеси. Фото: AA

Аnadolu агентлиги хабар беришича, Туркиядаги кўплаб жомеларда, хусусан, Истанбулдаги Аё София, Султон Аҳмад, Фотиҳ, Сулаймония каби йирик масжидларда ушбу кеча Қуръон тиловати, тунги намозлар, «Мавлиди шариф» қироати билан ўтказилган.

Яманда муборак сана муносабати билан юзлаб бино ва машиналар яшил рангга бурканган.

Туниснинг Қайрувон шаҳридаги Уқба бин Нофеъ масжидида Мавлид тунида минглаб мусулмон жам бўлган. Бутун Шимолий Африкадаги энг кўҳна масжидлардан саналган жоме (Уқба бин Нофеъ масжиди милодий 673 йилда барпо этилган) қўшни ўлкалардан келган меҳмонларни ҳам ўз бағрига олган. Мусулмонлар мўътабар санани қироат, салавот ва нашидалар билан нишонлаган.

Қайрувондаги 1300 йиллик масжид. Фото: AA

Робиъул аввал – ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг учинчи ойидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ойнинг ўн иккинчиси (баъзи манбаларда 8, 9 ёки 10), душанба куни (милодий 571 йил, апрель ойида) дунёга келганлар. Шу боис робиъул аввал “Мавлид ойи” деб номланади. Мавлид «туғилиш» деган маънони англатади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси робиъул аввални Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни янада кучлироқ севишга интилиш, сийратларини ўрганиш, у зотга ҳар бир ишда эргашиш, кўпроқ салавоту дурудлар йўллаш билан ўтказишни тавсия қилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг