Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ширин, мазали, фойдали кешью (гажак ёнғоқ)дан «қонли кешью»гача

Ширин, мазали, фойдали кешью (гажак ёнғоқ)дан «қонли кешью»гача

foto: xabar.uz, chatgpt

Интернетда кешью ёнғоғини қарсиллатиб мазза қилаётган блогерни кўриб ушбу мева ҳақида билгим келди. Чунки кешью энг машҳур, энг қиммат ёнғоқлардан бири бўлиб, унинг таъми ёқимли ва у ҳақда яна билганларим – саломатликка фойдали хусусиятлари жуда кўп экан. Масалан юрак учун фойдали – Омега-3 ва Омега-6 ёғ кислоталари таркибида бўлиб, холестеринни назорат қилади. Иммунитетни мустаҳкамлайди – С витамини ва антиоксидантлар мавжуд. Суяк ва тишларни мустаҳкамлайди – кальций, магний ва фосфорга бой. Қон босимини туширади – таркибидаги магний ва калий сабабли гипертонияга фойдали. Тери ва соч учун яхши – Е витамини терини ёш сақлайди, биотин эса сочларни мустаҳкамлайди.

Кешью мойи (ёғи) табиий крем ва косметик маҳсулотлар таркибида учрайди.

Дарахтидан клей ишлаб чиқарилса, ёнғоқ қобиғидан техник мой олиш учун ишлатилади. Бу мойдан саноатда махсус клей ва лаклар учун фойдаланилади.

Кейин ушбу ёнғоқ етиштириладиган мамлакатларга қизиқдим – у  асосан Ҳиндистон, Вьетнам, Бразилия ва Африка мамлакатларида етиштирилади.

Кешью қандай етиштирилади?

Кешью Anacardium occidentale деб номланган дарахт мевасининг уруғи. Энг қизиғи бу мева икки қисмга бўлинган:


кешью ёнғоғи ва олмаси (cashew apple) – сувли ва ширин, бироқ қисқа муддат сақланадиган мевалар тоифасига киради. Мевасини ўша жойнинг ўзида ейиш мумкин, ўта сувли ва юмшоқлиги боис узоқ жойга етказишнинг имкони йўқ. 


Қизиғи шундаки, кешью ёнғоғи махсус ишловдан ўтказилмасдан истеъмол қилинмайди. Унинг пўчоғи урушиол (urushiol) номли заҳарли модда сақлайди, терига тегса, аллергия ва қичишиш келтириб чиқариши мумкин. Агар кешью пўстини тўғридан-тўғри ейилса, у оғиз ва ошқозон шиллиқ қаватини кучли қичишиш ва куйиш билан зарарлаши мумкин. Шунинг учун бозордаги кешью ҳар доим тозаланган ва қайта ишланган ҳолда сотилади.

Заҳарли моддалардан қандай халос қилинади?

Кешью ёнғоғи пўстидаги заҳарли моддаларни йўқ қилиш учун 220–240°C ҳароратда қовурилади.


(Суратлар интернет очиқ манбадан олинди)

Бу жараён урушиол моддасини буғлантириб, уни камайтиришга ёрдам беради. Баъзи заводлар кешьюни қовуриш ўрнига юқори ҳароратли буғ билан ишлов беради. Бу ҳам урушиолни йўқ қилади.

Демак агар сиз бозорда «хом кешью» кўрсангиз, эҳтиёт бўлинг! У тайёрланганига ва зарарсиз эканига ишонч ҳосил қилинг.

Менда яна савол туғилди, тайёр ҳолга келтириш учун қандай технологиялар жалб қилинади – кешью пўстлоғи заҳарли экан, демак унинг иши ҳам оғир, ҳам эҳтиёткорликни талаб қилади.

Афсуски у айнан терини зарарласа-да, асосан қўл меҳнати жалб қилинади. Унинг пўстлоғини машина билан тозалаш қийин. Ҳозирча кешью ёнғоғини автоматик равишда, ҳеч қандай зарарсиз очиш мумкин бўлган самарали машина мавжуд эмас. Агар машина орқали очилса, кўп ҳолларда ёнғоқ шикастланади ёки ички қисмга заҳарли суюқлик тегиши мумкин. Шунинг учун ҳам кўп жойларда қўл меҳнати ҳали ҳам устувор.

Қўл меҳнати анча арзон

Кешью асосан Ҳиндистон, Вьетнам, Африка давлатларида ишлаб чиқарилади. Бу ерларда ишчи кучи арзон ва завод эгалари замонавий машиналар сотиб олиш ўрнига арзон ишчиларни ёллашни маъқул кўришади. Кешью саноатидаги айрим заводлар замонавий автоматлаштирилган технологиялардан фойдаланмоқда, лекин улар ҳали ҳам кам. Масалан, Ҳиндистон ва Вьетнамда ярим автоматик машиналар бор, улар кешьюни тозалашда қўлланади. Африкада автоматлаштирилган заводлар жуда кам, чунки бу машиналар қиммат. Европа ва АҚШда кешью асосан импорт қилинади, шунинг учун уларда ишлаб чиқариш технологиялари йўқ. Қиммат – автоматлаштирилган заводлар очиш учун катта сармоя керак. Қўл меҳнати эса арзон – афсуски, камбағал мамлакатларда ишчиларга жуда кам ҳақ тўланади, шунинг учун уларни ишлатиш осонроқ. Қолаверса, айрим ишлаб чиқарувчилар пўстлоқни қўлда ажратиш ёки саралашни яхшироқ деб ўйлайди.

Нега асосан аёллар ишлайди?

Эркакларга қараганда уларнинг меҳнати арзонроқ баҳоланади ва аёллар майда қўл меҳнатига жуда тез мослашувчан. Афсуски кўп аёллар кунига $2–$3 миқдорида ҳақ олади, бу эса камбағаллик чегарасидан ҳам паст. Айрим минтақаларда болалар ҳам бу ишларга жалб қилинади. Ҳар бир ёнғоқни битталаб қўл билан арчийдиган аёллар 10–12 соатлаб ишлашга мажбур. Кўпчилик норасмий ишчи бўлгани учун меҳнат ҳуқуқларидан фойдалана олмайди. Кешью ёнғоғи ишлаб чиқариш бўйича етакчи давлат Вьетнам фабрикаларида ҳибсдаги маҳбуслар ишлатилади. Улар қаттиқ меҳнат қилишга мажбур ва ҳақ тўланмайди, қочишга уринса, жазоланади.

Кешью саноатидаги шароитларни яхшилаш уринишлари

Айрим халқаро ташкилотлар ва брендлар кешью саноатида ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилмоқда. Масалан: Fair Trade сертификатлари ишчиларга яхшироқ ҳақ тўлашни талаб қилади, Осиё ва Африкадаги ННТлар аёлларни ҳимоя қилиш дастурларини амалга оширмоқда, кўплаб Европа брендлари ишчи шароитларини текширишни ўртага қўймоқда.

«Қонли кешью» – инсон ҳуқуқларининг бузилиши

Бу муаммо халқаро ташкилотлар томонидан «Қонли кешью» деб номланган.

2020 йилда Вьетнамда бир неча ишчи урушиол моддаси таъсирида оғир заҳарлангани ҳақида хабар берилган.


Шундай экан, савол туғилади нима учун қўлқоплардан фойдаланилмайди? Айрим ҳолатларда қўлқоплар бепул тақдим этилади, лекин кўпинча улар аёллар учун жуда қиммат бўлгани сабабли қўлланилмайди. Агар аёллар қўлқоп сотиб олиш имкониятига эга бўлмаса ёки уларни топа олмаса, кўпинча қўлларини боғлаб, мевадан чиқадиган кучли кислоталарга қарши ҳимоя қилишга ҳаракат қилишади. Ҳимоя кўзойнаклари эса деярли ҳеч қачон берилмайди, шунинг учун кўп ишчи аёллар кўз жароҳатларига учрайди.

Кешью саноатининг қурбонлари

Кешьюни қайта ишлаш соҳасида жабрланганлар сони ортиб бормоқда. Аёллар суяк-мускул тизими ва нафас олиш йўллари касалликларига, шунингдек, оғриқли тери касалликларига дуч келади. Кешью ишлаб чиқариш соҳасида ишловчи аёлларнинг 86,6% ҳеч бўлмаганда бир марта куйиш жароҳатини олган. Кўпчилигида қўллар ва бармоқларда қора ёки жуда қўрқинчли доғлар пайдо бўлган.

Бу ҳолатни қисман тушунтирадиган омиллардан бири – чет элда кешью ёқори сифатли, лекин жуда арзон нархда талаб қилиниши. Бу амалиёт ҳунармандчилик ва тикув фабрикаларидаги шароитлардан фарқ қилмайди. Заводлар йирик харидорларни жалб қилиш учун ишлаб чиқариш нархини пасайтиришга мажбур бўлади, бу эса асосан ишчилар ҳисобидан амалга оширилади.

Экологияга таъсири

Кешью плантациялари учун жуда кўп ер талаб қилинади. Бу айниқса Ҳиндистон, Вьетнам ва Африка мамлакатларида тропик ўрмонларнинг қисқаришига олиб келмоқда.


Биохилма-хиллик йўқолиб, жонзотларнинг яшаш муҳити бузилади.

Ёнғоқ дарахтлари ҳашаротлардан ҳимоя қилиш ва ҳосилни ошириш мақсадида кўплаб кимёвий моддалар билан ишлов берилади. Бу моддалар тупроқ ва сув манбаларига тушиб, атроф-муҳит ва одамлар саломатлигига зарар етказиши мумкин. Кешью етиштиришда жуда кўп сув керак бўлади. Масалан, 1 кг ёнғоқ ишлаб чиқариш учун тахминан 4,000 литр сув сарфланади. Бу кам сувли минтақаларда сув танқислигини кучайтириши мумкин.

Кешью ёнғоғи ташқи қатламида кислота ва заҳарли суюқлик мавжуд. Уни тозалаш  жараёнида  ҳавога зарарли моддалар ҳам тарқалади.

Мен кешьюга шунчаки қизиққандим, шунчаки манба қидиргандим... Мазали, фойдали, қиммат, лекин бу ёнғоқнинг ҳақиқий баҳоси пул билан эмас, табиат ва инсон меҳнати билан ўлчанар экан. Ҳар бир доначаси ортида экологияга таъсир ва оғир меҳнат, машаққат  турганини билган ҳолда, уни шунчаки еб бўлмайди.

Барно Султонова тайёрлади

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг