Шимолий Корея ҳакерлари 3 миллиард доллар ўғирлади
Шимолий Корея ҳакерлари 2017 йилдан буён 3 миллиард доллар миқдоридаги криптовалюталарни ўғирлашга муваффақ бўлди. Ҳакерлар биргина 2023 йилда 600 миллиондан 1 миллиард долларга қадар маблағни «туя қилиш»нинг уддасидан чиққан.
Бу ҳақда Microsoft компанияси тайёрлаган 2024 йилда киберхавфсизликка доир ҳисоботда сўз юритилади.
Ким Чен Ин маъмуриятининг ядро тадқиқотлари ва ракета синовлари дунё аҳлини ташвишга солаётгани маълум. Ўмарилган маблағ айнан Пхеньяннинг ядро дастурини молиялаштиришга йўналтирилган.
Ушбу маблағ Шимолий Корея ядро дастури харажатларининг ярмини қоплаган.
Ҳисоботга кўра, 2023 йилдан Шимолий Кореянинг ҳакерлар гуруҳлари сони янада ортган. Бу эса Ким Чен Ин маъмурияти ўғрилик ва товламачилик йўли билан маблағ ўзлаштириш амалиётини кенгайтираётганидан далолат беради.
Microsoft таҳлилчилари Шимолий Кореядан ташқари Россия, Эрон ва Хитой ҳакерлар гуруҳлари ҳам фаол эканини таъкидлаган.
Аввал хабар берганимиздек, БМТ Шимолий Корея ҳукумати назоратидаги ҳакерлар 2022 йил давомида 1 миллиард доллар миқдоридаги маблағларни ўмаришга муваффақ бўлганини тасдиқлаган.
Кибержиноятчилар шу қадар маҳорат билан ҳаракат қилганки, ўғирланган виртуал маблағ ва криптовалюталарни кузатиш қийин кечган. Киберҳужумлар Шимолий Корея разведка идораси назоратидаги ҳакерлар гуруҳи томонидан амалга оширилгани хабар қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter