Шифокор ёзда колбаса, консерва ва дудланган гўшт емасликка чақирди
Тошкент тиббиёт академияси профессори Гули Шайхова жазирама иссиқда қандай овқатланиш бўйича тавсиялар берди.
Ёзнинг иссиқ кунларида инсон иштаҳаси бироз пасаяди. Шу боис серсув ноз-неъматлар — мева-сабзавот ва улардан тайёрланган салатлар севиб истеъмол қилинади. Чунки бу озуқалар чанқоқни қондирибгина қолмай, танани зарур минерал ва витаминлар билан тўйинтиради.
Бироқ ушбу маҳсулотлар кам калорияли бўлгани туфайли кундалик сарфланган энергия ўрнини босолмайди. Организм эса доим оқсил моддаларига эҳтиёж сезади.
Демак, гўшт ва унинг ўрнини босувчи дуккакли ҳамда бошқа озуқалар кунлик дастурхонимиздан жой олиши керак. Фақат уларни қайнатилган ҳолатда танаввул қилиш тавсия қилинади. Суюқ овқатлар иссиқ кунлар учун, айниқса мос.
Ўз навбатида, ёзда овқатланиш тартибини ҳам бироз ўзгартирган маъқул. Соат 7:00 нонушта учун мос вақт. Эрталаб сут маҳсулотлари, мева-сабзавот, қайнатилган гўшт ва таркибида оқсил, ёғ ва углеводлар бўлган бошқа маҳсулотлар истеъмол қилиниши керак.
Тушлик учун енгил ҳазм бўлувчи шўрва, мошхўрда, мастава, манпар, сувда ёки буғда тайёрланган котлетлар фойдали. Улар сабзавотлардан тайёрланган салат ва кўкатлар билан қўшиб танаввул қилинса, нур устига аъло нур.
Мева шарбатлари тайёрлаш чоғида улар таркибига имкон қадар шакар қўшмасликни тавсия қиламиз.
Колбаса, консерва ва тузланган маҳсулотлар, шўр балиқ, дудланган гўштдан мутлақо тийилиш керак. Бундай егуликлар чанқоқни оширишидан ташқари, юрак-қон томир, ошқозон-ичак тизими фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.
Кечки овқат учун таомнома ҳам тез ва енгил ҳазм бўлувчи суюқ овқатлардан ташкил топиши лозим. Ўзида нисбатан кам углевод сақловчи қатиқ, олма, сабзавотлар ҳам дастурхонга тортиқ этилиши керак.
Пишиқчилик неъмати бўлган қовун ва тарвуз истеъмоли учун тушлик пайти энг мақбул давр. Улар ҳам қувват беради, ҳам чанқоқни босади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter