Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шерзод Шерматов: «Президент томонидан қатъий вазифа қўйилди: тизимни ўзгартириш зарур!»

Шерзод Шерматов: «Президент томонидан қатъий вазифа қўйилди: тизимни ўзгартириш зарур!»

Фото: «Gazeta.uz»

Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари Шерзод Шерматов ўзининг «Facebook»даги саҳифасида Президент томонидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси фаолиятини танқидий ўрганиш вазифаси топширилганини маълум қилди.

«Авваллари илмий даражаларни эгаллашда сифатни назорат қилиш учун зарур деб ҳисобланган  қоғозбозликка қарамай, айни дамда халқаро кўрсаткичлар бўйича ушбу фаолият билан фахрлана олмаймиз», деб ёзади Ш.Шерматов.

Унинг айтишича, 2016 йилдаги «Scopus» маълумотлар базасига кўра иқтибос келтирилган илмий ишлар сони Қозоғистонда 3066 та бўлгани ҳолда Ўзбекистонда 575 тани ташкил этди. Бир миллион аҳоли ҳисобига Ўзбекистонда 18 та, Озарбайжонда 91 та, Қозоғистонда 170 та, Беларусда 189 та, Украинада 227 та ва Россияда 509 та илмий мақола тўғри келади.

Бундан ташқари, соннинг камлигига қарамай, мақолалар сифати ҳам юқори эмас. Бир мақоланинг иқтибосга эгалик индекси ўртача Россияда 0,54, Украинада 0,61, Озарбайжонда 0,89, Беларусда 0,94 бўлгани ҳолда Ўзбекистонда бор-йўғи 0,34 ни ташкил этган.

2,5 мингдан ортиқ фан докторидан бор-йўғи 300 нафари «Хирша» индексига эга, улардан фақат 32 нафари 5 дан ортиқ «Хирша» индексига эга.

Шерзод Шерматовнинг таъкидлашича, илмий даража олишнинг иқтисодий ривожланган мамлакатлардаги каби университетларга эмас, балки ОАКка асосланган, қоғозбозлик кўп бўлган ўта қийин тизимига қарамай, бу илмий фаолият сифатининг халқаро талабларга жавоб берадиган даражада ошишига хизмат қилмаяпти.

«Университетларнинг икки халқаро «QS» ва «THE» рейтинги университетни жаҳоннинг энг кучли 1000 университети сафига киритиш масаласини кўриб чиқиш учун «Scopus» журналида 200 дан кам бўлмаган илмий материал чоп этилишини талаб этади. Бизда эса бирорта ҳам бундай университет йўқ, чунки республика бўйича йилига бор-йўғи 575 та илмий мақола чоп этилар экан».

Вазир ўринбосарининг қайд этишича, Президент томонидан қатъий вазифа қўйилган: тизимни ўзгартириш зарур! Аммо бу сафар хато қилмаслик лозим. Шу сабабли Президент фармони лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилмоқда.

«Барчадан мамлакатимиз илмий салоҳиятини оширишга ўз ҳиссангизни қўшишингизни ва таклиф ва мулоҳазаларингизни қонун ҳужжатларини баҳолаш тизими портали орқали билдиришингизни сўраймиз», — деб ёзади вазир ўринбосари.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг