Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Инновацион ривожланиш вазирлиги профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг илмий жамоатчиликка мурожаати юзасидан баёнот берди

Инновацион ривожланиш вазирлиги профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг илмий жамоатчиликка мурожаати юзасидан баёнот берди

Тошкент тиббиёт академияси профессори Зарифбой Ибодуллаев илмий жамоатчиликка мурожаат қилганди.

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг ўзбек олимлари ва илмий жамоатчиликка мурожаати юзасидан баёнот берди:

«Ўтган беш йил мобайнида Ўзбекистон илмий-инновацион фаолияти бошқа соҳалар каби ислоҳ этилди. «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида»ги Қонун ва «Инновацион фаолият тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси, Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилиб, уларда берлгиланган вазифалар амалга ошириляпти. Ҳозирда Ўзбекистоннинг 2030 йилгача инновацион ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқиляпти. Бу ҳужжатлар асосида илм-фанда ижод эркинлиги, манфаатдорлик, рақобат, рағбатлантириш ва жавобгарлик муҳити яратилди.

Фан доктори илмий даражасига эга бўлган олий ўқув муассасалари ва ИТИ ходимларининг базавий лавозим маошлари оширилди (2016 йилга нисбатан 3,2 баробарга), илмий-педагогик фаолият билан шуғулланувчи ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартиби жорий этилди. Шунингдек, хорижда олинган илмий даража ва илмий унвонларни тан олишнинг ҳуқуқий асослари белгилаб берилди.

Илмий ишланмаларни тижоратлаштиришда манфаатдорликка асосланган илмий ишланмаларни тижоратлаштиришнинг янги тизими йўлга қўйилди. 2018-2021 йилларда жами 228,8 млрд. сўмлик 372 та илмий ишланмани тижоратлаштирилди. Олиб борилган ишлар натижасида умумий қиймати 235,3 млрд. сўм миқдорида маҳсулот ишлаб чиқарилди. Олимларга илк бора тижорат компаниялари ташкил этишга рухсат берилди. Ўз тадқиқот натижаларини жорий этиш ва ишлаб чиқаришдан оладиган даромадининг 70 фоизи илмий лойиҳа раҳбари ва унинг илмий жамоасига тегишли бўлишини назарда тутувчи рағбатлантирувчи тизим яратилди.

Инновацион технологияларни мамлакат иқтисодиётига фаол жорий этиш учун технологияларни трансфер қилиш амалиёти қўлланилмоқда

Илм-фан ва инновацияларга сарф-харажатлар 2017 йилдан буён сезиларли даражада ошди. Илмий ва инновацион фаолият бўйича дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан жами 1,488,3 млрд сўм (2018 йилда – 198 млрд сўм, 2019 йилда – 347,7 млрд сўм, 2020 йилда – 428,6 млрд сўм, 2021 йилда – 514 млрд сўм) ажратилди. Ёш авлод орасида илм-фанга қизиқиш ортиб бормоқда.

Ҳозирда юртимизда илғор хорижий тажрибалар асосида илмий- тадқиқот ишларига давлат буюртмаси механизми жорий этилди. Янги тартиб сифатида, якуний маҳсулот ва молиялаштириш ҳажми аниқ бўлган тематик лойиҳаларга давлат буюртмаси мунтазам равишда эълон қилинмоқда. Натижада рақобат муҳити шаклланди, доимий грант маблағларини олиш имкони яратилди. 2017 йилга нисбатан битта лойиҳани молиялаштириш 3,5 баробарга ошди ҳамда маблағларнинг камида 40 фоизи илмий-тадқиқот фаолиятидаги зарурий асбоб-ускуналар, реагент ва материаллар харидига йўналтирилди.

2019-2021 йилларда илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида амалга оширилган лойиҳаларнинг асосий натижалари тўғрисида ҳавола орқали маълумот олишингиз мумкин.

Тижоратлаштирилган илмий лойиҳалар билан ҳавола орқали маълумот олишингиз мумкин.

Инновацион ҳудудга айлантирилаётган 13 та туманда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳавола орқали маълумот олишингиз мумкин.

Инновацион стартап лойиҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси 2019 йилдан бери умумий миқдори 46,8 млрд сўмлик жами 58 та лойиҳалар молиялаштирилди, шундан 48 таси – стартап лойиҳалар (40,6 млрд сўм) ва 10 таси – инновацион, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик лойиҳалари (6,2 млрд сўм).

Ушбу саъй-ҳаракатларнинг барида илм-фан ривожидан иқтисодиёт, аҳоли ва олимларнинг манфаат кўриши назарда тутилган.

2017 йилнинг 1 июлидан фалсафа докторлари (PhD) ва фан докторлари (DSc)ни тайёрлаш бўйича олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг икки босқичли тизими жорий этилганидан кейин илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлашга квоталар сони барқарор равишда ортиб бормоқда. Ҳозирда 2020 йилга нисбатан докторантурага ажратилган квоталар сони қарийб 5 баробарга ошди. Шунингдек, докторантларга илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш учун моддий шарт-шароитларни яратиш ва уларнинг меҳнат фаолиятини янада рағбатлантириш бўйича чора-тадбирлар кўрилди.

Илмий ва инновацион лойиҳалар танловини сифатли амалга ошириш мақсадида биринчи марта халқаро тажрибани ўрганиш асосида техник ва илмий экспертиза ўтказишнинг янги механизмлари жорий этилди. Лойиҳаларни танлашнинг асосий мезонларидан бири олимлар – лойиҳа раҳбарларининг H-index (Хирш индекси) қиймати бўлди.

Маҳаллий ҳокимиятларнинг илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш бўйича ваколатларини кучайтириш ва вилоят аҳамиятига эга шаҳарларда инновация марказларини яратиш бўйича ишларнинг амалга оширилаётганидир. Инновацион ривожланиш вазирлиги вилоят ҳокимликлари билан биргаликда ушбу ҳудуд аҳолиси ва иқтисодиётининг реал сектори эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда илмий ва инновацион лойиҳаларни молиялаштириш бўйича танловлар ўтказмоқда.

Ҳозирги кунда республикада 144 та олий ўқув муассасалари мавжуд бўлиб, улардан филиалларни ҳам қўшганда 104 таси маҳаллий, 40 таси хорижийдир. Олий таълим ва мутахассислик йўналишлари классификатори 329 та таълим йўналишлари ва 582 та магистратура мутахассисликларини ўз ичига олади. Бакалавриат йўналишларида таҳсил олаётган талабалар сони 590 минг нафар, магистратура мутахассисликлари бўйича – 13 минг нафарни ташкил этади, бу 2019 йилга нисбатан 2,1 баробар кўпдир. Республиканинг камида 10 та олий ўқув юртини QS World University Rankings жаҳон университетлари рейтингининг биринчи 1000 талигига киритиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. 2021 йилда мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор мамлакатнинг тўртта олий ўқув юрти – Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (251-300); Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети (351-400); Самарқанд давлат университети (351-400) ва Тошкент давлат техника университети (351-400) QS World University Rankingsнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё – EECA минтақавий рейтингидан ўрин олган.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда мамлакат инновацион тизимини ташкил этувчи асосий институтлар аниқланди, инновацион фаолиятнинг чегаралари, элементлари ва иштирокчилари белгиланди, илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди, инновацион салоҳиятни шакллантириш ва янада такомиллаштиришнинг самарали механизмлари ишлаб чиқилди, меъёрий-ҳуқуқий асослари янгиланди. Шунингдек, олимларнинг жамиятдаги мавқеи оширилди, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашда ижобий натижаларга эришилди, ёшларнинг инновацион фаолиятда фаол иштироки таъминланди, жаҳон тажрибасига асосланган самарали ва шаффоф лойиҳаларни молиялаштириш механизмлари жорий этилди.

Шу билан бирга, яқин 10 йил давомида инновацион тизим ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш, иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эга илмий-тадқиқот ва инновацияларни рағбатлантириш, хусусий секторнинг илм-фанга бўлган қизиқишини ошириш бўйича илғор тажрибаларни жорий этиш, шунингдек, инновацион салоҳият ва самарадорликда ҳудудий номутаносибликларни бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар режалаштирилган.

Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси асосида соҳани ривожлантиришнинг стратегик вазифалари белгиланди.

Концепцияда белгиланган вазифалар бугун амалий натижасини бера бошлади.

Математика соҳасида – иссиқлик электростанцияларида энергия тежамкорлиги ва ускуналарнинг ишлаш муддатларини узайтириш имконини берувчи математик модел ишлаб чиқилди ва амалиётда синовдан ўтказилмоқда.

Физика соҳасида – конструкцион металлар – пўлат, титан қотишмаларини юқори сифатда пайвандлаш материаллари ишлаб чиқилиб, ҳозирги кунда Жанубий Корея корхоналарида саноат синовларидан ўтказилмоқда.

Кимё соҳасида – мис таркибли рудалардан қимматбаҳо металларни ажратиб олиш учун маҳаллий хом ашёдан импорт аналогига нисбатан 2 баробар арзон янги маҳаллий кимёвий реагент – флотореагент ихтиро қилинди ва кончилик саноатига жорий этиш мақсадида йиллик қуввати 500 тоннадан иборат кичик инновацион ишлаб чиқариш ташкил этилди.

Биология соҳасида – биринчи марта Ўзбекистон ҳудудида яшовчи аҳолининг генофонди ўрганилиб, ўзбек миллатини генетик жиҳатдан келиб чиқиши ва Ўзбекистон ҳудудларида яшовчи этник гуруҳларнинг хилма-хиллиги ўрганилди. Натижада дунё популяцион генетик картасига ўзбек миллати генетик коди киритилди ва нуфузли илмий журналларда чоп этилди.

Геология соҳасида – Устюрт, Бухоро-Хива, Хисор, Сурхондарё, Фарғона ва Хоразм ҳудудларининг углеводород ресурс базаси сўнгги 5 йилда 10 фоизга оширилди.

Шунингдек, техноген чиқиндиларни қайта ишлашнинг янги технологияларини жорий этилиш натижасида кончилик соҳасида йилига қўшимча 792,6 тонна мис ва 10 тонна кумуш ишлаб чиқариш имконияти яратилди ва йилига 15,0 млн долларлик иқтисодий самарага эришилмоқда.

Археология соҳасида – ўзбек давлатчилигининг 2,5 минг йиллик тарихини акс эттирувчи «Учтепа-Булоқмозор» археологик ёдгорликлари топилмалари асосида «Мовий осмон остидаги музей» археологик объекти ташкил этилди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида – узун толали ғўзанинг ўта ҳавфли фузариоз вилт касаллигига чидамли 3 та янги линиялари яратилиб, АҚШлик ҳамкорлар билан биргаликда рўйхатдан ўтказилди.

Фармацевтика соҳасида – коронавирус инфекциясига қарши 7 турдаги янги маҳаллий номзод вакциналар яратилди, ундан 6 таси клиник олди синовларига етказилди, 2 та маҳаллий вакцина ЖССТ томонидан номзод вакцина сифатида рўйхатдан ўтказилди. Ҳозирги кунда ҳайвонларда лаборатория синовлари ўтказилмоқда.

Хитойлик ҳамкорлар билан ҳаммуаллифликда коронавирусга қарши янги вакцина яратилди, тижоратлаштириш натижасида 21,5 млн дозада вакциналар ишлаб чиқарилиб, аҳолига эмланиш учун етказиб берилди.

Мақола чоп этиш фаоллиги – илмий мақолаларни чоп этиш сони ва мунтазамлиги, «иқтибос келтириш индекси» (ҳар бир мақола бўйича иқтибос келтириш), мақола ва бошқалар чоп этилган журналнинг импакт фактори каби омилларни ўз ичига олувчи илмий нашрлар кўринишидаги тадқиқотчи олимлар натижадорлигининг энг муҳим кўрсаткичларидан бири.

Жаҳонга машҳур Springer Nature нашриётининг журналларида Ўзбекистон олимлари ҳар йили 200 дан ортиқ мақолаларни чоп этади. Бунда, мақолаларнинг энг катта улуши физика йўналиши бўйича чоп этилган (28%), ундан кейинги ўринларни муҳандислик фанлари (19%), математика (15%), фармацевтика (15%) ва бошқалар эгаллайди.

Scopus – яна бир энг йирик халқаро илмий маълумотлар базаларидан бирида маҳаллий олимлар мақолаларининг миқдорий кўрсаткичи тобора ошиб бормоқда. 2017-2021 йилларда жами 6 673 та илмий мақола чоп этилди.

Шубҳали журналларда мақола чоп этиш муаммоси ҳам пойтахт, ҳам вилоят илмий ва таълим муассасаларига хосдир. Бу факт ушбу йўналишдаги институтларнинг тавсия этилган нашриётлар билан ишлашни ташкил этиш воситалари ва механизмлари ҳақида паст даражада хабардорлигини кўрсатади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, шубҳали журналларда чоп этилган мақолалар олимларнинг нафақат вақтини, молиявий ресурсларини, балки профессионал обрўсини йўқотишига олиб келади, яъни муаллифлар жаҳон илмий майдонида ўз тадқиқотларининг натижаларини тақдим этиш имкониятидан маҳрум бўлишади. Бундан ташқари, салбий оқибатлар бутун маҳаллий илм-фан имижига таъсир қилади.

Мақолани расмийлаштириш, мос нашрни топиш бўйича қийинчиликлардан қочиш учун, шунингдек, мақола чоп этиш жараёни муддатини қисқартириш истагида олимлар кўпинча ҳақ эвазига ушбу мажбуриятларни ўз зиммасига олишга тайёр бўлган воситачиларнинг хизматларига мурожаат қилишади. Сўнгги уч йил мобайнида чет эллик олимлар билан ҳамкорликда ёзилган мақолалар сонининг пасайишига ҳам таъсир қилган академик фирибгарликнинг бундай шакллари илмий жамоатчиликнинг асосий муаммосига айланди

2020 йилнинг бошидан бери Инновацион ривожланиш вазирлиги олимлар учун SpringerLink (Springer Nature) ва Wiley (John Wiley & Sons, Inc.) каби дунёдаги энг йирик илмий нашриётларнинг электрон платформаларидан эркин фойдаланиш имконини таъминлади. Ушбу платформаларда дунёнинг энг етук олимлари томонидан чоп этилган мақолаларнинг тўлиқ матни мавжуд. Мазкур компанияларнинг вакиллари томонидан мунтазам равишда қуйидаги мавзуларда ўқув семинарлари ва вебинарлар ўтказиб келинмоқда

Шунингдек, 2019 йил август ойидан бошлаб олимларнинг илмий мақолаларини юқори рейтингли илмий журналларда чоп этишга кўмаклашиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги Хитой тажрибасига таянган ҳолда «Proofreading Service» бепул хизматини тақдим этмоқда. Техник талабларга мувофиқ расмийлаштирилган, юқори рейтингга эга илмий журналларда чоп этилиши режалаштирилган илмий мақолалар вазирликнинг [email protected] электрон манзилига инглиз тилида тақдим этилади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник ахборот маркази томонидан Ўзбекистон олимлари ва тадқиқотчилари учун инглиз тили билими ва амалиётини такомиллаштиришга қаратилган «English for Science» дастурида олимларга нуфузли илмий журналларда мақолалар чоп этиш кўникмалари бериб келинмоқда.

Мамлакатда плагиатнинг олдини олиш ва илмий этикага риоя қилиш бўйича ишларнинг йўлга қўйиш мақсадида 2021 йилнинг март ойида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник ахборот маркази миллий плагиатга қарши кураш тизими ва илмий чоп этилган мақолалар бўйича миллий маълумотлар базасининг электрон платформасини жорий этиш бўйича концепция ва амалга ошириш режаси лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжатда биринчи навбатдаги вазифа этиб илмий ва инновацион лойиҳалар бўйича ҳисобот ҳужжатлари, патент базаси, диссертациялар ва чоп этилган мақолалар фондини ўз ичига олган илмий-техник маълумотларнинг ягона Миллий базасини (марказий репозитарий) шакллантириш белгиланган. Ҳозирги вақтда ушбу маълумотларнинг барчаси Миллий кутубхона, Давлат архиви, Илмий-техник ахборот маркази, Интеллектуал мулк агентлиги, ОТМ ва ИТИлари каби ташкилотларда сақланмоқда.

Ўзбекистон ва жаҳон илмий жамоатчилиги вакиллари маҳаллий илм-фан ютуқлари, сўнгги воқеалар ва бўлажак илмий тадбирлар ҳақида ва яна кўплаб бошқа нарсалар билан танишиб чиқишлари мумкин бўлган Миллий илмий веб-портали (www.nsp.gov.uz) ҳамда илм-фан ва инновациялар соҳаси ривожланишининг статистик маълумотлари ва кўрсаткичларини тўплаш, қайта ишлаш ва тақдим этиш жараёнларини оптималлаштириш учун Илмий-техник ахборотнинг ихтисослашган ахборот-таҳлилий тизими (www.ias.gov.uz) ишлаб чиқилмоқда. Инвестиция компаниялари, IТ-парклар, консалтинг фирмалар, коворкинг марказлар, технопарклар, бизнес акселераторлар, махсус иқтисодий зоналар, эркин иқтисодий зоналар, кичик иқтисодий зоналар, илмий лабораториялар)тўғрисида маълумотларни ўз ичига олган Ўзбекистон Республикаси Илмий ва инновацион инфратузилмаси навигатори (www.navigator.uzmip.uz) ишга туширилди.

Республикада сўнгги йилларда инновацион фаолият борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон 2020 йилда Глобал инновацион индекси халқаро рейтингига беш йиллик танаффусдан сўнг 2015 йилга нисбатан 29 поғонага кўтарилган ҳолда қайта киритилди. Хусусан, 2021 йилда Ўзбекистоннинг ГИИ даги ўрни яхшиланиб, 2020 йилга нисбатан 7 поғона кўтарилган.

Юқорида келтирилган маълумотлардан келиб чиқиб, профессор З. Ибодуллаевнинг “Ўзбекистон илм-фани тобора жар ёқасига яқинлашмоқда” деган фикри ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қиламиз».

Инновацион ривожланиш вазирлиги
ахборот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг