Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев видеоселектор ўтказди: минглаб гектар ер майдонлари талон-торож бўлган

Шавкат Мирзиёев видеоселектор ўтказди: минглаб гектар ер майдонлари талон-торож бўлган

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 15 октябрь куни давлат кадастрларини юритишнинг янги тизимини самарали ташкил этиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Мамлакатимизда ер ажратиш ва давлат кадастри соҳасида бир неча ўн йиллар мобайнида тизимли муаммолар тўпланиб қолгани сир эмас. Тартиб-интизом, ҳисоб-китоб бўлмагани сабабли минглаб гектар ерлар талон-торож бўлиб кетган. Бу соҳадан аҳоли ҳам, тадбиркорлар ҳам норози эди.

Шу боис жорий йил 7 сентябрда «Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда соҳани илғор тажриба асосида ислоҳ қилиш, янгича бошқарув тизимини жорий этиш, ернинг ҳисобини тўлиқ юритиш ва рақамлаштириш бўйича комлекс вазифалар белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ташкил этилди. Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш вазифаси мазкур агентликка, ерлардан самарали фойдаланишни таъминлаш ва назорат қилиш функциялари Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказилди.

Янги тизимга кўра Кадастр агентлиги Солиқ қўмитаси таркибида ташкил этилгани бежиз эмас. Чунки бу соҳада солиқ базасини кенгайтириш учун катта захира бор. 

Мисол учун, яқинда Бўстонлиқ, Фурқат, Косон туманлари ва Урганч шаҳрида ўтказилган ўрганишларда жами 2 мингдан ортиқ кўчмас мулк объекти кадастр ва солиқ базаларида ҳисобга олинмагани аниқланган.

Шундай ҳолат ер майдонларида ҳам бор. Масалан, хатловлар натижасида 66 туманда 150 минг гектар қўшимча қишлоқ хўжалиги ерлари, шундан ҳисоботларга киритилмаган 28 минг гектар суғориладиган экин майдони борлиги аён бўлган. Умуман, 113 туманда ер фонди тоифалари ва турларининг аниқ ҳисоб-китоби бўлмагани оқибатида кўплаб захиралар йўқотилмоқда.

Йиғилишда янги тизим асосида ишни ташкил этиш учун биринчи галда ер ҳисобини жойига қўйиб, тўлиқ шакллантириб олиш зарурлиги таъкидланди.

— Кадастр ва ер ҳисобини юритиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари эскирган. Улар мураккаб, тушунарсиз ёзилган. Бу эса коррупцияга йўл очиб берган. Бугун тизим тамомила ўзгариши керак. Асосий мақсад ер ҳисобини аниқ юритиш, бу борада адолатни таъминлашдир, — деди Президент.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар раҳбарларига барча қишлоқ хўжалиги туманлари бўйича ер кадастр ҳужжатларини тайёрлаб, Миллий геоахборот тизимига киритиш юзасидан кўрсатма берилди. Энди ҳокимларнинг ер ажратиш тўғрисидаги қарорлари мазкур геоахборот тизимига киритилмагунича ҳақиқий ҳисобланмайди.

Шунингдек, Кадастр агентлиги билан солиқ идораларининг маълумотлар базасини бирлаштириб, фойдаланишдаги ер ва объектларни ҳисобга олиш ҳамда солиқ шакллантириб бориш вазифаси қўйилди.

Бугунги кундаги ўрмон хўжалиги кадастри 1987 йилдан буён янгиланмагани кўрсатиб ўтилди. Ундан бери ўтган даврда табиий йўл билан янги ўрмонлар пайдо бўлган. Шу боис Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига ўрмонзорларни тўлиқ хатловдан ўтказиш бўйича топшириқ берилди.

Тизимдаги муаммолардан бири шуки, 340 мингта объектнинг кадастр қиймати белгиланмаган. Шундан 200 мингдан зиёд объект бўйича солиқ ҳисобланмаяпти. Бундан ташқари, 1 миллиондан ортиқ уй-жойнинг кадастр ҳужжати йўқ.

Шу муносабат билан Президент кўчмас мулк кадастри ҳисобини тўлиқ шакллантириш зарурлиги, бу солиқ солиш базасини кенгайтиришда муҳимлигини таъкидлади. Ундан келадиган маблағлар тўлиқ маҳаллий бюджетга тушади ва улар ҳисобидан ижтимоий масалаларни ҳал этиш мумкин.

Қурилишдан бино-иншоотнинг кадастр жилдини тайёрлашгача бўлган босқичларда ундириладиган тўловлар асослилигини ўрганиб, уларни камайтириш ва жараёнларни соддалаштириш бўйича топшириқ берилди.

Ер солиғи ҳисоблаш тизимини ҳам тубдан қайта кўриб чиқиш кераклиги айтилди. Хусусан, вилоят марказларига яқин, сув таъминоти яхши бўлган ҳудудларда ҳам, ҳосилдорлиги паст жойларда ҳам ер солиғи деярли бир хилда ҳисобланади.

Мутасаддиларга ерларнинг ҳақиқий қийматидан келиб чиқиб солиқ ҳисоблаш, бунда оширилган ва камайтирилган коэффициентларни қўллаш тизимини жорий этиш бўйича топшириқ берилди. Шу мақсадда халқаро экспертлар жалб қилиниб, объектларнинг бозор қийматини аниқлаш тартиби 4 та туманда синовдан ўтказилиши белгиланди.

Йиғилишда ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказмаслик ёки ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш муаммосига ҳам тўхталиб ўтилди.

Қайд этилганидек, биргина жорий йилда 50 мингга яқин ҳолатда 11 минг 200 гектар ер ўзбошимчалик билан эгалланган, шундан 3 200 гектарда ноқонуний уй-жой қурилган. Буларнинг 99 фоизи суғориладиган, унумдор қишлоқ хўжалиги ерлари.

Аграр ерларни назорат ва экинларни мониторинг қилиш мақсадида ҳар бир туман дрон билан таъминланиши айтилди. Бундан ташқари, космосдаги сунъий йўлдошлар орқали кузатувдан фойдаланиб, ноқонуний қурилмаларни тезкор аниқлаш ва қурилишни илк босқичидаёқ бартараф этиш имконини берадиган ахборот тизими йўлга қўйилади. Бу дастлаб айрим вилоятларда синовдан ўтказилади.

Барча вилоят, туман ва шаҳарларнинг маъмурий чегараларини аниқлаш ишларини шу йил якунига етказиб, маҳаллий кенгашларда тасдиқлаш вазифаси қўйилди. 2 мингдан зиёд номсиз кўчалар, 1 миллиондан ортиқ рақамсиз уйлар борлиги қайд этилиб, тегишли кўрсатмалар берилди.

Маълумки, юртимизда 21 турдаги давлат кадастри мавжуд. Лекин бугунги кунда 9 та кадастр бўйича маълумотлар 50 фоизга ҳам етмайди. Оқибатда ерларни аукционга чиқариш учун турли идоралар жойига чиқиб ўрганишга, алоҳида-алоҳида хулоса беришга мажбур ва унга 2 ой атрофида вақт кетмоқда.

Хусусан, фақат шаҳарлараро автомобиль йўллари бўйича кадастр мавжуд бўлиб, ички йўллар бўйича бирорта ҳудудда кадастр тасдиқланмаган. Шу боис бу борадаги кадастрни тўлиқ ҳужжатлаштириб, Миллий геоахборот тизимига киритиш вазифаси белгиланди.

Соҳадаги ислоҳотларни самарали амалга ошириш учун Кадастр агентлигининг барча бўғинларини малакали кадрлар билан тўлдириш, янги тизим мазмуни ва тартиби бўйича ўқитиш муҳимлиги таъкидланди. Жойлардаги кадастр бўлимларининг моддий-техник таъминоти ва меҳнат шароитларини яхшилаш юзасидан ҳам кўрсатма берилди.

— Умуман айтганда, ҳар бир ҳоким ва сектор раҳбарлари ер ҳисобини тўғри йўлга қўйиш, ерни кўз қорачиғидай асраш ҳудудларнинг иқтисодий юксалишига хизмат қиладиган асосий омиллардан бири эканини англаб етиши лозим, — деди Шавкат Мирзиёев. — Бу орқали учта муҳим масалани, яъни, ердан самарали фойдаланишни, фуқаролар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг мулк ҳуқуқини ва дахлсизлигини таъминлашни ҳамда солиқ базасини кенгайтириб, бюджет даромадига қўшимча захиралар шакллантиришни ҳал қилган бўламиз.

Видеоселектор йиғилишида мутасаддилар ер ва кадастр ҳисобини тўғри йўлга қўйиш орқали натижадорликни таъминлаш чоралари юзасидан ҳисобот берди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг