Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шафтолизор гуллари қишлоғи, «Олти юлдуз» кўчаси ва меҳмондўст «Қозончи» —  Ғулжадаги самимият руҳи (фото)

Шафтолизор гуллари қишлоғи, «Олти юлдуз» кўчаси ва меҳмондўст «Қозончи» —  Ғулжадаги самимият руҳи (фото)

Фото: Xabar.uz

Шинжон-Уйғур автоном вилоятининг Или-Қозоқ мухтор округи Или дарёси қирғоғида, Хитойнинг Қозоғистон билан чегара ҳудудида жойлашган. Шинжоннинг намлиги энг юқори ҳудуди ҳисоблангани боис табиати гўзал, ҳавоси анча салқин ва тоза. Бетакрор Нарат миллий ўрмон боғи ҳам шу округда жойлашган.

Фото: Xabar.uz

Сафаримизнинг навбатдаги манзили Хоргос уездидаги шафтолизор гуллари қишлоғи бўлди. Қишлоқда деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилик яхши ривожланган. 

Фото: Xabar.uz

Сутли маҳсулотларни ишлаб чиқариш, гўшт ва қуруқ меваларни қадоқлаш йўлга қўйилган.

Фото: Xabar.uz

Қишлоқда саёҳатчилар учун миллий калоритга эга меҳмон уйлари ташкил этилган.

Фото: Xabar.uz

Бизнинг пулимизда кунига ўртача 600 минг сўм эвазига 2 кишилик ёки оилавий яшаш мумкин бўлган ҳовлили хонадонлар ижарага берилар экан. Унда барча шароитлар мавжуд.

Фото: Xabar.uz

Сершовқин мегаполислардан келиб қишлоқнинг сокин муҳитида бир неча кунни ўтказишни истаган хитойлик сайёҳлар бу ерда кўплаб учрайди.

Фото: Xabar.uz

Журналист Шарофиддин Тўлагановнинг ёзишича, Шинжон-Уйғур автоном ҳудуди ўтган йили хавфсиз сайёҳлик маскани сифатида рекорд миқдордаги сайёҳларни қабул қилган. Ўтган йили минтақага ташриф буюрган сайёҳлар сони 265 миллион кишига етган.

  • Таққослаш учун: 2023 йилда Ўзбекистонга келган хорижлик сайёҳлар сони 6,6 миллион нафарни ташкил этган. 

Қишлоқдан чиқиб, автобусда баланд тоғлар бағридаги Чжунхуа Фушоушань табиат боғига бордик.

Фото: Xabar.uz

Бу ер ҳам ички туризмнинг машҳур локацияларидан бири экан. Тепаликда улкан рамзий ёдгорлик ўрнатилган.

Фото: Xabar.uz

Манзилга қадар йўллар текис, атроф тоза, коммуникациянинг барча турлари етиб борган.

Фото: Xabar.uz
Фото: Xabar.uz

Ғулжа — Или-Қозоқ мухтор округининг марказий шаҳри. Каттагина чиройли шаҳар. Бу шаҳарнинг эътиборимизни тортган жиҳати — унинг кўпмиллатли, бир-бири билан аҳил халқи бўлди. Бу ерда нафақат уйғур, дунган ва қозоқлар, балки татар, рус, ўзбеклар ҳам яшаркан. Бу халқларнинг ҳар бири шаҳар ривожига ҳисса қўшган. Уларнинг айримлари ўтган аср бошларида Ғулжага келган.

Фото: Xabar.uz

Шаҳар марказида «Олти юлдуз» номини олган машҳур кўча бор ва у маданий мерос обидаси сифатида муҳофаза қилинади. Кўчаларнинг бирида юзлаб аккордеонларни жамлаган ўзига хос музей жойлашган.

Фото: Xabar.uz

Музейга шу шаҳарда туғилиб ўсган Александр Зазулин асос солган. Унинг коллекциясида бутун дунёдан тўпланган 800 дан ортиқ аккордеон мавжуд. Келиб чиқиши рус миллатига мансуб маҳаллий фуқаро аккордеон таъмирлашни болалигида отасидан ўрганган.

Фото: Xabar.uz

Қирқ йилдан кўпроқ вақт давомида Александр Зазулин саккиз юздан ортиқ аккордеон тўплади, улар кўргазма залини минг квадрат метрдан ортиқ майдонини тўлдирди.

Фото: Xabar.uz

Ушбу коллекция йигирмадан ортиқ мамлакатлардан, катта ва кичик, замонавий ва бир асрдан кўпроқ тарихга эга ноёб намуналардан ташкил топган.

Фото: Xabar.uz

Кўча бўйлаб жойлашган уйларнинг эшиклари сайёҳлар учун очиқ. Хонадонларнинг бирида уйғур, бирида қозоқ, бошқасида рус ва бошқа миллатларнинг маданияти ва санъати намуналарини кўрасиз.

Фото: Xabar.uz

Биз билан суҳбатда бўлган рус диаспораси вакили ўзбек тилига яқин лаҳжада, уйғурча гапирди. Унинг айтишича, болалигидан турли миллат вакиллари билан аҳил қўшничиликда яшагани учун олтита тилда эркин гаплаша оларкан. Қўшнилари орасида ўзбеклар ҳам бўлган.

Фото: Xabar.uz

Ғулжанинг эски шаҳар қисмидаги «Қозончи» сайёҳлик ҳудудидан ҳам шундай илиқ таассуротлар билан қайтдик. Одамларнинг кўнгли очиқ, меҳмондўст. Табассум билан хонадонларига таклиф қилишади.

Фото: Xabar.uz

«Қозончи» катта ҳудудни эгаллаган. Туризм ўчоғига айланган бу маҳаллада барча қулай шароитлар яратилган. Бир жиҳатдан Хитойнинг бундай туризм инфратузилмаси иқтисодга катта фойда келтираётган бўлса, бошқа тарафдан маҳаллий аҳолининг ўз урф-одатларини сақлаб қолишига замин яратган. Турли халқларнинг уйлари ва анъаналари асл ҳолича турибди.

Фото: Xabar.uz

«Қозончи» аҳолиси асосан сайёҳлар оқимидан тирикчилик қилади. Бири миллий кийимлар дўкони очган, бошқаси ошхона, бирида миллий куй-қўшиқ, рақслар намойиши...

Фото: Xabar.uz

Биз меҳмони бўлган хонадонларнинг бирида табиий музқаймоқ тайёрланиб сотилар экан. Бир неча авлоддан мерос бўлиб қолган ушбу касб каттагина оиланинг асосий даромад манбаи. «Кунига 200 килограммгача музқаймоқ сотамиз», дейди хонадон эгаси.

Биз «Қозончи»да жойлашган, Хитой меъморчилиги асосида барпо қилинган Шанси жомеъ масжидида ҳам бўлдик.

Фото: Xabar.uz

Масжид имом хатиби Ҳасан ҳожи ибн Тоҳирнинг айтишича, масжид XVIII асрнинг ўрталарида бунёд этилган. Жума намозларида 500 нафардан ортиқ, ҳайит намозларида эса икки мингдан зиёд жамоат йиғилар экан.

Фото: Xabar.uz

Масжид кутубхонасида муқаддас Қуръони карим нусхаси, турли адабиётлар, журналлар ва газеталар бор.

Фото: Xabar.uz

Ҳудудга саёҳатимиз қисқа бўлди, лекин биз Ғулжа халқларининг самимиятини ҳис қила олдик. Турли миллат вакиллари ёнма-ён аҳилликда, ўзлигини сақлаб, қўшниларининг маданияти  ва урф-одатларига ҳурмат билан яшашмоқда. Айни шу тотувлик минтақанинг ривожига асосий туртки бераётган бўлса, ажабмас.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг