Сенаторлар сафи 35 нафарга қисқартирилади – лойиҳа
Сенатнинг ваколатлари янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштирилмоқда. Бу борада Парламентга «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси киритилган.
Ҳужжат лойиҳасига кўра, Сенатга:
- маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўз фаолиятини амалга оширишда кўмаклашиш;
- Қонунчилик палатаси тарқатиб юборилган даврда Олий Мажлиснинг қонунларни қабул қилишга доир ваколатларини бажариш;
- қонунни у Сенатга келиб тушган кундан эътиборан 60 кун ичида кўриб чиқиш ва бошқа ваколатлар берилмоқда.
Ўз навбатида, Сенатнинг айрим ваколатлари бекор қилиниб, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари сифатида белгиланмоқда. Яъни:
- Давлат бюджетининг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш;
- Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш;
- Президентнинг тақдимига биноан Бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш;
- Бош вазир, Ҳукумат аъзоларининг ҳисоботларини ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини эшитиш.
Шунингдек, Сенат аъзолари ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирликдан 4 нафардан (амалда 6 киши) сайланиши, 9 нафари (амалда 16 киши) Президент томонидан тайинланиши (жами 65 нафар) белгиланмоқда. Доимий асосда ишловчи сенаторлар сони эса амалдагидек 25 нафар миқдорда сақланиб қолмоқда.
Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарлари сони эса 7 тадан 2 тага қисқартириляпти. Бунда Спикернинг ўринбосарлари фракция аъзоси бўлиши мумкин эмаслиги ҳамда лавозимда бўлиш даврида сиёсий партиядаги аъзоликни тўхтатиб туриши белгиланмоқда.
Фракция раҳбари моддий, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра Спикер ўринбосарига тенглаштирилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter