Сенатда президент айтган қўмита тузилди
Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди. Сенат Кенгашининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда гендер тенгликни таъминлаш бўйича фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Сенатнинг йигирманчи ялпи мажлисида президент Шавкат Мирзиёев янги тузилма — Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасини тузишни таклиф қилганди.
Янги қўмитанинг мақсадлари:
- хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш;
- уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
- муносиб турмуш ва меҳнат шароитларини яратиш;
- тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда камситилишига йўл қўймаслик;
- бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши устидан тизимли парламент назоратини амалга ошириш.
Қўмитанинг вазифалари:
- мамлакатда гендер тенгликни таъминлашга ва хотин-қизларнинг давлат ва жамият ишларида фаол иштирок этишига қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишга доир тавсиялар ишлаб чиқиш;
- гендер тенглик масалалари ва оила институтини ривожлантиришга оид қонунларни мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштириш;
- аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича умумэътироф этилган халқаро нормаларни миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
- гендер тенглик масалалари бўйича Ўзбекистон қўшилган ҳалқаро ҳужжатлар нормаларининг амалиётга жорий этилиши ҳамда унда белгиланган тавсиялар ижро қилиниши юзасидан мониторинг олиб бориш;
- жойларда аҳоли, жумладан, хотин-қизлар билан бевосита мулоқот қилиш орқали гендер тенглик масалаларига оид ҳақиқий аҳволни ўрганиш;
- аниқланган масалаларни парламент назорати воситаларини қўллаган ҳолда ҳал этиш чораларини кўриш;
- репродуктив саломатлик, шунингдек, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг хотин-қизлар, гендер тенглик ва оила институтига оид масалалар юзасидан мурожаатларини кўриб чиқиш.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter