Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сенат Сув кодексини тасдиқлади

Сенат Сув кодексини тасдиқлади

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, сўнги йилларда сув муносабатларининг ижтимоий-иқтисодий асослари ўзгариб бораётгани сувга оид қонунчиликни қайта кўриб чиқиш заруратини вужудга келтирмоқда.

Қонун билан тасдиқланаётган Сув кодексида эса сув муносабатлари соҳасидаги асосий ҳуқуқий ҳужжатлар тизимлаштирилган.

Жумладан, сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасида Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари, вазифа ва функцияларига аниқлик киритилмоқда.

Шунингдек, сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш шартлари, сув олиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик масалалари, сувга доир муносабатларда халқаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб берилмоқда.

«Сув кодексининг қабул қилиниши сувдан оқилона фойдаланиш, сув ресурсларини самарали бошқариш ва муҳофаза қилишни таъминлайди. Соҳа бўйича давлат органларининг бир-бирини такрорловчи ваколатлари билан боғлиқ масалалар ҳал қилинади. Сув етказиб берувчилар ва истеъмолчиларининг масъулияти ортади», – дейилади Сенат хабарида.

Шунингдек, Қонун мамлакатнинг сув хавфсизлигига эришишига хизмат қилади. Унда сув тақчиллиги кучайиб бораётган даврда барча иқтисодиёт тармоқлари ва атроф муҳитнинг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув инфратузилмаси ва суғориладиган ерлар ҳолатини яхшилаш каби масалалар қамраб олинган.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг