Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Сен томондан қилинган ҳар қандай нарса албатта сенга қайтади»

«Сен томондан қилинган ҳар қандай нарса албатта сенга қайтади»

Йигирманчи асрнинг бошлари. Бир шотландиялик фермер уйига қайтаётиб, ботқоқлик ёнидан ўтар экан, бирдан ўша тарафдан ёрдам сўраб бақираётган овоз эшитилди. Фермер овоз келган тарафга югурди. У ерда ботқоқлик ўзининг ифлос қаърига тортаётган бир болани кўрди. Бола ўзини ботқоқликнинг даҳшатли қучоғидан чиқаришга чиранар, лекин унинг ҳар бир ҳаракати билъакс тобора чўкишини тезлатар эди. Бола тиришганча, қўрқувдан бақирарди. Фермер тезда дарахтнинг қалин бир шохини синдириб олди. Халоскор эҳтиётлик билан шохни чўкаётган болага узатди. Бола шохга ёпишиб, унинг ёрдамида хавфсиз ерга чиқиб олди.

Болани кучли титроқ босган эди. У узоқ вақт кўз ёшларини тўхтата олмади, лекин асосийси, у қутқарилди!

– Юр мен билан, уйимга олиб бораман, – таклиф қилди фермер. – Сен ўзингга келиш учун қуриниб ва исиниб олишинг лозим.

 – Йўқ-йўқ, – бола бошини чайқатди, – мени отам кутяпти. У жуда хавотир олаётган бўлса керак.

Бола ўз халоскорининг кўзларига миннатдорона тикилиб турди-да, югурганча кетди...

Эрталаб фермер, уйининг олдига бир извош келиб тўхтаганини кўрди. Извошга зотли отлар боғланган эди. Ундан қимматбаҳо кийимлар кийган бир жаноб тушди ва фермердан сўради:

– Менинг ўғлимнинг ҳаётини кеча сиз сақлаб қолган эдингизми?

– Ҳа, мен, – жавоб берди фермер.

– Мен сизга қанча тўлашим керак?

– Мени хафа қиляпсиз, жаноб. Сиз менга ҳеч нарса қарз эмассиз. Чунки, мен оддий одам қандай ҳаракат қилиши керак бўлса, шундай ҳаракат қилдим холос.

– Йўқ, мен буни шундай қолдиролмайман. Чунки, ўғлим мен учун жуда қадрли. Сиз уни қутқариб қолдингиз. Истаган пулингизни сўранг, – қистади жаноб.

– Мен бу ҳақда ҳеч нарса гапиргим келмаяпти. Хайр.

Фермер кетиш учун ўгирилди. Шу вақт унинг елкасига ичкаридан ўғилчаси чиқиб осилди.

– Бу сизнинг ўғлингизми? – сўради кибор меҳмон.

– Ҳа, – ғурур билан жавоб берди фермер, ўғлининг бошини силаганча.

– Келинг бундай қиламиз. Мен сизнинг ўғлингизни ўзим билан Лондонга олиб кетаман. Унинг таълим олиши учун барча харажатларни тўлайман. Агар у сиздек олийжаноб инсон бўлиб етишса, у ҳолда сиз ҳам, мен ҳам бу қароримиздан афсусланмаймиз...

Орадан йиллар ўтди. Фермернинг ўғли мактабни тугатди. Кейин тиббиёт университетини. Тез орада унинг номи пенициллин кашфиётчиси сифатида дунёга танилди. Унинг исми Александр Флемминг эди.

Уруш арафасида Лондоннинг бойлар учун клиникасига ўпканинг ўта шамоллаши ташхиси билан худди ўша кибор жанобнинг ўғлини келтиришди.

Бу гал унинг ҳаётини қутқариб қолинишига нима сабаб бўлди, деб ўйлайсиз? Ҳа, Александр Флемминг, фермернинг ўғли томонидан кашф қилинган пенициллин дориси сабаб бўлди. Флеммингга таълим олиш имкониятини берган бой жанобнинг исми Рандольф Черчилл эди. Унинг ўғлини эса Уинстон Черчилл дейишарди. Ўша, кейинчалик Англиянинг премьер-министри бўлган Черчил.

Уинстон Черчилл айтган эди: «Сен томондан қилинган нарса албатта сенга қайтади».

                                                                                 Русчадан Шоолим Шомансуров таржимаси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг