Черчилл Нобел мукофотини қандай олган?

Швециялик машҳур химик, инженер, ихтирочи Альфред Нобел 1895 йили ўз номида мукофотни таъсис қилган. Лекин машҳур олимнинг бу мукофоти худди 1867 йилда ихтиро қилган портловчи модда – динамитга ўхшаб «портлаш» хусусиятига эга эканлигини ўйлаб ҳам кўрмаган бўлса керак. Чунки ўшандан бери, жаҳонда ҳар йили бир неча соҳада Нобел мукофоти совриндорлари эълон қилинар экан, жамоатчилик томонидан баҳсли мунозараларга сабаб бўлиб келган. Яъни, уларда совриндорларнинг мукофотга номуносиб эканлигини қайта-қайта таъкидланган. Айниқса, адабиёт соҳасидаги Нобель энг кўплаб тортишувларга сабаб бўлувчи мукофотлардан бири ҳисобланади.
1953 йилда адабиёт соҳасида Нобел учун танловда Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчиллнинг ғолиб деб топилиши ҳаммани ҳайратга солди ва кўплаб баҳсларни келтириб чиқарди. Чунки Черчилл адабиёт соҳасида ўша даврда машҳур ҳисобланган Эрнест Хемингуэй, Жон Стейнбек, Альбер Камю, Жан-Поль Сартр, Борис Пастернак, Владимир Набоков, Хорхе Луис Борхес, Жером Сэлинжер каби адабиёт «дарға»ларидан устун қўйилган эди-да! Мукофотга номзодлар орасида асосий номзод АҚШлик ёзувчи Эрнест Хемингуэй эди. Бу вақтда у ўзининг асосий асарларини, жумладан, «Чол ва денгиз»ни ҳам ёзганди. Лекин мукофот Уинстон Черчиллга берилди...
Кўпларнинг фикрича, мукофотга номзодлар кўриб чиқилганда Нобел қўмитаси кўп ҳолларда совриндорларга «фаворитизм» (бир кишини бошқаларга нисбатан юқори қўйиш, қўллаб-қувватлаш) услубидан фойдаланганлиги кўзга ташланади. Балки қўмита аъзолари Уинстон Черчиллга мукофоти берилишида фаворитизм услубидан фойдаланишгандир...
Хуллас, 1953 йилда Нобел мукофотининг адабиёт соҳасида Уинстон Черчиллга берилишини Черчилл мероси бўйича алоҳида тадқиқодлар олиб борувчи Хиллсдейл коллежи ҳам, қолаверса, ҳатто Черчиллнинг ўзи ҳам кутмаган эди. У Нобел мукофоти тинчлик соҳасида берилади деб ўйлаганди. Чунки номзоди бир неча марта шу йўналишда соҳасида кўрсатилганди.
Авваламбор, Уинстон Черчилл адабиёт соҳасида «ўзига хос» истеъдод соҳиби эгаси бўлган. Унинг иқтидори биринчи навбатда адабиётнинг тарих ва хотирага асосланган йўналишларида яққол намоён бўлган. Нобел қўмитаси бунга қўшимча равишда Черчиллдаги нотиқлик қобилияти, унинг харизми (ўз сўзи ва ҳаракатлари билан бошқаларни жалб қилиши), жаҳон миқёсида тарихий шахс эканлиги ва сиёсий қарашларини ҳисобга олган бўлиши мумкин.
Кўплар Черчиллни машҳур сиёсатчи деб ҳисоблаган бўлса ҳам, унинг адабиёт ва журналистика соҳасида қолдирган мероси ҳозирги даврда ҳам ўз кучини йўқотмаган...
Адабиёт соҳасида Нобел мукофоти – унинг тарихий ва биографик мавзуни тасвирлаш маҳорати, юксак инсоний қадриятларни ҳимоя қилишдаги ёрқин нотиқлиги учун берилган. У Швеция элчисига ҳазилона тарзда шундай деб миннатдорчилик билдирган эди: «Ўйлайманки, сизлар менинг адабиётдаги истеъдодимга холисона баҳо бергансизлар».
Лекин ўшанда қўмитадагилар машҳур сиёсатчига қайси соҳада жаҳондаги мукофот берилиши ўйлаб, роса «бошлари қотган» эди. Ахир уларнинг алоҳида машҳур давлат арбоблари учун мукофоти йўқ эди-да!.. Сиёсатчилар учун тинчлик мукофоти берилса, Уинстон Черчилль олиши мумкин эдими? Йўқ, у рози бўлмаслиги эҳтимолдан холи эмасди. Черчиллнинг эътиқодидан чиққан ҳолда, шундай дейиш керак. У ҳар доим қаерда уруш бўлса, шу жойда бўлган. Масалан, Куба, Ҳиндистон, Судан, Жанубий Африка. Чунки Уинстон Черчилль жаҳон урушларида миллатнинг буюк йўлбошчиси сифатида жаҳон тарихи «саҳнаси»да намоён бўлганди. Балки, Нобель Комитети аъзолари жаҳон «сиёсат олами устози» ҳисобланган Уинстон Черчиллни тинчлик мукофотидан воз кечишини ҳисобга олиб, адабиёт соҳасидаги мукофот билан тақдирлашгандир.
Унинг номзоди адабиёт соҳасида Нобел мукофоти соҳиблигига даъвогар шахс сифатида бир неча марта қўйилганди. Номзодларга биринчи бўлиб, Швеция академияси олимлари томонидан баҳо бериларди. Масалан, 1946 йилда Черчилл номзодлигига Швеция академияси доимий котиби Пер Хельстрем томонидан салбий баҳо берилганди. Хельстрем фикрича, у Черчиллнинг «Саврола» саргузашт романида «адабий қадр-қиммат»ни топа олмайди...
1950 йилда иккинчи марта номзоди кўрсатилганда, Швеция академияси профессори Нильс Анлунд Черчилл асарларида Биринчи жаҳон уруши воқеаларини ҳужжатлар билан тўлиқ ёритганлигига ижобий баҳо беради. Лекин Анлунд Черчиллнинг тарихга асосланган асарлари Нобель мукофоти олишга барибир камлик қилади, деган хулосага келади. 1953 йилда эса, Нобель қўмитаси Уинстон Черчиллнинг адабиёт соҳасида асарларига нотиқлик истеъдодини ҳам қўшишни лозим кўради.
1953 йилда адабиёт соҳасида Нобел мукофоти конкурсида 25 нафар адабиёт «дарға»лари номзод сифатида қатнашади. Рақобатни қаранг! Улардан бири мукофот соҳиби бўлиш керак эди. Улар орасида машҳур уч машҳур адабиёт «дарға»лари: АҚШлик Эрнест Хемингуэй, исландиялик Халлдор Лакснесс, испаниялик Хуан Рамон Хименес ҳам бор эди. Уч машҳур ёзувчи кейинги йиллари Нобель мукофоти совриндори бўлишади...
1953 йилда Нобел комитети адабиёт соҳасида Нобель мукофоти номзодларига берилган «овозлар»ни якунланишига бир неча кун қолганда, дипломатик каналлар орқали Черчиллга, «Мукофотни қабул қиласизми?» – деб мурожаат қилади. Черчилль албатта рози бўлишини, мукофот унинг учун катта шараф эканлигини айтади. Бунинг учун Швеция пойтахти Стокгольмга боришга ваъда беради...
Афсуски, Черчилл Бермуд оролларида бўлиб ўтган халқаро конференцияда ушланиб қолади. Нобель мукофотини топшириш учун ўтказилган тантанали маросимда унинг хотини Клементина ва кичик қизи Мэри Сомс қатнашади...
Вақт ўтади... Одамлар ўзгаради... Лекин тарихда жаҳон аҳли Уинстон Черчиллни буюк давлат арбоби, машҳур нотиқ, жаҳон сиёсатида буюк раҳбар сифатида билади.
Черчилл ўзининг бетакрор дипломатияси ёки инсоний қадриятларни ҳимоясига бўлган ишончли ҳатти-ҳаракатлари учун тинчлик соҳасида Нобель мукофотга сазовор бўлмади. Черчилл адабиёт соҳасида Нобел мукофотини олди!..
Уинстон Черчиллнинг энг яхши асарлар руйхати: «Малаканд корпуси», «Дарё уруши», «Лондондан Ледисмитга Претория орқали», «Саврола», «Иэна Хэмилтон юриши», «Жаҳон инқирози» (5 том), «Номаълум уруш: Шарқий фронт», «Буюк замондошлар», «Иккинчи жаҳон уруши» (6 том), «Мен «Россия билан қандай жанг қилдим», «Менинг дастлабки йилларим», «Инглиз забонли халқлар тарихи», «Қон, тер ва кўз ёшлари»...
Абдурашид Қўзибоев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter