Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Саёҳат» меҳмонхонасининг 4-қаватидан ўзини ташлаб юборган фуқаро вафот этди

«Саёҳат» меҳмонхонасининг 4-қаватидан ўзини ташлаб юборган фуқаро вафот этди

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган «Саёҳат» меҳмонхонасида фожиали ҳодиса юз берди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

Хабарга кўра, сурхондарёлик 31 яшар О.К. 10 август куни соат 10:00 лар чамасида меҳмонхонанинг 4-қаватидаги хонадан ўзини пастга ташлаб юборган ва вафот этган.

О.К. шу йилнинг 4 август куни чартер рейс орқали Россия Фередациясидан Тошкент шаҳрига келган фуқаролардан бўлиб, бошқалар қатори у ҳам карантинга олинган ва пойтахтдаги «Саёҳат» меҳмонхонасининг 4-қаватидаги хоналарнинг бирига жойлаштирилган. Ундан «COVID-19» бўйича тест олинган, 9 август ҳолатига ҳам унда инфекция аниқланмаган.

Марҳум билан битта хонада истиқомат қилган фуқаронинг айтишича, О.К. Россиянинг Қозон шаҳрида оила аъзолари билан ишлаб келган. Охирги кунларда у турмуш ўртоғи ва икки нафар фарзанди Қозонда қолиб кетганидан қаттиқ сиқилиб, руҳиятида салбий томонга ўзгаришлар сезилгани айтилади. Руҳий зўриқиш натижасида ўзини ёмон ҳис қилиб юрган О.К. ўз жонига қасд қилган бўлиши эҳтимоли йўқ эмас.

Ушбу ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг