Самарқандда КамАЗ пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган 3 кишини уриб юборди. Қурбонлар бор
Жорий йилнинг 4 июн куни Самарқанд вилоятининг Нуробод тумани Меҳнаткаш маҳалласи ҳудудидан ўтувчи «Самарқанд-Ғузор» А-378 автомобил йўлининг 35-километрида пиёдалар ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлди.
Вилоят ИИБ хабарига кўра, ҳайдовчи 1999 йилда туғилган П.Ё. ўзининг бошқарувида бўлган «КамАЗ-53 212» русумли юк автомашинасида ҳаракатланиб бораётиб, пиёдалар ўтиш йўлакчасидан ўтаётган Ж.Ф. ва унинг 2 нафар вояга етмаган фарзандларини уриб юборган.
Натижада 2 нафар вояга етмаганлар олган тан жароҳатлари билан воқеа жойида вафот этишган.
Уларнинг онаси Самарқанд тумани марказий шифохонасига ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан шу куни Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан ЖКнинг 266-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчи жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, ҳимоя ҳуқуқи билан таъминланиб, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 227-моддаси тартибида ушланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter