Рой Жонс шартига кўнмаса, Тайсон билан жанг қилмаслигини айтди
Америкалик ва россиялик боксчи Рой Жонс Майк Тайсонга қарши жанг қилмаслиги мумкинлигини айтди. Бу ҳақда «Daily Mail» хабар берган.
Спортчи жангни 28 ноябрга қолдиргани учун тадбир ташкилотчиларини танқид қилган. Жонснинг сўзларига кўра, Тайсон билан учрашувга тайёргарлик кўриши учун бошқа лойиҳаларни рад этишига тўғри келган. Жангнинг кечикиши эса унинг молиявий йўқотишларини кўпайтирмасдан қолмайди.
Шу муносабат билан Жонс ташкилотчилардан компенсация талаб қилмоқда. Америкалик боксчи ва унинг вакиллари айнан қанча пул хоҳлаётганини ҳали аниқ айтишмади. Боксчи хоҳлаган вақтда жангдан бош тортиши мумкинлигини таъкидлаб ўтган холос.
54 ёшли Тайсоннинг Жонс билан кўргазмали учрашуви ҳақидаги маълумотлар 21 июлда пайдо бўлди. Дастлаб жанг 12 сентябрга белгиланганди.
Тайсон фақат ҳайрия мусобақалари учун профессионал рингга қайтиш хоҳиши борлигини апрелнинг охирида маълум қилганди. Америкалик боксчи 2005 йилдан бери жанг ўтказмаган. Унинг ҳисобида 58 та жанг бор, 50 тасида ғалаба қозонган.
51 ёшли Жонснинг ҳисобида эса 66 та ғалаба бор (47 тасини нокаут билан тугатган). Боксчи охирги жангини 2018 йил кузда ўтказган. Профессионал рингда тўққиз марта мағлуб бўлган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter