Россия iPhone 14 смартфонларини учинчи давлатлар орқали импорт қилади
Кейинги йилларда янги ишланмаларини куз ойларида оммага намойиш қилишни анъана тусига киритган Apple’нинг iPhone 14 смартфонлари Россияга учинчи давлатлар орқали импорт қилинади. Бу ҳақда Россия Бош вазир ўринбосари, Саноат ва савдо вазири Денис Мантуров РИА Новости мухбири билан бўлиб ўтган суҳбатда маълум қилган.
«Нега бўлмас экан? Агар россиялик истеъмолчилар ушбу телефонларни сотиб олмоқчи бўлса, марҳамат. Шундай имконият яратилади», – деган у iPhone’нинг янги моделини параллел импорт орқали мамлакатга олиб киришга рухсат бериладими, деган саволга жавоб бериб.
Mobile Research Group таҳлилчиси Эльдар Муртазин эса янги смартфоннинг рус бозорларида 17 сентябр куни, аммо оширилган нархларда пайдо бўлишини тахмин қилмоқда.
«Дастлабки iPhone сотуви Европа бозорида 16 сентябр куни бошланади. 17 сентябрда эса Россиянинг қора бозорларида пайдо бўлади. Бу, албатта, контрабанда ва унда сотувчилар нархларни ўзлари белгилашади. Ўйлашимча, дастлабки кунларда нархлар Европадагига нисбатан 1,5-2 баробарга юқори бўлади. Бир ҳафтадан сўнг эса iPhone 14 интернет-дўконларда Европа нархларига яқин бўлган нархларда – 10 фоизга ортиқроқ нархларгача тушади. Агар учинчи давлатлардан импорт ҳақида гапирадиган бўлсак, бу октябрнинг бошларига тўғри келиши мумкин. Бу пайтга келиб эса нархлар қора бозордаги нархлардан 30 фоизга, яъни Европа нархидан 40 фоизга қимматроқ бўлиши мумкин», – дейди таҳлилчи.
Унинг тахминича, Россия бозорларида iPhone 14 Pro 125 минг рубль, iPhone 14 Pro Max эса 130-135 минг рубль оралиғида бўлади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 7 сентябр куни Apple ўз қурилмалари тақдимотини ўтказиб, унда iPhone 14, iPhone 14 Pro, iPhone 14 Pro Max смартфонларининг сотувга чиқарилиши саналари ҳақида маълумот берган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter