Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россия 10 йилдан кейин – экспертлар нохуш келажакни башорат қилди

Россия 10 йилдан кейин – экспертлар нохуш келажакни башорат қилди

Фото: ТАСС

Халқаро сиёсат ва иқтисодиёт бўйича нуфузли 167 нафар экспертдан деярли ярми (46 фоизи) 2033 йилга бориб Россия парокандаликка юз тутиши, мустақил маъмурий бирликларга бўлиниб кетишини башорат қилди. АҚШдаги Атлантика кенгаши (Atlantic Council) таҳлил маркази ўтказган ва Financial Times газетаси эълон қилган тадқиқот натижалари ана шундан далолат беради.

Сўровда қатнашган мутахассисларнинг 40 фоизи Россияда сиёсий инқироз инқилоб, фуқаролар уруши ёки маъмурий тарқоқлик ортидан юз беради деб ҳисоблайди.

Океанорти экспертлари европалик ҳамкасбларига қараганда бироз некбинроқ чиқди: АҚШлик олимларнинг 36 фоизи, “кўҳна қитъа”ликларнинг эса 49 фоизи Россиянинг истиқболига ишонч билдирмаган.

Респондентларнинг 14 фоизи Россия яқин 10 йилда ядро қуролини ишга солишини қайд этган.

Федерациянинг парокандаликка юз тутишини баён қилган олимларнинг 10 фоизи мустақиллик байроғини кўтарган маъмурий бирликлар яқин ўн йилларда демократик тараққиёт йўлини танлашини айтган.

Атлантика кенгаши келгуси ўн йиллик бутун курраи арзда беқарор кечишидан огоҳлантирган. Сўровда қатнашган экспертларнинг асосий қисми Эрон ядро қуролига эга бўлиши (86 фоиз), Хитой Тайванни аннексия қилиш учун уруш очишини (70 фоиз) тахмин қилган. Аксар экспертлар АҚШ ҳарбий жабҳада дунёда биринчи давлат бўлиб қолишини тасдиқлагани ҳолда, атиги 31-33 фоиз респондент Вашингтон жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияда етакчиликни сақлашига ишонч билдирган.

Атлантика кенгаши директори ўринбосари Петер Энгельке Россияга доир таҳлилларга муносабат билдирар экан, рус армиясининг Украинага бостириб кириши ортидан жорий этилган санкция ва чекловлар Путин раҳбарлик қилаётган тузумга кучли зарба беришини таъкидлаган.

Украина босқини бошланганидан буён Россия Федерацияси парчалашиб кетиши борасидаги тахминлар кучайди. Аввалроқ Ҳадсон институти (Hudson Institute) таҳлилчилари ҳам Россиянинг жуда қисқа вақтда парокандаликка юз тутишини даъво қилиб, дунё сиёсатдонларини Евроосиё маконидаги янги геосиёсий реалликка тайёр туришга ундаган эди. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг