Айрим ижтимоий тармоқларда юртимизда мухолифатга йўл ёпиқлиги, ундай кучларга нисбатан тазйиқлар бўлаётганлиги ҳақида фикрлар намоён бўлмоқда. Шундан келиб чиқиб эксперт сифатида ана шу масалани таҳлил қилсак.
Аввало мухолифат бўлиш учун «биз мухолифатмиз» дейишнинг ўзи камлик қилади. Бунинг учун сиёсий партия парламент сайловларида иштирок этиши ва Қонунчилик палатасида ўз фракциясига эга бўлиши лозим. (Маълумот учун: фракция сиёсий партиядан кўрсатиладиган депутатлар томонидан партия манфаатларини Қонунчилик палатасида ифодалаш мақсадида тузиладиган ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган депутатлар бирлашмаси ҳисобланалди). Шу билан бирга улар ўз сайловчиларига ҳамда амалдаги ҳукумат билан рақабат қилишга лойиқ салоҳиятга, ўзининг аниқ дастурига эга бўлган расмий сиёсий субъект (сиёсий партия, ёки уларнинг фракциялари) ҳисобланади. Ана шундай мухолифат расмий мухолифат ҳисобланади. Бугунги кунда сиёсий мухолифатни шаклланиши учун бизда ҳеч қандай тўсиқлар мавжуд эмас.
Биринчидан, расмий мухолифатни шакллантиришнинг ҳуқуқий асослари яратилган. Маълумот учун: «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Конституциявий қонун 251-моддасининг олтинчи қисмига кўра янгитдан шакллантирилган ҳукуматнинг тутган йўли ва дастурига ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган фракциялар ўзларини мухолифат деб эълон қилиши мумкин. Шундан келиб чиқиб ҳар қандай сиёсий партия ўзини мухолифат партияси сифатида намоён қилиши мумкин. Бунга нисбатан ҳеч қандай тўсиқлар мавжуд эмас.
Иккинчидан, мухолифат шу жамиятни ичидан чиқиши муҳим. Шундагина улар шу юртни муаммосини ўзларида ҳис қилиб уни ечими билан боғлиқ мукобил ечим тақдим қила оладилар. Акс ҳолда қайсидир кучларнинг манфаатларига хизмат қиладиган сиёсий куч сифатида юртимизни тинчлигига хавф соладилар.
Учинчидан, мухолифатни шаклланиши учун аввало шароит мавжуд бўлиши муҳим. Яъни жамиятда очиқлик ва плюрализм ривожланиши билан муқобил ёндашувлар, мухолифат ҳам шаклланади. Бугун жамиятимиз сиёсий ҳаётида очиқлик ва эркинлик шакланмоқда. Бунинг учун ҳокимият шарт-шароитни яратди. Галдаги вазифа жамиятдаги муқобил фикрловчилар томонидан шундай мухолифатни шакллантириш ҳисобланади.
Бу учун бугунги сайлов жараёнларига ўхшаш жамиятни сиёсий маданиятини оширадиган сиёсий жараёнларни босиб ўтишимиз муҳим аҳамият касб этади.
Қолаверса, энг муҳими мухолифат бузувчи тизим эмас тузувчи, муқобил бўлиши керак. Унинг ғоялари мавжуд тизимни, тартиботларни бутунлай бузиб ташлашга эмас, уни янада такомиллаштиришга хизмат қилиши керак.
Мавжудларини бузуб янгисини барпо этиш сиёсатшунослар тили билан айтганда инқилоб ҳисобланади. Унинг энг катта камчилиги ҳаммасидан воз кечиб ҳаммасини бошдан, янгитдан бошлашни талаб этади. Бунинг оғирлиги аввало оддий халқни зиммасига тушади. Масалан, мустақилликни дастлабки йилларда шаклланган Эрк партиясининг антиконституцион фаолияти ва уни суд қарори билан фаолиятини чекланганлигини қайд этиш мумкин.
Хуллас бугун бизга расмий ва тараққиётимиз учун конструктив мухолифат зарур. Бугунги сайловлардаги номзодлар ўртасидаги дадил чиқишлар, танқидлар энг муҳими дастурлардаги муҳим концепциялар бизда ҳам расмий мухолифатни шаклланиб бораётганлигидан далолат беради.
Ойбек Сирожов,
Тошкент Кимё технологиялари институти кафедра мудири.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter