Қуёш ва шамол энергетикасига инвестицияларни кўпайтириш учун ҳам бозор механизмларига ўтиш керак
Кўпчилигимиз «қайта тикланувчи энергия манбалари» деган жумлани тез-тез эшитиб қоламиз. Хўш, бу ўзи нима дегани? Авваламбор, шу ҳақда қисқача изоҳ берсак.
Қайта тикланувчи энергия манбалари, бу — гидроэнергетика (йирик табиий ва сунъий сув иншоотлари/тўғонлар, сув омборлари орқали сув оқими таъсирини электр энергиясига айлантириш), шамол энергияси (шамол турбиналари/парраклари ёрдамида шамол энергиясидан электр энергияси ишлаб чиқариш), қуёш энергияси (қуёш панеллари воситасида ёруғликни электрга айлантириш) ва бошқалар. Нефть, табиий газ, кўмир, уран рудаси каби қазиб олинадиган ёқилғидан фарқли ўлароқ, бу энергия манбалари тугамайди, шунинг учун улар «қайта тикланувчи», деб аталади.
Айтиб ўтганимиздек, табиий ресурслар захираси чекланган. Яъни ер қаъридан олинаётган нефть ҳам, табиий газ ҳам бир кун келиб тугайди. Бу эса электр энергияси ишлаб чиқаришнинг муқобил вариантларига ўтишни тақозо этмоқда.
Давлатларнинг географик жойлашувига кўра, қайта тикланувчи энергия манбалари имкониятлари ҳар хилдир. Ўзбекистон бу борада жуда кенг салоҳиятга эга. Юртимиз нафақат ўзининг тўрт фаслли бетакрор табиати, ер ости ва усти нодир бойликлари, балки ноёб хусусиятлари — офтобли осмони, шамолли кенгликлари, тезоқар дарёлари, биологик манбалари билан ҳам ажралиб туради.
Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергетикага ўтиш бўйича жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2026 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш мақсад қилиб олинган.
Яна ҳақли савол туғилади: бу нима дегани ва қандай натижа беради?
Бу — йилига 3 миллиард кубометр табиий газни иқтисод қилиш, яъни тежаш деганидир. Бундай ҳажмдаги газ билан эса 1 миллион хонадонни 1 йил давомида таъминлаш мумкин. Ёки шунча ҳажмдаги газ ёрдамида қўшимча 15 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарса бўлади. Бу эса Ўзбекистондаги аҳолининг 98 фоизини йил давомида электр билан таъминлаш учун етарли.
Ҳозирги вақтда юртимизда умумий қуввати 3977 мегаваттга тенг бўлган 19 та қуёш фотоэлектр станцияси ва умумий қуввати 3100 мегаваттга тенг бўлган 7 та шамол электр станциясини ишга тушириш бўйича улкан лойиҳалар амалга оширилмоқда. Олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида 2021 йилнинг август ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида Ўзбекистондаги илк 100 мегаватт қувватли йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Худди шунингдек, 2022 йилнинг май ойида Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида иккинчи 100 мегаватт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси фаолият бошлади. Қорақалпоғистон Республикасида эса Марказий Осиёда энг катта — 1,5 гигаватт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш режалаштирилган. Ушбу шамол станцияси 1 миллион 650 минг хўжаликни электр энергияси билан таъминлайди ва йилига 2,4 миллион тонна зарарли газларнинг атмосферага чиқишини олдини олади.
Умуман, қайта тикланувчи энергия манбаларининг тараққий этиши мамлакатни барқарор ривожлантиришда жуда муҳим аҳамиятга эга. Бундай энергия манбалари атроф-муҳитга зарар етказмагани боис «тоза» деб аталади. «Яшил энергетика» дея ҳам таърифланади. Бу эса фарзандларимиз, келажак авлоднинг соғлом камолга етиши учун мустаҳкам заминдир.
Яшил энергетика қанчалар фойдали ва жозибали бўлмасин, шубҳасиз, у ҳам ўта юқори технологик ечимлар ва улкан инвестицияларни талаб этади. Қолаверса, муқобил энергия манбаларида ишлаб чиқарилган электрни истеъмолчига йўқотишларсиз етказиб бериш масаласи ҳам турипти. Бу ерда гап яна эскирган инфратузилмани янгилаш, модернизациялаш (замонавий талаблар ва сифат кўрсаткичларига мос ҳолда ислоҳ қилиш), энг муҳими, бу ишларни имкони борича тезроқ бошлашга бориб тақалади.
Бошқа йўлимиз йўқ. Соҳада жиддий ўзгаришларни амалга ошириш, аввало, давлат бюджетидан нархни ушлаб туришга йўналтирилаётган миллиардлаб субсидия маблағларининг бўшашига олиб келади. Ушбу маблағларни эса Ўзбекистонда энергетикани ривожлантиришга оид инновацион лойиҳаларга ҳамда инфратузилмани янгилашга йўналтириш мумкин бўлади.
Бизда тугамайдиган энергия манбалари бор, бироқ уни ривожлантириш учун тарифларни тартибга солиш муҳим. Нарх эркинлаштирилиши тоза ва зарарсиз бўлган яшил энергетика тараққиётига хизмат қилади. Гапнинг индаллоси, қуёш ва шамол энергетикасига инвестицияларни кўпайтириш учун ҳам бозор механизмларига ўтиш керак бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter