Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президентга атом энергетикаси бўйича ахборот берилди

Президентга атом энергетикаси бўйича ахборот берилди

Фото: Президент матбуот хизмати.

Давлатимиз раҳбарига атом энергетикасини ривожлантиришга қаратилган вазифалар ижроси юзасидан ахборот берилди.

Мамлакатимизда энергетика соҳасида кўплаб лойиҳалар амалга оширилгани натижасида охирги беш йилда электр энергияси ишлаб чиқариш 30 фоиз кўпайиб, 81,5 миллиард киловатт соатга етди. Ошиб бораётган талабни қондириш учун қайта тикланадиган энергия манбалари ҳам фаол ривожлантирилмоқда. Унинг генерациядаги улуши 16 фоизга етиб, ўтган йили 3,2 гигаваттли қўшимча қувват яратилди.

Бу соҳада узоқни кўзлаш, келажакка ҳозирдан замин ҳозирлаш керак. 2035 йилда юртимизда электр истеъмоли 121 миллиард киловатт соат бўлиши ҳисоб-китоб қилинган. Шу боис энергетикани барча йўналишларда ривожлантириш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, 2030 йилга бориб, жами генерацияда “яшил” энергия улушини 50 фоизга етказиш режалаштирилган. Узоқ муддатда атом энегрияси базавий манбалардан бирига айланиши кўзда тутилган.

Ҳозирги кунда кичик қувватли атом электр станцияси қуриш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Уни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилиш ҳамда “йўл харитаси” тайёрлаш мақсадида ишчи гуруҳларнинг учрашувлари ўтказилди.

Халқаро атом энергияси агентлиги билан 2025-2027 йилларга мўлжалланган Қўшма ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди. Бўлажак станция қурилишининг ҳар бир босқичи – лойиҳалаштиришдан то битгунга қадар Халқаро атом энергияси агентлигининг қатъий назорати остида бўлади, жаҳоннинг энг илғор тажрибалари ва хавфсизлик талаблари татбиқ этилади.

Йиғилишда мутасаддилар лойиҳанинг бориши, ҳамкорлар билан музокаралар юзасидан ахборот берди. Рухсатномалар олиш ва молиялаштириш масалалари, шунингдек, катта қувватли атом электр станциясининг техник-иқтисодий жиҳатлари ҳамда уни барпо этиш режалари кўриб чиқилди. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг