«Қуриётган дарёлар йили»: навбат Осиёнинг энг узун дарёсига(ми)?
Хитой жанубида аномал иссиқ ва қурғоқчилик оқибатида Осиёдаги энг узун дарё — Янцзи (6 300 км) сув сатҳи рекорд даражада пасайиб кетди. Улкан дарё мамлакатнинг учдан бир қисми яшовчи ҳудудларидан оқиб ўтади.
Янцзи кузатиладиган асосий нуқта — Ухан (коронавирус тарқалган шаҳар — таҳр.)да мутахассислар дарё сатҳи 17,54 метрга тушганини қайд этишди, бу ўтган йилларга қараганда 6 метр паст.
Кузатувлар бошланган 1865 йилдан бери Янцзи сув сатҳи бу қадар пасаймаганди.
Қолаверса, Хитойдаги чучук сувли йирик кўллар — Поянху ва Дунтинхуда ҳам сув сатҳи кескин пасайган. Чунки кўллар Янцзи билан туташ. Кўлларни кузатиш 1951 йилда бошланган, бу ерларда ҳам тарихий антирекорд қайд этилди.
Бу йил Янцзи ҳавзасида қуруқ мавсум одатдагидан 100 кун илгари бошлангани ҳам хавотирланишга асос бўлади. Умуман олганда, Хитой жанубидаги бошқа дарёларда ҳам сув кўп эмас.
Хитойда жазирама июл ойидан бери ҳукм сурмоқда. Айрим провинцияларда ҳарорат 40 даражадан юқори. Миллий метеорология маркази ўтган ҳафта минтақа учун энг юқори — «қизил» даражани белгилаганди.
Глобал иқлим исиши оқибатларига бу йил дунёнинг кўплаб нуқталари мисолида гувоҳ бўлиш мумкин. Европанинг бош сув артерияси — Рейн сатҳи 40 сантиметрдан пасайиб кетиб, дарё транспорти учун деярли ярамай қолди, Италиянинг энг узун дарёси По деярли қуриб қолди, Луара (Франция) дарёси ҳам Рейн қисматига шерик бўладиган кўринади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter