Қозоғистонда Марказий Осиёнинг энг катта масжиди очилди
12 август куни Қозоғистон пойтахти Нурсултон шаҳрида Марказий Осиёдаги энг катта жомеъ масжиднинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қозоғистон мусулмонлари идораси хабар берди.
Маросимда мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев қатнашди. Гап шундаки, масжиднинг илк ғишти уч йил аввал айнан Элбоши томонидан қўйилган эди.
«Ўтган йиллар давомида пойтахтда кўплаб бинолар барпо этилди, уларнинг барчаси муҳим, албатта. Аммо ушбу масжид алоҳида ўрин тутишини таъкидлашни истардим. Мустақилликдан кейин мамлакатнинг турли ҳудудларида янги масжидлар очилмоқда. 2019 йил март ойида президентлик ваколатим тугаши арафасида ушбу масжиднинг тамал тошини қўйган эдим. Ўшанда мамлакатнинг амалдаги президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам ёнимда эди. Ушбу масжид қурилишига ҳисса қўшиш бахти насиб этгани учун Аллоҳга шукроналар айтаман», – деди Н.Назарбоев.
Дунёнинг йирик масжидлари рўйхатига кириши айтилаётган ибодатгоҳнинг умумий ҳудуди 10 гектарни ташкил этади. 68 минг квадрат метр майдонни эгаллаган масжидга ҳар бири 130 метрли тўрт минора салобат бахш этиб туради. Асосий гумбаз баландлиги 83,2 метр, диаметри эса 62 метрни ташкил қилади. Масжид ҳудудида бир пайтнинг ўзида 235 минг мусулмон намоз ўқиши мумкин. Хонақоҳ эса 35 минг кишини бағрига сиғдиради.
Мажмуа таркибида ўқув хоналари, никоҳ зали, анжуманлар саройи, қироатхона, телестудия, музей, дўкон каби қўшимча иншоотлар ҳам мавжуд.
Йирик жомеъ масжиднинг очилиш маросимида Миср, Россия, Қирғизистон, Мўғулистон, БАА каби мамлакатлар диний уламолари қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳам иштирок этди.
«Казинформ» агентлиги хабарига кўра, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев МДҲ давлатлари диний пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Нуриддин Холиқназаров, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси Замир Ракиев, Россия мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Дамир Муҳиддинов билан учрашди.
Элбоши уламоларга масжид очилишида иштирок этганлари учун миннатдорлик билдирди. Таъкидланишича, Нурсултон шаҳридаги янги масжид ислом динининг тинчлик, бағрикенглик каби қадриятлари тимсоли саналади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter