Кўчадаги қоидабузарлик ҳақида хабар етказиш – иллатми ё фазилат?
Сўнгги йилларда қонунчилигимизда фуқароларнинг қоидабузарликлар ҳақида тегишли ташкилотларга маълумот беришини рағбатлантирувчи бир қатор нормалар пайдо бўлди. Хусусан, йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этиб, ички ишлар органларига маълумот етказганлик учун моддий рағбат ёки йўллардаги ҳаракат қоидалари бузилишини қайд этувчи камераларнинг аутсорсинг асосида хусусий секторга берилишини назарда тутувчи куни кеча қабул қилинган Президент қарори шулар жумласидандир.
Жамиятда ушбу масала юзасидан баҳс-мунозара қизиди: бир томон буни жиноятчиликка қарши курашнинг ривожланган давлатлар тажрибасига таяниб жорий этилган замонавий усули деса, бошқа томон чақимчилик, сотқинлик, хоинлик деб баҳоламоқда.
Келинг, ушбу қарашларнинг фалсафий, маънавий ва ахлоқий илдизларини таҳлил қилиб кўрамиз. Зораки, бу бир-биримизни тушуниш учун қадам бўлади.
Атама
Чақимчи – бировнинг гапини бировга ташувчи, бирон кимсанинг сирини очувчи, бировлар устидан махфий хабар етказиб турувчи (Ўзбек тилининг изоҳли луғати).
Хабар етказувчи (информатор, whistleblower) – давлат муассасаси, жамоат жойлари ёки хусусий корхоналарда мавжуд ёки эҳтимолли қоидабузарликлар ҳақида хабар етказувчи, фош қилувчи ижтимоий фаол фуқаро (Википедия)
Нега уларни ёқтирмаймиз?
Совет ўтмишига эга давлатларда тегишли органларга қоидабузарлик ҳақида маълумот етказиш аксар ҳолларда «бировни сотиш, устидан ёзиб бериш» сифатида ёмон иллат деб қабул қилинади. Бунинг сабаби эса, албатта, тарихий ўзига хослик ва тажрибаларга бориб тақалади.
Энг асосий 2 та тарихий сабабни санаш мумкин.
Биринчи сабаб – сиёсий қатағонлар. Ўтмишда халқимиз мустамлака билан бирга бир неча миллий, диний, сиёсий характерга эга қатағонларни ҳам бошдан кечирди. Бу қатағонларда «хабар етказувчи»лар муҳим рол ўйнагани сир эмас. Етказилган хабарларнинг рост ё ёлғонлиги, далилланган ё далилланмагани муҳим эмасди кўпда.
Давлатнинг ўзи ҳам етказилган далиллар ва маълумотларнинг ҳаққонийлигини муҳим деб билмаган, бундан манфаатдор бўлмаган ва кўпда фактлардан ўз қатағон сиёсати йўлида фойдаланган.
Яъни хабар етказувчиларнинг фаолияти жамиятни тозалаш ва ривожлантиришга – эзгуликка эмас, ноҳақ қатағон машинасига – ёвузликка бевосита ва билвосита хизмат қилди.
Иккинчи сабаб – жиноят олами. Хабар етказувчиларга «қулоқ», «сотқин», «терпила», «стукач» каби ҳақоратомуз номлар айнан совет даврида қўйилган ва ҳамон ўша тагмаънолари билан истеъмолда.
«Терпила», «стукач» деганда у ёки бу хатти-ҳаракат ҳақида кимгадир арз қилиш тушунилади. Ушбу атамаларнинг бугун биз тушунган маъноларда қўлланиши 80-90-йиллардаги ижтимоий ҳолатга ва криминал субмаданиятга бориб тақалади.
Ўша даврларда бутун шўро мамлакатларида авж олган криминал шахсларнинг обрўси ортиши, «кўча» тартиблари ва унинг ортидан «кўча» субмаданиятининг пайдо бўлиши, жиноий тўдабошиларнинг ҳатто давлат ишлари ва сиёсатга ҳам аралашиб, обрўли инсонлар, давлат мулозимларининг улар билан бир дастурхонда ўтириши ва бундан ғурурланиши авж олди.
Натижада «кўча» маданиятининг ажралмас бир қисми бўлган давлат органларига маълумот етказмаслик, муаммоларни ўзига хос ёзилмаган қоидалар асосида ҳал қилиш, давлат органлари билан ҳамкорлик қилганларни қоралаш одатлари пайдо бўлди.
Бора-бора бу одатлар анъанага айланиб, миллат зеҳниятига сингди ва ривожланган, дунё амал қиладиган тартибларни ғайриоддий, нотўғри ишдек тушуниш бошланди. Яъни тушунчалар ўрни алмашиб қолди, эзгулик ва ёвузлик ҳақидаги фикрлар ва қарашлар қайта шаклланди.
Ҳозир жамиятда кўпчилик ана шу «вор в законе»лар истеъмолга киритган тушунчалар таъсирида эканини кўпинча сезмайди ҳам.
Бироқ ўтмиш фобияларидан воз кечиб, ўзини қайта тарбиялай олган жамиятлар ривожланади. Шунга кўра айрим тушунча ва қадриятларни қайта кўриб чиқиш даври келди.
Ривожланган жамиятларда қандай?
Америкалик талабадан «кўчирмакашлик қилиш» ва «кўчирмакашлик ҳақида профессорга хабар етказиш» деган икки хатти-ҳаракатга ахлоқий баҳо беришини сўрасангиз, у «кўчирмакашлик – ёмон, у ҳақида префоссорга маълум қилиш яхши» деб жавоб беради. Яъни кўчирмакашлик – қоидаларнинг ҳаммага тенг қўлланилиши принципига зид ҳаракатдир. Бу ҳақида айтиб бериш эса – адолатни тиклашдир.
Ижтимоий тармоқ ўзбек сегменти фойдаланувчиларидан бири ёзади:
«Олий таълим даргоҳига киришда олти марта йиқилдим, еттинчи йил тест топширишда аудиторияда ким шпаргалкадан фойдаланяпти, ким телефондан, кимнинг ишини олиб чиқиб ечиб келишяпти, сезганимни жанжал қилиб баённома туздирдим, чунки у кабиларни деб неча йилдирки, университетга кира олмаётгандим. Охири шу тарзда ҳаммага тенг шароит ва имкониятлар берилишини талаб қилиб ўқишга кирдим.»
Ривожланган мамлакатларда давлат ва хусусий секторда турли хил жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни фош қилиш учун «whistleblowing» институти жорий қилинган. Унга кўра, ташкилотларда содир бўлаётган жиноятчилик тўғрисида хабар бериб турувчи махсус ходим тайинланади.
Бундан ташқари, АҚШда ва Европанинг кўплаб мамлакатларида коррупционернинг давлатга етказган зарарини қоплаш учун суд қарори билан унинг мулки мусодара қилингач, шу мулкдан маълум фоизларни жиноят ҳақида хабар етказувчига тўлаб беришни кафолатловчи нормалар мавжуд.
Эътиборли жиҳати, қонунбузарликлар ҳақида хабар бериш нафақат қонунчиликда белгилаб қўйилган норма, балки жамиятда ҳам нормал қабул қилинадиган ҳаракатдир.
Албатта, хабар етказувчиларга нисбатан муносабат доим ҳам ижобий бўлавермайди. Шу сабабли «вистлбловер»ларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун миллионлаб пул сарфланади.
Бироқ бунинг жамият ва давлат учун охир оқибат катта фойдаси бор. Масалан, Нидерландияда битта хабар берувчини ҳимоялаш учун сарфланган ҳар бир евро оқибатда давлат ғазнасига 22 евро олиб келган, Руминияда эса бу кўрсаткич 319: 1 дан 532: 1 гача етади.
Яъни қонунбузарлик ҳақида хабар берувчининг етказган маълумотлари орқали бартараф этилган жиноятлар туфайли давлат кўриши мумкин бўлган шунча зарарнинг олди олинади.
Қонунми ё одатлар?
Бир асосий жиҳатни эътиборда тутиш зарур: ҳар қандай маълумот ҳам факт бўлавермайди. Хабар етказувчилар фаолиятини оқловчи ва ахлоқий жиҳатдан асословчи асосий омил – бу улар етказаётган маълумотнинг ҳаққонийлигидир. Моҳиятан, хабар етказувчи хабар, маълумот ё хулоса эмас, асосан, ДАЛИЛ етказади. Уни текшириш ва адолат ўрнатиш давлат зиммасида.
Кўриниб турибдики, қонун устувор жамиятларда қоидабузар ҳаққоний жавобгарликка тортилади, демак, хабар етказувчи бу адолатнинг юзага чиқишига ёрдам беряпти, эзгуликка хизмат қилмоқда деб қаралади.
Бизда эса аксинча: хабар бериш – ўзиникиларни сотиш деб баҳоланяпти. Яъни қонунларга, тартибларга амал қилиш эмас, гуруҳларга, ўзиникиларга ёки айнан бир шахсга содиқ бўлиш, садоқат кўпроқ қадрланади. Қонунга итоат эмас, нимагадир ё кимгадир садоқат муҳимроқ.
Бундай шароитда, табиийки, на коррупцияга ва на бошқа қоидабузарликларга қарши жамоатчилик назорати асосида курашиш етарли самара беради. Чунки одамлар белгиланмаган жойларга ахлат ташлайдиганларга, аёлини кунда дўппослайдиган зўравонга, кўчада болани ўғирлаб кетаётган нотаниш шахсга... тоқатли ва бефарқ бўлиб бораверади – «барибир фойдаси йўқ», «менга нима» каби қарашлар билан.
Фуқароларнинг давлат органларига қоидабузарлик ҳақида маълумот етказишни ёқламасликларига яна бир сабаб, уларда айрим давлат органларига ишончнинг етарли даражада шаклланмаганлигидир. Улар учун давлат – формал қоидаларга риоя этилишини назорат қилувчи куч, холос.
Амалда кўпроқ ёзилган қонунлар эмас, ёзилмаганлари ишлайди ва улар орасида садоқат, ўзиникиларни сотмаслик катта аҳамиятга эга. Қоидалар ва одатларга муносабат тахминан мана бундай:
«Ёзилган қоидалар давлатники, ёзилмаган қоидалар, анъаналар – халқники. Ёзилган қоидаларни бузиш мумкин, ёзилмаганларига албатта амал қилиш керак. Бўлмаса, одамлар нима дейди, жамият қабул қилмайди. Ёзилган қоидалар амалдорларга «пул қилиш» учун керак, холос».
«Ўзиники» ва «улар» деган тушунчалар ҳам ана шу негизда шаклланган: биз ва давлат, бизникилар ва давлат одами, халқ ва амалдорлар. Ривожланган мамлакатлардаги фуқаро – давлат хизматчиси, сайловчи – номзод, халқ – лидер каби фарқланиш етарлича сингмагани ва бунинг туб сабаблари асли бизнинг муаммоларимиз илдизидир балки.
Нима қилмоқ керак?
Қонун устувор бўлишида давлатнинг ҳам, жамиятнинг ҳам ўзига яраша масъулияти бор. Томонлар қоидаларни келишиб олсалар ва уларга амал қилсалар кифоя.
Давлат органлари зиммасидаги масъулият қонунларнинг ҳаммага бирдек қўлланилиши, шоҳга ҳам, гадога ҳам жазо муқаррарлигини таъминлаш, адолатли ва ҳуқуққа зид бўлмаган (бузишга мажбур қилмайдиган) қоида ва тартибларнинг яратиш билан ифодаланади.
Жамият эса жараёнларда ўзини талаб қилувчи ва томошабин эмас, иштирокчи ва ташаббускор сифатида кўриши керак.
Аслида мамлакат давлат хизматчилари деб аталувчи бир гуруҳ одамларники эмас, ҳамманики, халқники. Ҳаммамиз давлатмиз – қонунлар ҳам, унга риоя этадигану этмайдиган фуқаролар ҳам.
Давлат тузилмалари ҳамманинг ҳамма жойда қонунга риоя этиб яшашини таъминлаб бера олмайди, фуқаролар ҳам бирдек қонунга итоаткор эмас. Шу сабабли ривожланган мамлакатларда жамоатчилик назорати деган тизим шаклланган. Бу худдики ички аудит дегандек.
Дунёга боқсангиз, амин бўласизки, фақат кучли ривожланган фуқаролик жамияти ва кучли фуқаролик позициясига эга одамлари бўлган жамиятлар ривожланяпти.
Агар ҳаммаси тўғри амалга оширилса, қоидабузарликлар ҳақида хабар беришдан жамиятга фойда келади, «чақимчилик» деган салбий сўз ўрнини «фаол фуқаролик позициясига эга шахс» деган ижобий атама эгаллайди. Чунки хабар берувчилар жамиятни тозалаш, қоидабузарликларни камайтириш учун, яъни эзгуликка хизмат қилган бўладилар. Ўзбек халқи зеҳнияти янги, замонавий ахлоқий категория билан бойийди.
Вистлбловерлик фаолиятининг юртимиздаги истиқболи масаласига келсак, чегаралар кенгайиши, янги соҳаларга татбиқ этилиши давом этади. Албатта, барчаси қонун доирасида, замонавий технологияларни жалб этган ҳолда шаффоф ва тизимли равишда ривожланиб боради деган умиддаман.
Натижалар кўрина бошласа, жамиятнинг ҳам бунга муносабати ўзгаради: қонунийликни таъминлаш ҳамманинг иши бўлади, қонунларни ўқишади, улар ҳақида тобора кўпроқ ўйлай ва гапира бошлашади. Ёзилган қонунлар ҳамма жабҳаларда устуворликка эга бўла боради.
Шаҳноза Соатова, блогер
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter