Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Қишлоқ қурилиш инвест» монополияси босқичма-босқич тугатилади

«Қишлоқ қурилиш инвест» монополияси босқичма-босқич тугатилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 22 ноябрь куни қишлоқлар ва шаҳарларда аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилганди.

Йиғилишда қишлоқларда ҳам уй-жой қурилиши тизимини ислоҳ қилиш, буюртмачи функциясини «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компаниясидан босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш масалалари муҳокама қилинган. 

Таъкидландагидек, энди қишлоқларда уй-жойлар йўл бўйларида бир қатор қилиб эмас, шаҳар ва туман марказларига туташ ҳудудларда мавзелар шаклида қурилади. Бунинг натижасида келгусида туманларни йирик агломерацияга айлантириш мумкин. Бу эса инфратузилма харажатини камайтиради, аҳолининг иқтисодий фаоллигини оширади, ерлардан самарали фойдаланиш имконини беради.

Видеоселектор йиғилишида бундай мавзеларга ер ва кредитлар ажратиш, инфратузилма тармоқларига улаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш борасида жойлардаги раҳбарларга батафсил тушунтириш берилди. 

Президент Шавкат Мирзиёев уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал ва ипотека кредити фоизини қисман қоплаш масаласида таниш-билишчилик ва бошқа суиистеъмолчилик ҳолатларига барҳам бериш кераклигини айтди. Бюджетдан ажратиладиган субсидиялар айнан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига етиб боришини сўзсиз таъминлаш лозим.

Субсидия учун келгуси йил бюджетидан 1 триллион сўмга яқин маблағ ажратилади ва умуман олганда 16 мингта оиланинг шаҳар ва қишлоқларда уй-жойлар сотиб олишини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Аҳоли субсидия олиш учун талайгина ҳужжатлар тўплаб, қатор идораларда сарсон бўлиб юриш ҳолларига чек қўйилади. Энди аризалар Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг ҳудудий бошқармаларида ташкил этилган доимий комиссияларда кўриб чиқилади ва кам таъминланган оилаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилади.

Ушбу комиссиялар таркибида банк, молия, солиқ, меҳнат, маҳалла ва бошқа идоралар вакиллари бўлади. Бундан ташқари, комиссия йиғилишида истаган фуқаро иштирок этиб, ўз фикрини билдириши мумкин бўлади. Қолаверса, субсидия бериш масаласи кенг жамоатчилик билан муҳокама қилиниши лозим бўлади.

Ҳар бир вилоят ҳокимлиги 2020 йилда уй-жой сотиб олиш учун кам таъминланган оилаларни аниқлаш, уларга навбат билан субсидия тўлаш тартиби ва мезонларини ишлаб чиқиб, ўз ҳудудларида ижобий тажриба жорий этишлари зарурлиги таъкидланди.

Келаси йилда «Ўзшаҳар қурилиш инвест» ҳамда «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компаниялари амалдаги тизим асосида шаҳарларда 4 минг 250 та ва қишлоқ жойларида 8 мингта уй-жой қурилишини давом эттиради.

Тайёр уйлар узоқ вақт давомида сотилмай туриши ҳолларининг олдини олиш мақсадида шаҳарларда қурилишни молиялаштириш тизими такомиллаштирилади. Энди турар жойларга талабгорлар рўйхати шакллантирилиб, бошланғич бадал йиғилмагунча қурилишга молиялаштириш очилмайди.

Банклар 2020 йилда амалдаги тизим бўйича шаҳарларда қуриладиган уй-жойларнинг харидорини аниқлаган ҳолда, қурилишни мижозга ажратиладиган ипотека кредити ҳисобидан молиялаштириш тизимини жорий этадиган бўлди.

Уйлар нархини тушириш ва сифатини ошириш учун инновацион қурилиш материалларидан кенг фойдаланиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Ҳокимликларга шаҳар ва қишлоқларда уй-жойлар учун ер ажратиш, пудратчиларни аниқлаш ишларини якунлаб, қурилишни 2020 йил 1 мартга қадар бошланишини таъминлаш юклатилди.  

– Уй-жой сиёсатида янги тизимга ўтаяпмиз. Бу жараёнда ҳар бир ҳудуд раҳбари зиммасига масъулият ва жавобгарликни олиб, янги тизим бўйича турар жой қуришда ўз тажрибасини яратиши шарт. Энди ҳокимлардан қурилган уйлар сони эмас, қурилишга нечта салоҳиятли тадбиркорлар жалб қилингани, уларга қанча ер ажратилгани, инфратузилма тармоқлари яратилгани, уйлар сифати ва нечта одамни рози қилгани сўралади, – деди давлатимиз раҳбари. 

Уй-жойларни қуриш ва реализация қилиш бўйича республика комиссияси жойларга чиққан ҳолда, қурилиш ишларини назоратга олиши зарурлиги таъкидланди.  

Ҳокимлар эски бино ва иншоотларни бузиш ҳисобига бўшаган жойларда уй қуриш масаласига алоҳида эътибор бериши шартлиги, компенсация пуллари тўланиб, мулк эгалари рози бўлмагунча бирорта кўчмас мулк бузилиши мумкин эмаслиги кўрсатиб ўтилди. 

Давлат идоралари раҳбарлари нафақат ўзининг, балки давлатнинг ҳам шаънини сақлашга масъул экани, халқ билан, оммавий ахборот воситалари билан мулоқотда кибрга берилмай, вазмин ва оқилона, қонунга асосланган қарор қабул қилиши шартлиги таъкидланди. 

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти тингланди ва амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг