Қирғин авжига чиқмоқда
19 февраль куни Нигерия президенти мамлакатнинг Нигер штатидаги мактабга ҳужум чоғида асирга олинган ўқувчиларнинг барчасини қайтариш бўйича қуролли кучлар операция ўтказишини талаб қилди. 17 феврал кунги ҳужум чоғида бир ўқувчи ўлдирилган, 27 нафар ўқувчи, 3 та ўқитувчи ва 12 нафар ота-она гаровга олинган эди. Бу пайтда интернатда 650 нафар бола бўлган.
Сўнгги пайтларда Нигерияда «Боко Харам» террорчилари тинч аҳолига ҳужумларни кўпайтирмоқда. Ҳукумат уларга қарши самарали курашишга тайёр эмас.
Боз устига, шу куннинг ўзида «Ал-Қоида» жангарилар Буркина-Фасо шимолида ва Мали марказий қисмидаги маҳаллий аҳолига нисбатан босқинчилик ҳаракатлари натижасида 20 киши қурбон бўлди.
Бундай қонли ҳаракатлар 16 феврал куни Франция президенти Эммануэл Макроннинг террорчилар бошлиғини йўқ қилгани ҳақидаги баёноти ортидан кучайди.
Франция уран хом-ашёсисиз қолишидан хавотирда
Франция президенти Ғарбий Африканинг Сахел минтақасида жойлаштирган ҳарбийлар сонини яқин орада қисқартириш режаси йўқлигини ҳам маълум қилган эди. Ҳозирда Буркина-Фасо, Чад, Мали, Мавритания ва Нигерда 5 минг нафар француз аскарлари хизмат қилмоқда.
«Сахелда натижаларга эришдик. Биз ўз кучларимизни сафарбар қилмоқдамиз. Биз, Сахел учун коалиция аъзолари коллектив хавфсизликни яратиш учун саъй-ҳаракатларимизни бирлаштирганмиз», деди Франция раҳбари ўз «Twitter»ида.
Бу ўринда гап Франция ҳарбий кучларининг «Сахел бешлиги» давлатлари (Буркина-Фасо, Мавритания, Мали, Нигер ва Чад) ҳарбий қисмлари билан ҳамкорликда 2014 йилдан буён олиб борилаётган «Бархан» антитеррор операцияси ҳақида бормоқда.
Расмий Париж ўзининг анъанавий таъсир доирасини сақлаб қолиш учун бир неча йилдан буён Мали шимолида туарегларга қарши фаол ҳарбий амалиётлар олиб борди. Бу кўчманчи қабилалар нафақат Малида балки Нигер ва Жазоир ҳудудлари бўйлаб ҳам қуролли ҳаракатларни олиб бормоқда. Улар Франция агар ўз қўшинларини олиб чиқиб кетмаса, ундан ўч олишини эълон қилиб келмоқда.
Франция ҳукумати ўтган ойда яна бир иттифоқчиси – Нигердаги уран конларини қўриқлаш учун махсус бўлинмаларни юборган эди. Бу ердаги конлар Франциянинг давлат атом монопол компанияси Arevaга тегишлидир. Бу конларда икки ярим мингдан ортиқ француз мутахассислари фаолият кўрсатади.
Нигер ҳукумати исёнчи туареглар конларни эгаллаб олишидан хавфсираётган бўлса, расмий Париж атом станциялари уран хом-ашёсисиз қолишидан хавотирда. Чунки мамлакатда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясига 75 фоизи АЭСларда ҳосил бўлади. Айнан Нигер олинадиган уран ярим асрдан буён Франция АЭСлари учун сермаҳсул ядро ёнилғиси вазифасини ўтамоқда.
Туғилиш кўрсаткичи бўйича биринчи ўринда
Нигерда ҳар йили 3 минг тонна уран қазиб олинмоқда ва жаҳон захираларининг 10 фоизи шу ерда жойлашган. Ғарбий Африкадаги бу давлат гарчи уран ишлаб чиқариш ҳажмлари катталиги бўйича дунёда Канада ва Австралиядан кейин учинчи ўринда турса-да, аҳолисининг 60 фоизи ёки 15 миллиони қашшоқлик чегарасида яшамоқда.
Нигер туғилиш кўрсаткичи юқорилиги бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Бу ерда битта аёлга ўртача 6,9 туғруқ тўғри келмоқда. 60 йил муқаддам мустақилликка эришилганда бу ерда атиги 3 миллион аҳоли бўлган бўлса, ҳозирга келиб улар сони 25 миллион нафарга етди.
Бироқ 15-24 ёшдаги 17 фоиз хотин-қизлар саводсиздир.
Икки ўт орасида
Аслида Ливияда Муаммар Каддафий ҳокимиятдан четлаштирилганидан сўнг бутун Шимолий Африкада радикал кайфият кучайиб, қонуний қуролли тузилмалар фаоллашиб кетди, беқарорлик кучайди.
80 фоиз ҳудуди Саҳройи Кабир чўлида жойлашган Нигер давлати «Боко Харам» террорчилар гуруҳи кенг ҳаракат қиладиган Чад кўли минтақасида хавфсизликни таъминлаш учун муҳим роль уйнайди. Ҳозир у икки ўт орасида яшамоқда.
Жанубий қўшниси Нигерия билан чегарасида «Боко Харам» гуруҳи бот-бот ҳужум уюштираётган бўлса, ғарбий қўшниси Мали билан ёндош ҳудудларида «Ал Қоида»нинг бўлинмалари – «Буюк Сахарда Ислом давлати» билан қаттиқ курашишга тўғри келмоқда.
Январь ойида ҳам Нигер шимоли-ғарбидаги Тиллабери туманида террорчилар 100 нафар тинч аҳолини ўлдириб кетган эди. Бундай оғир шароитда мамлакат ташқи ёрдам олмасдан якка ўзи курашишга қодир эмас. «Боко Харам»га қарши Чад, Камерун, Нигер ва Нигерия билан коалиция тузган.
Шу билан бирга, бу ерда Франция ва АҚШ Қуролли кучлари Африка қўмондонлиги аскарлари ҳукумат кучларига террорчиларни йўқ қилишда ёрдам кўрсатиб келмоқда. Пентагоннинг Африкада ҳарбий кучлари сони кўплиги бўйича Нигер (800 нафар) Жибутидан кейин (4 минг нафар) иккинчи ўринда туради. АҚШ бу ерда қирувчи самолётлар ва зарба берувчи учувчисиз қурилмалар жойлашган базасига эга.
Бундан ташқари, Нигер орқали Ливияга Африка мамлакатларидан Европага асосий миграция йўналишлари ўтади. Бу ердан эса денгиз орқали Европа жанубий қирғоқларига асосан, Италияга улар ноқонуний йўллар билан кириб олишади. Европа давлатлари, айниқса Италия бу борадаги кураш мақсадида ўтган йилиги катта миқдорда маблағ ажратди.
Пандемия сабабли бу маблағларнинг ажратилмай қолиши аҳолининг иқтисодий аҳволини янада оғирлаштирмоқда.
Гулрухсор Равшанова,
Халқаро шарҳловчи
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter