Қидирувга берилган жиноятчи Полшадан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди
Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси ходимлари томонидан катта миқдорда фирибгарлик содир этгани учун халқаро қидирувда бўлган жиноятчини экстрадиция қилиш бўйича процедура амалга оширилди.
Интерполнинг Варшава ва Тошкент Миллий марказий бюроларининг ҳамкорликдаги фаол саъй-ҳаракатлари натижасида 2022 йилнинг март ойида Полшада Интерполнинг Қизил хабарномасига алоқадор шахс сифатида ҳибсга олинган, ҳуқуқ-тартибот идораларимиз томонидан фирибгарлик учун қидирувга берилган жиноятчи Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилинди.
Қидирувдаги шахс жабрланувчи Жанубий Кореяга ишлаш учун чет элга чиқиш ниятида эканини била туриб, ҳужжатларни расмийлаштириш ва мамлакатга киришга рухсат олиш бўйича ўз хизматларини таклиф қилган ва бу ишлар сарф-харажат талаб қилишини билдирган. Шу тарзда, қисқа вақт ичида фирибгар бир неча кишини пулга туширган.
Жиноятчи пулларни ўзлаштирган ҳамда ваъдасини бажармаган ҳолда чет давлатга қочишга муваффақ бўлган, бироқ Ўзбекистон ва Полша давлатлари ММБ ходимларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари натижасида қидирувдаги шахс аниқланди ва қўлга олинди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг экстрадиция тўғрисидаги сўрови қаноатлантирилгандан сўнг, Интерпол ходимлари ҳамроҳлигида шу кунларда жиноятчи Ўзбекистонга олиб келинди, уни олдинда адолатли суд кутмоқда, дейилади Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter