Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қайси вакциналарга рухсат этилган, эмлашлар сони қанчага етди — Хитой

Қайси вакциналарга рухсат этилган, эмлашлар сони қанчага етди — Хитой

Фото: «Синьхуа»

Хитойда COVID-19га қарши эмлашлар сони маълум қилинди, дейилади «Rossaprimavera» хабарида. Айтилишича, ХХР соғлиқни сақлаш давлат қўмитаси расмий сайтида бу борада ҳисобот берилган.

Қўмита маълумотига кўра, 18 июлга келиб, Хитойнинг 31 ҳудуди бўйича коронавирусга қарши эмлашлар сони жами 1 миллиард 456 миллион 557 мингтага етган.

Айнан қанча одам эмлангани, бир марта доза олганлар қанча, икки марта доза олганлар қанчалиги маълум қилинмаган, одамлар қайси вакциналар билан эмланаётгани ҳақида ҳам аниқ сонлар мавжуд эмас.

Респиратор касалликлари бўйича Хитойнинг етакчи мутахассиси Чжун Наньшань баёнотига кўра, ХХР июль ойи бошида аҳолисининг 40 фоизини, йил охирига бориб 80 фоизини эмлашни режалаштирган. Ҳозирча аҳолининг неча фоизи эмлаб бўлингани тўғрисида ҳам расмий маълумотлар йўқ.

Сўнгги рўйхатга олиш натижаларига кўра, Катта Хитой (материк)да 1,4 миллиард аҳоли яшайди.

Маълумот учун: Хитойда оммавий фойдаланиш учун тўрт хил вакцинага, жумладан, Beijing Kexing Zhongwei Biotechnology (Sinovac таркибида), Ухань био дори-дармонлар тадқиқотлари институти (Sinopharm таркибида) ва China National Biotech Group (Sinopharm таркибида) томонидан ишлаб чиқарилган инактивация қилинган уч хил вакцинага рухсат берилган.

Шунингдек, CanSino Biologics компаниясининг Ad5-nCoV аденовирус векторига асосланган COVID-19га қарши Хитойда ягона рекомбинат вакцинаси тасдиқланган.

Хитойда эмлаш бепул ва ихтиёрий равишда амалга оширилмоқда, дейилади хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг