Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қарздорларга қарз суммасидан кўп жарима қўлланмаслиги белгиланмоқда

Қарздорларга қарз суммасидан кўп жарима қўлланмаслиги белгиланмоқда

Бугун, 22 июнь куни Сенатнинг қирқ иккинчи ялпи мажлиси чақирилди.

Унда сенаторлар қатор қонун ҳужжатларини, жумладан, ижро ҳужжатларини ижро этмаганлик учун солинадиган маъмурий жарима миқдорини белгилаш тартибига ўзгартириш киритилаётгани боис Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақидаги Қонунни ҳам муҳокама қилдилар.

Сенаторларнинг қайд этишича, амалдаги тартибга кўра ижро ҳужжати бўйича қарздор ундирилиши лозим бўлган қарздорликни ўз вақтида тўламаса, Мажбурий ижро бюроси томонидан қарздорга нисбатан маъмурий жарима қўлланилиши, ушбу жариманинг миқдори эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра фуқароларга нисбатан 300 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача, мансабдор шахсларга нисбатан 1,5 млн сўмдан 3 млн сўмгача белгиланиши мумкинлиги қонунчилик билан мустаҳкамлаб қўйилган.

Ялпи мажлисда Сенаторлар, табиий равишда фуқароларнинг тўлов қобилиятига салбий таъсир кўрсатаётган бу каби амалиётдан воз кечиш зарурлиги таъкидланди.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган тегишли ўзгартишларга кўра, келгусида қўлланиладиган жариманинг миқдори ижро ҳужжатида ундирилиши белгиланган суммадан юқори бўлиши мумкин эмаслиги белгиланяпти.

“150 минг сўм қарзни тўламаганлик учун 300 минг сўм жарима солиш – бу адолатдан эмас, албатта. Қолаверса, бундай амалиёт янги конституциявий қоидага, яъни фуқарога қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чораси мутаносиблик принсипига асосланиши ва етарли бўлиши кераклиги қоидасига  мутлақо зид.

Ёки маъмурий жарималарни МИБнинг исталган ижрочиси эмас, балки фақат раҳбар ходимлари қўллаши мумкинлигига оид норма ҳам эътиборга молик деб ҳисоблаймиз”, – дейди Сенат раиси Танзила Нарбаева.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг