Путин Тўқаев билан учрашувда яна ўнғайсиз ҳолга тушди
9 ноябрь куни Остонада ўтган Қозоғистон ва Россия президентлари учрашувида ўнғайсиз вазият юзага келди. Меҳмон давлат раҳбари Владимир Путин мезбон мамлакат етакчиси Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг исм-шарифини айтишда икки бор хатога йўл қўйди.
Биринчи марта Путин Тўқаевнинг отаси исмини «Кемелевич» деб эмас, балки «Келемич» деб талаффуз қилди. Айни шу учрашувнинг ўзида у қозоғистонлик ҳамкасбини «Кемель Жомартович» деб атади, сўнг хатосини тўғрилади.
Аввал хабар берганимиздек, президентларнинг Остонадаги музокараси якунида бир қатор ҳужжатлар имзоланди.
Путиннинг Тўқаев исм-шарифини янглиш тарзда айтиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Масалан, у 2022 йил январь ойида ҳам Қосим-Жўмарт Камолович Тўқаевни «Касам Жемель Кемельич Токаев» деб атаган эди. Россия федерал телеканаллари ушбу ҳолат акс этган лавҳани монтаж қилган ҳолда эфирга узатган. Интернет орқали жонли эфирда эса чалкашликни яшириб бўлмаган.
Ҳозирга қадар Тўқаевнинг ўзи Путиннинг бу каби хатоларига муносабат билдирмаган. Айрим таҳлилчилар Путин атайин шундай қилади деб ҳисоблайди. Бошқа бир гуруҳ таҳлилчилар эса Кремль хўжайини кексалиги важидан Тўқаевнинг исм-шарифини тўғри ва аниқ талаффуз қила олмайди деган фикрда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter