Пригожиннинг ўлимига Кремл алоқадорми? Песков баёнот берди
Тадбиркор Евгений Пригожиннинг авиаҳалокатга учрашига Кремлнинг алоқадорлиги ҳақида қатор маълумотлар янгради. Ҳолатга Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков муносабат билдирди.
Аввалроқ, 24 август куни Россия президенти Владимир Путин бизнесмен самолётининг ҳалокати ҳақида гапирганди. У ўз чиқишида Пригожинни тақдири оғир бўлган истеъдодли инсон сифатида тилга олади.
Песковнинг сўзларига кўра, Твер вилоятида содир бўлган авиаҳалокат бўйича кўплаб тахминлар пайдо бўлган. «Буларнинг барчаси мутлақо ёлғон», дейди у.
Пригожин 23 август куни Embraer бизнес-жети ҳалокатида яна тўққиз киши билан бирга вафот этганди. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Тергов Твер вилоятидаги самолёт ҳалокати сабабларининг бир нечта версияларини кўриб чиқмоқда, улар орасида учувчи хатоси, техник муаммолар ва ташқи таъсирлар ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз, Пригожиннинг самолёти ҳалокатга учраганига муносабат билдирган АҚШ президенти Жо Байден ҳам ҳодисалар ортида Путин тургани бўлиши мумкинлигини истисно этмади.
«Очиғи, бундан ҳайрон бўлмадим. Россияда ортида Путин турмаган ҳодисалар камдан-кам рўй беради. Лекин бу борада аниқ жавоб айтишга ҳали етарли маълумотим йўқ», – деган Ж.Байден.
Жорий йил 30 июнь куни Украина мудофаа вазирлиги Разведка бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Кирилл Буданов Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Пригожинни йўқ қилиш ҳақида буйруқ олгани, буйруқ қачон ижро этилиши «вақт масаласи» эканини маълум қилган эди.
Июль ойида АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) директори Уилям Бёрнс Путиннинг қасос олиши эҳтимоли юқори эканини таъкидлаб, Пригожин ўлдирилиши мумкинлигига ишора қилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter