Президент Трамп тарафдорлари уюштирган парадда бир неча қайиқ чўкиб кетди
Президент Дональд Трамп тарафдорлари томонидан Техас штати Трэвис кўлида уюштирилган қайиқлар паради кўнгилсизлик билан якунланди. Хабарларга қараганда, бир неча қайиқ ўзаро тўқнашган. Оқибатда 4 та қайиқ кўл тубига чўккан, айримлари тошларга бориб урилган.
Мўъжиза туфайли қурбонлар бўлмаган, кўлга қулаганлар қутқариб қолинган.
Маҳаллий полиция қасддан амалга оширилган жиноят ҳолатини истисно этган, аммо шунга қарамай суриштирувлар бошлаган. Қайд этилишича, қайиқлар сони кўплиги ва улар жуда яқин масофада сузгани тўқнашувларга сабаб бўлган.
«Барча қайиқлар бир пайтда ҳаракатлана бошлагани сабабли кучли тўлқин юзага келган», — дея вазиятни изоҳлаган маҳаллий полиция вакили Кристен Дарк.
Об-ҳавони кузатиш миллий маркази қайиқлар паради пайти довул рўй бермаганини маълум қилган.
Lake Travis Trump Boat Parade тадбири жорий йил ноябрда ўтадиган сайловда амалдаги президент Трампни қўллаб-қувватлаш мақсадида Фейсбук орқали ташкил этилган. Унда 2700 га яқин киши иштирок этиш истагини билдирган.
Жорий йил август ойида Портленд шаҳрида Трамп тарафдорлари уюштирган қайиқлар парадида ҳам бир қайиқ чўкиб кетган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter